close
close
Асосий мавзулар
10 декабр 2025

«Водийда ўлиш тақиқланган» 6-қисм

close

«ЭРК» ПАРТИЯСИ

Ниҳоят, 1990 йил феврал ойида соф сиёсий мақсад ташиган илк ташкилот қурилди. Бу «Эрк» партияси эди.

Бу ташкилотни қуриб, унга ном берганлар ҳам «Бирлик»ни қуриб, унга ном берган адиблар эди. Уинстон Черчиллнинг бир гапи бор: «Баъзилар эътиқодлари учун партияларидан воз кечадилар. Баъзилари эса партиялари учун эътиқодидан воз кечадилар», деганди бу инглиз сиёсатчиси.

Биз эътиқодимиз учун «Бирлик»дан воз кечиб, Совет Иттифоқи тарихида илк миллий партия бўлган «ЭРК» ташкилотини қурдик. Чунки бизнинг эътиқодимиз, умр бўйи орзу қилган ҳадафимиз юртимизнинг мутлақ озодлиги, унинг том маънодаги ЭРКи эди.

«Бирлик» раҳбариятига кириб олган КГБ сарқити коммунистлар эса «Ўзбеклар СССРдан айрилмаслиги керак, аввал демократия, кейин мустақиллик» деган шиорни кўтариб чиқдилар. Ва «ЭРК» партияси муассисларини «Бирлик»ни парчалади, дея айбладилар. Биз эса, давлат мустақиллигини ҳар нарсадан устун қўйдик.

САЙЛОВ

1990 йил 18 февралда Ўзбекистон Олий Кенгашига сайлов ўтказилди.

Бу сайловга “Профессорлар шаҳарчаси”дан Тошкент давлат Университети муаллимлари ва талабалари томонидан номзод қилиб кўрсатилдим.

Ҳукумат бутун Ўзбекистон бўйлаб мустақил номзодларга қаршилик қилмаганидай, менинг номзодимга ҳам қаршилик қилмади. Бу сайлов Москванинг вассали бўлган «суверен» Ўзбекистоннинг илк нисбатан эркин сайлови бўлди, дейиш мумкин. Албатта, Ислом Каримов ўз одамлари рўйхатини ўтказди, аммо хўжакўрсинга бўлса ҳам бизга ўхшаган система одами бўлмаган кишиларга ҳам «квота» беришга мажбур бўлди.

Бунинг тагида Нишонов даврида шаклланиб улгурган «Бирлик» ва янги қурилган «ЭРК» партияси аъзоларини ўз тарафига тортиш тактикаси ётарди, албатта. Натижада Олий Кенгашга 5 фоиз «партиясиз» бўлган кишилар кириб қолди. Уларнинг ичида камина ҳам бор эди.

«Партиясиз» ибораси «компартия аъзоси бўлмаган киши» маъносини берарди. Мен нафақат компартия аъзоси эмасдим, балки антикоммунист эдим.

КГБ рус аҳолиси ичида дарров ташвиқот бошлаб «Муҳаммад Солиҳ депутат бўлса, хотинларга паранжи кийдириш ҳақида қонун қабул қилдиради», дея миш-миш тарқата бошлади.

Бу ташвиқот мени сайлаётган «округ»да яшовчи русларни 100 фоиз ишонтирди. Сайлов натижаларида бу яққол кўринди. «Профессорлар шаҳарчаси» деб аталган бу бўлгадаги рус сайловчилари сайловчилар умумининг 11 фоизини ташкил қилар экан. Мен ҳам овозларни нақ 89 фоизини олибман.

Руслардан ҳеч ким менга овоз бермаганди.

Бу қадар аниқ рақамни умримда кўрмагандим.

Яна коммунистларнинг парламентига илк антикоммунист кирганди.

АМЕРИКА САФАРИ

Шу қизғин кунларда Американинг Москва буюк элчилигидан АҚШ га бир ойлик сафар таклифи олдим.

Боймирза Хайит

Сафар 1 мартдан ой охиригача давом этиб, бутун Америка бўйлаб ўлканинг миллий озчилик лидерлари билан учрашиш кўзда тутилган эди. Сафарга Совет Иттифоқидан 4 киши таклиф этилганди. Бир киши Гуржистондан, икки киши Россиядан ва мен – Ўрта Осиёдан.

