Зўравонлик қурбони учун қисман адолат…
Икки мансабдорга ҳукм ўқилди, қолган тўққиз киши жазосиз қолмоқда
ИИБ ходимлари томонидан шафқатсиз калтакланиб, ечинтирилган ва видеога олинган мактаб директори Гулираъно Қосимова иши 2025 йилда Ўзбекистондаги энг даҳшатли инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳодисаларидан бири сифатида жамоатчилик диққат марказига айланди. Апрелдаги сохта “тезкор тадбир” сифатида бошланган воқеа маҳаллий ОАВда ёритилгандан сўнг катта шов-шувга сабаб бўлди. Қосимованинг жасорат билан берган интервью ва кўрсатмалари ишни судгача олиб бориб, Фурқат туман ИИБ бошлиғи ҳамда унинг ўринбосарини жавобгарликка тортилишига сабаб бўлди. Бироқ жараён фақат икки нафар айбдорни қамраб олиб, қолган тўққиз нафар ИИБ ходимлари ҳали-ҳамон жазосиз қолмоқда.
1/ Тизимли ҳуқуқбузарлик
2025 йил ноябр ойининг охирида Кува тумани жиноят ишлари бўйича суди мазкур иш бўйича ҳукм чиқарди. Фурқат тумани собиқ ИИБ бошлиғи Акмал Хўжаев ва унинг ўринбосари Жасурбек Расуловга 4 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, жазони нисбатан енгилроқ тартибдаги “манзил колония”да ўташ белгиланган. Жабрланувчиларга нисбатан қўлланилган зўравонлик ва таҳқирлаш даражаси инобатга олинганда, бу жазо жуда енгил ҳисобланади.
Гулираъно Қосимова ва унинг таниши, туман солиқ инспекцияси собиқ раҳбари Қурбонали Абдураҳмонов 2025 йил 17 апрель куни сохта операция қурбонига айланган. Бу “операция” Абдураҳмонов туман ИИБ бошлиғининг ходимлар учун 20 та телевизор олиб бериш талабини рад этганидан кейин, унга “зўрлаш” айбловини “бўйнига илиш” мақсадида уюштирилган.
Қосимова Абдураҳмоновнинг уйига келган пайтда, ўн нафар ИИБ ходими эшикни қоқмасдан бостириб кириб, уларни калтаклаб, ечинтириб видеога олган ва Қосимовадан камера олдида Абдураҳмоновга қарши кўрсатма беришни талаб қилишган.
Судда икки асосий айбдорга бир қатор оғир жиноятлар қўйилди: шахснинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилиш, фуқароларнинг турар жойи дахлсизлигини бузиш, ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш, тезкор-қидирув фаолияти натижаларини сохталаштириш, қалбакилаштириш, қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш жиноятларини содир этганликда айбли деб топган. Бироқ бу жиноятда бевосита иштирок этган яна тўққиз киши умуман жавобгарликка тортилмади ва ўз фаолиятини давом эттирмоқда.
Октябрь ва ноябрь ойлари давомида суд жараёни асосий гувоҳларнинг келмаслиги, “давлат сирлари” баҳонаси билан ёпиқ эшитувлар ўтказилиши ва ОАВнинг залдан чиқариб юборилиши билан мураккаб кечди. Қосимова эса камситувчи муносабатларга қарши норозилик билдиргани учун суд залидан чиқариб юборилди. 7 ноябрда унинг очиқ видеомурожаатидан сўнг суд 12 ноябрдан бошлаб жараённи матбуот учун очди.
Бир-бирига зид кўрсатмалар ва мувофиқлаштирилган зўравонлик
18 октябрь ва 25 ноябрдаги суд эшитувлари воқеадаги зўравонлик масштабини англаш учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди. Сохта “операция” вақтида Абдураҳмонов ўзини калтаклаб пастга судраб туширишгани, Қосимова эса юқори қаватда бир неча ходим билан қолдирилгани ва унинг чинқириқларини эшитиб турганини айтиб берди. Унинг сўзларига кўра, иккаласини ҳам мажбурлаб бир хонага киритиб, “жинсий муносабат” бўлгани ҳақидаги сохта далилни яратиш учун видеога олишга уриниш ҳаракатлари пайтида, ўзини тузоққа туширишмоқчи бўлишганини тушунган.
