Ёзувчилар Уюшмаси ижодкор учун тузилмами ё тўсиқ?
Ўзбекистонда Ёзувчилар уюшмаси кўп йиллар давомида адабий ҳаётни ташкил этувчи асосий институт сифатида фаолият юритиб келмоқда. Унинг тарихи, шубҳасиз, миллий адабиёт тараққиёти билан боғлиқ.
Бироқ уюшмадан ижодкорларнинг ишончи ва меҳри анча қайтган. Чунки замон ўзгарди, ижод шакллари, эркин фикрга бўлган эҳтиёж кучайди, аммо уюшманинг ишлаш принциплари кўп жиҳатдан ўтмишда қолиб кетгандек.
Аввало, уюшманинг асосий муаммоларидан бири – унинг ҳаддан ташқари бюрократиклашиб кетганидир. Ижодкор бўлган инсоннинг асосий иши – ўқиш, ўйлаш, изланиш ва ёзиш.
Лекин амалда уюшма аъзолари турли хат-ҳужжатлар, ҳисоботлар, йиғилишлар ва расмий тадбирлар билан ўралашиб қолган. Қачонки ёзувчи ўз вақтининг катта қисмини қоғозбозликка сарфласа, ижод учун зарур бўлган ички эркинлик ва диққат сусаяди. Бу ҳолатда уюшма ижодни қўллаб-қувватловчи эмас, балки уни барбод қилувчи тузилмага айланиб қолмоқда.
Иккинчи жиддий масала – “мажбурий мавзулар” ва ижодий “заказ” амалиётидир. Одатда уюшма аъзоларига турли сана ва юбилейлар, расмий ғоялар ёки маълум концепцияларга бағишлаб шеър ва асарлар ёзиш талаб қилинади. Бу эса адабиёт қонунига зид.
Чин адабиёт буюртма билан эмас, ички эҳтиёж, дард ва фикрдан туғилади. Мажбурий мавзуларда ёзилган асарлар кўпинча жонсиз ва таъсирсиз бўлади. Энг ёмони, бундай амалиёт ёш ва мустақил фикрлайдиган ижодкорларнинг овозини ўчиради, уларни тизимга мослашишга мажбур қилади. Ёзмаса – мукофот бермайди, ёзса – ижодий ўсмайди, мартабаси ўсади…
Уюшманинг замондан ортда қолгани масаласи ҳам мавжуд. Бугун ижодкор учун бирлашишнинг янги шакллари бор: онлайн платформалар, мустақил адабий клублар, халқаро лойиҳалар.
Ёзувчи ўз асарини нашр қилиш, ўқувчи топиш учун энди газета, журнал ёки сайтлар раҳбарларининг қош-қовоғига қараб қолиши шарт эмас. Аммо уюшма ҳали ҳам ўзини адабий жараённинг маркази сифатида кўради ва кўп ҳолларда альтернатив йўлларни танлаган ижодкорларга нисбатан бепарво ёки совуқ муносабатда бўлади. Бу эса соғлом рақобат ва фикрлар хилма-хиллигини чеклайди. Ўзига қарашли нашрларда чоп этилган асарларни устун кўриб, қолган ижод намуналарини паст кўради.
Албатта, Ёзувчилар уюшмасини бутунлай инкор этиш ҳам нотўғри. Агар у ҳақиқатан ҳам ижодкор манфаатини ҳимоя қилса, эркин фикр ва экспериментлар учун майдон яратса, ижодий грантлар ва имкониятлар таклиф этса, у ҳолда бундай тузилма жамиятга фойда келтириши мумкин. Лекин бунинг учун уюшма ўзини қайта кўриб чиқиши, бюрократиядан воз кечиши ва “назорат қилувчи” эмас, “қўллаб-қувватловчи” институтга айланиши шарт.
Бугун тараққий этган замонда “бу тартибда ишлайдиган Ёзувчилар уюшмаси керакми?” деган саволдан кўра, “у қандай бўлиши керак?” деган саволга бутун ўзбек зиёлилари жавоб излаши керак. Агар у ижодкорнинг эркинлигига тўсқинлик қилса, уни буюртма ва ҳисоботлар билан боғлаб қўйса, бундай уюшманинг кимга кераги бор?
Замон билан ҳамнафас, очиқ ва эркин фикрни қадрлайдиган тизимгина бугунги адабиётга ҳақиқий хизмат қила олади. Зеро, ижод эркинликда туғилади.