Менинг Америкага илк сафарим эди.

Сафарни Вашингтондан бошладик. Кейин бошқа Штатларга ўтдик. Турли халқлар вакиллари билан қизиқарли учрашувлар бўлди.

Биз Сиэтл шаҳрига келганимизда машҳур антисоветчи муаррих Боймирза Ҳайит телефон қилди. «Мен Нью-Йоркка келдим. Олмониядан махсус сизни кўриш учун келдим. Сизни шу ерда кутаман», деди.

«Туркистон жамияти” раиси Абдуллоҳ Xожа

Нью-Йоркда мени «Туркистон жамияти” раиси Абдуллоҳ Xожа кутиб олди.

Жамиятга Боймирза Ҳайит келди, қучоқлашдик, дардлашдик.

Яна Саудиялик ўзбек диаспораси лидери Зуҳриддин Туркистоний ҳам келган экан. Туркиядан келган доктор Аҳад Андижон билан ҳам ўша ерда танишдим.

Рўзи Назар

Боймирза Ҳайит билан бирга фашист Олмон армияси тузган «Туркистон легиони»да хизмат қилган Рўзи Назар билан ҳам ўша ерда танишдим. Бу киши ҳам Совет пропагандаси тарафидан, худди Боймирза Ҳайит каби, энг катта «хоин» деб эълон қилинганди.

1990 йил 24 март куни Ўзбекистон Олий Кенгашининг 12-чақириқ 1-сессиясида президентлик лавозими таъсис этилди ва бу лавозимга Ўзбекистон Компартиясининг Биринчи котиби Ислом Каримов президент этиб сайланди.

Бу – ўлкамизнинг чорак асрлик келажагини гаровга олаётган бир шахснинг сайланиши эди.

Тақдир мени бу одамга овоз бериш уятидан асради.

Бу сессия ўтганида мен Америкада эдим.

Зуҳриддин Туркистоний

Бу кишиларнинг аксарияти бизнинг миллий ҳаракатдан хабардор эди.

Хусусан, Боймирза Ҳайит каминанинг Москва нашрларида босилган мақолаларини номма-ном тилга келтирганда ҳайратда қолганимни тан оламан. Рўзи Назар ҳам CIA(СиАйЭй)нинг эски ходими сифатида кўп нарсадан хабардор эди, албатта.

Фақат уларнинг ҳаммаси худди келишиб олгандай «сизлар жуда шошилаяпсизлар, эҳтиёт бўлиб ҳаракат қилинглар, руслар ҳали кучли» деган ақлли маслаҳатлар беришни канда қилмасдилар.

Айниқса, уларга «яқинда биз Ўзбекистоннинг мустақиллигини эълон киламиз, шу мақсадда “ЭРК”партиясини туздик. Бу ташкилотнинг дастуридаги асос ғоя СССРдан ажралиб чиқиш ва янги мустақил Ўзбекистон қуриш» деганимда шошиб қолишди. Худди бизни бир фалокатдан қутқаришга чоғланган инсонлар каби куйиниб, «бироз сабр қилинглар!» дея рижо эта бошладилар.

Аҳад Андижон

Аммо мен гапнинг пўсткалласини аллақачон айтиб бўлгандим. Мен улар ҳаракатимизга совға қилган янги компьютер ва кўпайтирувчи машинани кўрсатиб, «бу техника билан «Мустақиллик Декларацияси»ни босиб, ўзбек халқига тарқатамиз яқинда, халқимиз сизларга дуо қилади шунда. Сиз ҳам ҳозир биз учун, халқимиз учун дуо қилинглар», деганим эсимда.

Америкалик ўзбеклар Ўзбекистонлик ўзбекларни шундай дуо қилишганди.

МАФИЯГА МИЛЛИЙ ВАЗИФА

Олий Кенгашга депутат бўлиб сайланишим турли ижтимой қатламларда шахсимга нисбатан маълум қизикиш уйғотди. Шулардан биттаси ҳақида қисқа бир ҳикояни диққатингизга ҳавола қилмоқчиман.