Кейинги кўрсатмалар айбланувчиларнинг ўз хатти-ҳаракатларини изоҳлашдаги жиддий зиддиятларни очиб берди. Хўжаев амалиётни вояга етмаган шахс билан боғлиқ гумонли ҳолатнинг олдини олиш бўйича “тезкор тадбир” сифатида тасвирлади, бироқ воқеалар ривожи, вақт ва сабаблар ҳақидаги баёноти видеоёзувлар ва ИИБ қўнғироқ журналлари билан кескин қарама-қарши келди. У Қосимованинг тан жароҳатлари, таҳқирланиши ва мажбурланиши учун жавобгарликни инкор этиб, ўз баёнотини ўқиб эшиттиргандан кейин прокурорнинг саволларига жавоб беришдан бош тортди.
Хўжаевнинг ўринбосари Расуловнинг кўрсатмалари ҳам вазиятга ойдинлик киритмади. У “фақат буйруқни бажарганини” айтди ва бир неча ҳафта аввал солиқ инспектори уйидаги “гумонли ҳолат” ҳақида қўнғироқ келиб тушганини даъво қилди. Унинг таъкидлашича, Қосимова ва Абдураҳмонов “номақбул ҳолатда” ушланган, барча зўравонлик айбловлари эса ОАВ томонидан “бўрттирилган ва адолатсиз”.
Эшитувлар давомида эса тергов жараёнида бир хил кўрсатма берган айрим ходимлар судда кескин бошқача баёнот беришди. Бу эса айбни яшириш ва саволлардан қочиш учун мувофиқлаштирилган ҳаракатлар бўлиши мумкинлиги ҳақида жиддий шубҳалар уйғотди.
Қисман адолат
28 ноябрь кунги қарорда суд фақат икки айбдорни жиноий жавобгарликка тортди, аммо ҳукм матнининг ўзи ҳодисада бевосита иштирок этган камида тўққиз нафар бошқа ходимни ҳам тан олди. Улардан баъзилари Қосимова ва Абдураҳмоновни калтаклагани, камераларни навбатма-навбат ёқиб-ўчириб турган ҳолда зўравонликни ёпмоқчи бўлгани, Қосимовадан сохта ариза ёзиб беришни талаб қилгани судда аниқ қайд этилган. Шунга қарамай, ушбу ходимларнинг бирортаси ишдан четлатилмаган ёки айблов қўйилмаган.
Ҳукмдан кейин Қосимова Kun.uz сайтига берган интервьюда суд ишининг якунланганидан енгил тортгани, аммо адолат ҳали тўлиқ қарор топмаганини айтди:
«… бу, ишонинг, сиз ўйлаган даражада хурсанд бўладиган ҳолат эмас. Тўғри, ҳақиқат қарор топяпти… Ўша жойда бўлган, қатнашган, қолган ички ишлар ходимларининг ҳаракатлари ҳам ўрганиб чиқилиши юзасидан хабарнома вилоят прокуратурасига юборилди».
Бу иш қонунни селектив қўллаш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги мавқе ва таъсир омиллари суд тизимида қандай устувор аҳамият касб этаётганини жуда очиқ кўрсатди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича “Ўзбек Форум” ташкилоти аввалроқ қашқадарёлик ўқитувчи ва ҳуқуқ ҳимоячиси Дилдора Ҳақимовага нисбатан ўта шафқатсиз жазо қўлланаётгани ҳақида ҳам хабар берган эди. У шубҳали “талончилик” айбловлари билан 6 йилга ёпиқ турдаги қамоқхонага ҳукм қилинган, чақалоқ қизини ҳам уч ойда бир марта кўра олади. Соғлиғи кечиктириб бўлмас даволанишни талаб қиладиган оғир тиббий ҳолати ҳам ҳукуматни жазо ёки қамоқ шартларини енгиллаштиришга ундай олмади.
Ўзбекистон ҳукумати суд-ҳуқуқ ислоҳотларини инсон ҳуқуқларини мустаҳкамлашга қаратилган кенг мажбуриятларнинг бир қисми сифатида намоён қилаётганини таъкидлаб келади. Бироқ ушбу кейслар қийноқ ва зўравонлик ҳолатлари ҳали-ҳамон жазосиз қолиши мумкинлигини яққол кўрсатиб турибди.
Ҳукумат жабрланувчи томонидан номи кўрсатилган барча ходимларни дарҳол лавозимидан четлатиб, тўлиқ, шаффоф ва холис тергов ўтказиши шарт. Фақат ҳар бир айбдор жавобгарликка тортилганида ва қийноқ барча даражада мутлақ рад этилгандагина Ўзбекистон ҳақиқий ислоҳотларга содиқ эканини амалда намоён этади.
Обуна бўлинг: https://t.me/UzFoHR
