Судьялар ишдан олинди, лекин туб муаммолар ўзгармади
Куни кеча Элтуз Ўзбекистон Республикаси Президенти фармойиши ва Судьялар олий кенгаши қарори асосида Тошкент шаҳар судининг бир қатор судьялари лавозимидан озод этилгани ҳақида хабар берди. Расмий баёнотда сабаб сифатида “одил судловни амалга ошириш чоғида қонунийликни бузиш” қайд этилди.
Бир қарашда гўё тизим ишлаяпти, айбдорлар жазоланяпти. Аммо ушбу қарорлар ортидан келиб тушган маълумотлар бутунлай бошқа, анча хавотирли манзарани очиб бермоқда.
Суд қарорлари судда эмас, “докладда” қабул қилинаётгани ростми?
Манбаларнинг айтишича, Ўзбекистон суд тизимида йиллар давомида шаклланган норасмий, аммо барқарор амалиёт мавжуд. Хусусан, апелляция, кассация ва ҳозирги “тафтиш” инстанцияларида ишлар суд мажлисида эмас, ундан бир кун олдин ҳал бўлади.
Амалиёт қуйидагича: апелляция ёки кассация ҳайъатидаги маърузачи судьялар эртанги ишлар бўйича суд раиси ёки унинг ўринбосарига доклад қилади. Раис ёки зам эса “буни қаноатлантирасан”, “буни рад қиласан” деб аниқ кўрсатма беради. Судья блокнотига плюс ёки минус қўяди. Эртага бўладиган суд эса, амалда, тайёр сценарий бўйича ўтадиган спектакль холос.
Қарор эса аллақачон қабул қилинган бўлади.
Судья мустақиллиги қаерда қолди?
Қонунга кўра, судья мустақил ва фақат қонунга бўйсунади. Аммо амалда қарорлар раис ва ўринбосарлар назоратида қабул қилинса, бундай тизимни мустақил суд дейиш мумкинми?
Агар Тошкент шаҳар судида ишдан олинган судьялар ҳақиқатан ҳам “кўрсатма билан ишлаган” бўлса, бу алоҳида шахсларнинг эмас, бутун тизимнинг айби. Агар эса улар мустақил қарор қабул қилган бўлса-ю, раҳбарият “нега назорат қилмадинг” деган баҳона билан жазоланган бўлса, бу янада хавфли прецедент. Чунки бундай ҳолатдан кейин ҳар қандай янги раис ёки зам ўз ўрнини сақлаб қолиш учун ҳар бир ишни шахсан назорат қилишга ўтади.
Бу эса судья мустақиллигининг тўлиқ барҳам топишига олиб келади.
Вилоят судларида вазият янада оғир
Манбаларга кўра, Самарқанд, Навоий каби вилоят судларида бу амалиёт азалдан шаклланган. У ерларда иш тақдири кўп ҳолларда суд мажлисида эмас, раис ёки ўринбосар кабинетида ҳал қилинади.
Шу боис айрим ҳуқуқшунослар суд тизимида “раис” ва “раис ўринбосари” деган лавозимларни қисқартириш ёки тугатиш таклифини илгари сурмоқда. Чунки ҳозирги тизимда судья давлат топшириғини бажарадиган “робот”га айланиб қоляпти.
Тафтиш инстанцияси ислоҳоти муаммони чуқурлаштирдими?
2024 йил 1 январдан тафтиш инстанцияси ваколатлари вилоят судларига берилди. Амалда эса бу олий назорат механизмини заифлаштирди. Статистикага кўра, юқори инстанцияларгача етиб борган ҳар 1000 та шикоятдан атиги 1 таси Олий судда мазмунан кўриб чиқиляпти.
Бу дегани, амалда охирги инстанция – вилоят судлари бўлиб қолди. Бу эса суд қарорлари учун масъулият ҳиссини сусайтиради.
Ислоҳот бўлмаса, тизим “портлайди”
Президент август ойида регионал тафтиш судлари жорий этиш зарурлиги ҳақида гапирган эди. Аммо ҳозиргача бу борада аниқ қадамлар кўринмайди.
Агар суд тизимида ҳақиқий мустақиллик, ҳақиқий назорат ва ҳақиқий очиқлик таъминланмаса, бу муаммо эрта ёки кеч жамиятда жиддий портлашга олиб келади, дея огоҳлантирмоқда мутахассислар.
Кеча бир неча судья ишдан олинди. Лекин агар тизим ўзгармаса, эртага уларнинг ўрнини бошқалар эгаллайди. Қоидалар эса ўша-ўша қолаверади.