1990 йилнинг апрел ёки май ойи бошлари эди чамамда. Бир куни оқшом милиция подполковниги Олимжон Шаропов телефон қилди. «Ака, эртага эрталаб вақтингиз бўлса, бир учрамоқчи эдим», деди. Мен «уйгамас, иш жойига келинг, соат ўнда ишда бўламан», десам, подполковник, «бир нозик масала бор, мумкин бўлса, сизни уйингиз олдида кутиб турсам, кейин бирга кетсак Ёзувчилар Уюшмасига» деди.

Гапни чўзиб ўтирмаслик учун «хўп» дедим.

Бу одам машҳур Аҳмаджон Одилов билан бирга ишлаган киши эди. 80-йиллар ўрталарида Москванинг «пахта иши» деб номланган репрессив сиёсатига қарши чикиб, бегуноҳ қамалган ўзбеклар ҳимоясига мақолалар ёзгандим. Бу ҳимоя қилинганлар ичида Аҳмаджон Одилов ҳам бор эди. Подполковник Шаропов шунга миннатдорлик рамзи сифатида бизнинг янги қурилган “ЭРК» партиямизга ўзича кўмак бериб юрарди.

Эрталаб соат 9 яримда уйдан чиқдим.

Пастда Олимжон кутиб турарди.

У «ака, шофёрингизга айтинг, сизни “Дархон»да кутсин. Биз Дархонгача пиёда юрсак, йўлда сизга тушунтирсам масалани», деди.

«Айтаверинг, шу қадар сирлими масалангиз», дея бироз асабийландим.

Олимжон кечирим сўраб, «жуда муҳим, ака», деди жовдираб.

«Хўп юринг», дедим ва Дархонга қараб юра бошладик.

Подполковник юраркан ҳам ҳеч сир бермади, гапни олиб қочиб, «беш минутдан кейин айтаман муҳим гапни» деб сирли тиржайиб йўлида давом этди. Кейин Дархонга етганимизда, биз юраётган тротуарнинг соғ тарафидаги болалар паркида оғочдан қурилган бир уйча олдида тўхтадик.

Олимжон «шу уйчада бир акамиз сизни бир пиёла чойга кутаяпти, биламан нонушта қилмадингиз»– дея яна тиржайди у.

Мен бош чайқадим холос.

Тишимни қисиб, оғочдан қурилган уйчага кирдик.

Биринчи кўзимга ташланган нарса юқорида катта телевизор осилган эди. Бу менга кўпчилик бўлиб футбол матчлари томоша қилинадиган жамоат клубларни эслатди. Аммо зал ўртасида қўйилган узун столдаги ноз-неъмат клуб атмосферасига тамоман зид эди.

Биз ичкарига кириб, икки-уч одим отар-отмас ўрта бўйли қорачадан келган менинг ёшимдаги бир киши пешвоз чиқди. Ундан орқароқда бир ёш йигит турарди.

Ассалому алайкум, хуш келибсиз, ака, – дея икки қўлини узатди қорачадан келган нотаниш одам.

Саломлашдик.

Менинг исмим Ғофур, – деди ва Олимжонга юзланиб, – ҳар ҳолда айтгандир укамиз…

Йўқ, укангиз ҳеч нарса айтгани йўқ, – дедим.

Майли, қани, дастурхонга марҳамат, – дея жилмайди Ғофур ва орқасида турган йигитга «чойни опке тез»деди.

Ғофурнинг бир тиши олтиндан эди.

Дастурхон атрофига ўтирдик.

Депутатлик билан табриклаймиз ака, – деди Ғофур нон ушатаркан, – бу ишда бизга ҳам вазифа бўлса, бажонидил ёрдамга тайёрмиз, ака.

Раҳмат, – дедим мен.

Кейин унга қараб:

Узр, сиз Ғофур Раҳимовмисиз? Яъни машҳур Ғофур?,– дедим.

Ҳа, Ғофур Раҳимовман,– деди одам кулиб.

Яъни мафиози?,– дедим мен ҳам кулишга ҳаракат қилиб.

Йўғ-е, ака, бизнесменмиз, замонавий айтганда, – деди қаҳқаҳ отиб мезбон.

