Яккабоғда ер тортиб олиш “схемаси” ва тил бириктирган учлик
Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида фаолият юритувчи фермер Насиба Турдиева сўнгги беш йил давомида фермер хўжалигитаркибида бўлган ерни ноқонуний тарзда тортиб олишгани ортидан курашиб келмоқда.
Ушбу ер Яккабоғ тумани ҳокимининг буйруғи билан, гуёки Турдиеванинг “ихтиёрий равишда ер ижара шартномасини бекор қилиш” тўғрисидаги аризаси асосида олиб қўйилган. Турдиева 2005 йилда 49 йил муддатга ер ижара шартномаси асосида ажратилган ушбу ерда дон ва узум етиштириб келган. Унинг айтишича, ер аввал ташландиқ ҳолда бўлиб, 20 йил давомида сув билан боғлиқ кўплаб қийинчиликларга қарамай, у оила аъзолари ёрдамида узум ва олма боғи барпо этган ва ҳар йили давлат томонидан белгиланган ишлаб чиқариш режаларини бажариб келган.
Сўнгги 20 йил ичида Ўзбекистон ҳукумати қишлоқ хўжалиги ер майдонларини бир неча бор тартибсиз, хаотик тарзда “оптималлаштириш”ни амалга оширди. Бу “ер ресурсларидан самарали фойдаланиш” баҳонасида фермер хўжаликларининг ер майдонлари баъзан қисқартирилиб, баъзан кенгайтирилишига олиб келди.
Ер майдонларининг оммавий тарзда тортиб олиниши ва қайта тақсимланиши тизимли равишдаги ноқонуний ҳолатларни очиқлаб, коррупция, фермерларнинг ҳуқуқ ва манфаатларининг топталиши, давлат томонидан ер ижара шартномаларининг бир томонлама бекор қилиниши учун компенсация талаб қилишнинг амалда имкони йўқлиги билан бирга кечди.
Насиба Турдиева “Fermer.Uz” телеграм каналида 2019 йил 24 январь куни Яккабоғ туманининг ўша пайтдаги ҳокими Шомурод Донаев унинг “Тухтаев Туйчи Амирович” номли фермер хўжалигига тегишли 22,7 гектар ер майдонини туман захирасига қайтариш тўғрисида буйруқ чиқарганини очиқлаган. Ерни тортиб олиш учун кўрсатилган ягона асос сифатида гўёки Насиба Турдиева томонидан туман ҳокими номига ёзилган “узоқ муддатли ер ижара шартномасини ихтиёрий равишда бекор қилиш тўғрисидаги ариза” бўлган.Бироқ Турдиева бундай аризани ҳеч қачон ёзмаганини таъкидлайди.
Бундан ташқари, ушбу ер майдонлари сўнги ўн йил давомида фермернинг оиласи учун ягона даромад манбаи ҳисобланиб, у тирикчилигидан маҳрум бўлиш арафасида турибди. Турдиева бу ерларни сақлаб қолиш учун охиригача курашишга тайер.
Ҳокимият томонидан ерларни “ихтиёрий” тарзда ижарадан чиқариш йўли билан мусодара қилиш усули кенг қўлланилиб, бу ишда мансабдоршахслар ўта бепарволик билан ҳатто ҳужжатларни қалбакилаштиришга йўл қўйганиҳолат ҳам аниқланган. Гўёки Турдиева ёзган аризанинг нусхасида ариза “Н. Тухтаев” номидан ёзилган ва “Н. Туйчиев” номи билан имзоланган — бу шахслардан ҳеч бири Турдиевага таниш эмас. Кўриниб турибдики, аризани қалбаки тайёрлаган шахслар фермер хўжаликнингҳақиқий раҳбари ким эканини аниқлашга ҳам уринмаган, балки хўжалик номи “Тухтаев Туйчи Амирович”ни фермернинг исми деб ўйлаб, шу номдан фойдаланган.
Яқинда Турдиева Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёевага йўллаган шикоятхатида очиқ-ойдин қалбаки ариза асосида унинг ер майдони ноқонуний тортиб олинганига қарамай, прокуратура, суд ва ҳокимият бир ёқадан бош чиқариб, унинг ишини кўриб чиқишдан бош тортаётганини билдирган.
2025 йил 21 ноябр куни Қашқадарё вилояти Апелляция суди Турдиеванинг иштирокисиз унинг шикоятини рад этиб, ҳоким қарорини ўз кучида қолдирди. Суд бунга асос сифатида Турдиева маъмурий судга мурожаат қилиш учун белгиланган 6 ойлик муддатни узрли сабабларсиз ўтказиб юборганлигини келтирган.
Суд қарорига кўра, “Биринчи инстанция судида Н. Турдиева аризани шахсан ўзи имзоламаганини ва имзо унга тегишли эмаслигини билдирган бўлса-да, суд Маъмурий суд ишларини юритиш кодексининг 186-моддаси 1-қисмига мувофиқ, шикоят бериш муддати шахс ўз ҳуқуқлари бузилганини билган пайтдан эътиборан 6 ойни ташкил этишини кўрсатади”.
Турдиева ер тортиб олинганини фақат 2020 йил охирида, ер аукционга қўйилиб, янги эгасига ўтгач, у келиб ерни бўшатишни талаб қилганидан кейин билган. Турдиева ерни бўшатишдан бош тортгач, янги эгаси 2023 йил октябрда фуқаролик судига мурожаат қилган ва суд Турдиеванинг ердан жисмонан чиқариб юборилиши ҳақида қарор чиқарган.
Ҳатто ҳокимият трактор юбориб унинг даласини ҳайдатишга ҳам уринган, аммо Турдиева қўрқмаган ва тракторнинг киришига тўсқинлик қилган.
Турдиева ҳануз таслим бўлмаяпти ва умид билан турли давлат идораларига мурожаат қилишда давом этмоқда. Ҳозиргача бирор суд унинг адвокати томонидан келтирилган, ҳеч бўлмаганда қонунга мувофиқ компенсация олиш ҳуқуқи ҳақидаги далилларни тан олмади.
“Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 206-моддасига мувофиқ, давлат органи қарори асосида ер участкасининг тортиб олиниши, унда турар жой бинолари, бошқа иншоотлар ёки қишлоқ хўжалиги экинлари мавжуд бўлган тақдирда, фақат қонунда белгиланган ҳолатлар ва тартибда амалга оширилиши мумкин. Бунда мулкдорга мулк ҳуқуқи асосида тенг қийматли мулк берилиши ёки етказилган зарар тўлиқ қоплаб берилиши шарт”, — деб ёзилган Турдиеванинг даъво аризасида.
Турдиева — Ўзбекистон давлат органларининг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги тизимли ноқонунийхатти-ҳаракатлари ва ёмон бошқаруви қурбонига айланган юзлаб фермерлардан бири. “Ер давлатники” деган баҳона билан Ўзбекистон ҳукумати мол-мулк ҳуқуқини мунтазам равишда бузиб, ҳанузгача ерларни оммавий қайта тақсимлашни амалга оширмоқда. Маҳаллий ҳокимият органлари эса қонуний асосларсиз босим ва куч ишлатиб, фермерларни узоқ муддатли ер ижара шартномаларини “ихтиёрий” равишда бекор қилиш тўғрисида ариза ёзишга мажбур қилиб келмоқда.