Кейин ўзини ўнглаб, «қани, ошдан олинг, ака!», дея илтифот қилди.

Раҳмат, мен эрталаб ҳеч нарса емайман, узр. Аммо сиз бир миллий вазифани бажаришга сўз берсангиз, шу паловдан икки-уч қошиқ олиб режимни бузишга тайёрман,– дедим кулиб.

Қўлимдан келса бажонидил, ака, – деди Ғофур қизиқсиниб, – қандай вазифа экан у?

Шу бизнинг Ёзувчилар Уюшмаси рўпарасидаги «Ўзбекистон» меҳмонхонаси остида катта ёзги ресторан-кафе бор, биласиз, – деб гап бошладим.

Ҳа, биламан,– деди мезбон.

Ўша ерда айниқса ёз ойларида бир мафиози майкада ястаниб, ҳайвон каби ароқ-пиво ичиб, ўз ҳаракатлари билан ўзбек халқини ҳақоратлаб эрталабдан кечгача маишат қилиб ётади. Шуни бу ерлардан даф қилсангиз бир миллий вазифани бажарган бўласиз. Сиз танийсизми бу маймунни?,– дедим.

Ҳа, Нарикми? Албатта, танийман. Бир гапингиз ака, уни бу шаҳардан узоқлаштирамиз,– деди мезбон.

Бу ваъдадан сўнгра режимни бузиб ошдан бир неча қошиқ олишга тўғри келди.

Ош фарғонача, лазззатли эди…

Бу учрашув ҳақда дўстларимга ҳикоя қилгандим, улар «сиз айтган армани «маймун» Ғофур билан бирга иш қилади-ку, қарға қарғанинг кўзини чўқирмиди», дея Ғофурнинг «миллий вазифани» бажаришига ишонмади. Лекин кейинги йилларда Ғофур гуруҳи арман мафиясини йўқ қилгани ҳақда хабарлар эшитдим. Бу нақадар тўғри, ҳозиргача билмайман.

Бу воқеадан кейин Ғофур Раҳимов билан кўришмадим.

Лекин Ғофур Раҳимов номи аралашган бир воқеа 2001 йили мени яна бир марта «безовта қилди».

Бу ҳақда 2001 йил воқеалари бўлимида айтиб ўтаман иншаАллоҳ..

(давоми бор)

Тағин ўқинг
2 июн 2021
Rost24 нашри депутат Сафар Остоновнинг қонунга хилоф тарзда газета бош муҳаррири бўлиб қолаётганига эътибор қаратди. Мақолада билдирилишича, Сафар Остонов ...
1 январ 2024
Элтузнинг Ютубдаги канали орқали ўтган йил давомида энг кўп томошабинлар эътиборини тортган видеолар ўнталигини тақдим этади. Эслатиб ўтамиз, улар Ютуб статистикаси ёрдамида танланди ва у ердаги устивор мавзу жиноят оламига экани ойдин бўлди. Холбуки Элтузнинг ўтган йилги сўровларида Элтуз мухлислари кўпроқ давлат сиёсати, маданият ва санъатга оид кўрсатувлари томоша қилиш истагини билдиришган эди. ...
5 декабр 2016
«Отаси» ўлиб, етим қолган Ўзбекистон телеканаллари ноябрь ойида асосий эътиборини сайлов мавзусига, ундан ҳам муҳимроғи сайловда 88,6 фоиз овоз ...
2 март 2021
Бугун мен учун ва мен мансуб бўлган миллат учун азиз инсон – Совет Иттифоқининг илк ва сўнгги президенти Михаил ...
Блоглар
10 декабр 2025
«Ўлди деб ëзманг» дея ëқамдан олишди «Ўлмас ака ўлди» деб  ëзсам. Улар арабча ëзишимни истайди. ...
9 декабр 2025
II РЕФЕРЕНДУМ Совет Иттифоқини сақлаб қолиш учун Москва жон-жаҳди билан ҳаракат қила бошлади. Лекин бу ...
7 декабр 2025
Умуммиллий тотувлик, ҳамжиҳатлик муҳити Ўзбекистоннинг эътироф этилган хусусиятларидан биридир. Юртимизда яшовчи 130 дан зиёд миллат ...