close
close
Асосий мавзулар
28 декабр 2025

Водийда ўлиш тақиқланган – 10 қисм

close

Муҳаммад Солиҳ

САЙЛОВ

Октябр ойининг охирида Каримов Ўзбекистонда президент сайлови бўлишини эълон килди.

Сайлов 1991 йил 29 декабр кунига белгиланди.

“ЭРК” партияси Ислом Каримовга қарши мухолифат номзоди ўлароқ каминани кўрсатди.

Сайловдан бир ой олдин, 30 ноябрь куни Ислом Каримов менга маслҳатчиси Шаҳобиддин Зиёмовни юборди.

Зиёмов «13 декабрда Туркия зиёратига борадиган Ўзбекистон давлати делегациясига мухолифат лидери сифатида сиз ҳам рўйхатдасиз. “Катта” шахсан сиздан илтимос қилди бу делегацияга киришингизни. Энг юқори савияда қабул бўлар экан. Паспортингизни олишга келдим, зудлик билан Москвага жўнатишимиз керак виза қўйдириш учун», деди.

 Ҳеч бир гумонсиз ва шубҳасиз дипломатик паспортимни Зиёмовга бердим.

Икки кун ўтиб, Ғафур Ғулом нашриётида ишлайдиган бир дўстимиз Президент ёрдамчиси менинг ўзбекчага ўгирганим турк мутассавуф шоири Юнус Эмра девонини сўраб олдирганини айтди.

«Президент Туркияга кетаётган экан, Юнус Эмра китобини Турк президентига ҳадя этмоқчи экан дўстлик рамзи сифатида», деди.

Паспортни олиб келган киши асос гапни айтди: «Сайлов олдидан Президент сиз билан учоқда батафсил бир суҳбат қилмоқчи. Тўрт соатдан кўпроқ вақт бор экан. Ҳаммаси яхши бўлади, ҳали кўрасиз», деди. «Суҳбат қайси мавзуда», деб сўрадим. «Ҳарҳолда сайлов ҳақида бўлса керак» деди Зиёмов.

Мен ҳаммасини тушунгандим.

Каримов мен эндигина Президентликка номзодимни қўйган кунимда уч кун ўтмай хоразмлик Абдулла Искандарни юбориб, «Номзодингизни қайтиб олсангиз Ислом ака ҳукуматда қайси лавозимни истасангиз беради» қабилида қўпол бир таклифини рад этгандим. Аввалроқ айни таклифнинг назокатли шаклини «маслаҳат» берган ҳурматли шоиримиз Эркин Воҳидга ҳам рад жавобини бергандим. Демак бу раддиялар кор қилмаганди Каримовга.

Хуллас, Туркияга бормасликка, учоқда Каримов билан соатларча суҳбатлашмасликка қарор бердим.

1991 йилнинг 11 декабрида Президент саройидан «сафарга тайёр туринг, эрта фалон соатда машина сизни олади» деб телeфон қилишганда мен уларга «Сафарга бормайман», дедим.

 Дарров Зиёмов телефон қилди ва ёлвориш оҳангида «илтимос, бундай қилманг, ҳамма нарса яхши тайёрланди», деб анча гаплар гапирди. Мен қароримни ўзгартирмаслигимни айтдим: «Мен ҳукуматга мухолиф ўлароқ ҳукумат делегациясида иштирок эта олмайман, хафа бўлманг,» дедим унга. Шундай қилиб, Каримов мен билан келиша олмади. Аммо Юнус Эмра девонини турк Президентига ҳадя қилганининг хабарини олдим.

Ана шу воқеадан кейин сайловгача Каримов ТВ даги чиқишларида каминани «менинг рақибим» эмас, «менинг душманим» деб атай бошлади. Каримов шунақа самимий диктатор эди.

Бу орада Москвадан Турк визаси қўйилган паспорт ҳам келди.

САЙЛОВ НАТИЖАЛАРИ СОХТАЛАШТИРИЛДИ

Сайлов Комиссияси номзодимни расман қабул қилишига қарамасдан, Каримов давлатдан ажратилган маблағни ҳеч бир сабабсиз бизга бермади.

ЭРК партияси бисотида 65 минг доллар пул бор эди. Шу арзимас маблағ билан сайловга кирдик. Ва бу сайловда биз енгдик.

Аммо сайлов натижалари очиқчасига сохталаштирилди. Сайлов натижаларида сайловнинг ғолиби – «мағлуб», мағлуби эса «ғолиб» эълон қилинди.

Сайлов кампаниясида давлат ресурсларини қўлланиб, «ЭРК» партияси номзодига қонун бўйича ажратилган маблағни соҳибига бермаган Каримов тўдаси Марказий Сайлов Комиссиясини ҳам тўла эгаллаб олганди.

Лекин бу комиссия аъзоларининг баъзилари сайлов ғолибининг Муҳаммад Солиҳ эканлигини ўша пайтдаёқ эътироф этишди.

Асл ҳақиқатни билган Марказий Сайлов Комиссияси раиси Қудрат Аҳмедов сайловдан кўп ўтмай ўлдирилди.

Кейинроқ Аҳмедовнинг ёрдамчиси ҳам ўлдирилди.

КУЗАТУВЧИЛАР

Очиқ эътироф этиш керак, чет эллик кузатувчилар Ўзбекистонда илк бўлаётган бу тарихий Президентлик сайловини ниҳоятда пассив «кузатдилар». Балки эндигина мустақиллигига эришган бир давлатдан дарров эркин сайлов талаб қилсак, одобсизлик бўлмасин, дея бу позицияни танладилар.

Индиана Университети тадқиқотчиси ёзишига кўра, Ғарблик кузатувчиларнинг бу сайлов ҳақидаги хулосаси шундай шаклда бўлган: «Ўзбек сайловчиси Муҳаммад Солиҳнинг радикал программасини қабул этмасдан Ислом Каримовнинг мўътадил дастурини таржиҳ этдилар«.

Кейинчалик, кузатувчиларнинг бу рапорти Ислом Каримовга жуда қўл келди. Сайловнинг очиқча сохталиштирилганини ҳеч ким тафтиш этмаслигини англаб, бу жиноятининг изларини йўқотишга киришди.

Ғарблик кузатувчилардан бирининг шахсан менга айтилган шу гапини ҳеч унутмайман: «Сизда собиқ СССРнинг баъзи бўлгаларидаги каби фуқоролар уруши кетаётгани йўк, сайлов бўлаяпти, бунга шукр қилиш керак» деганди у.

Табиийки, бу муносабат Ғарбга жуда ишонган биз каби содда, ёш сиёсатчиларда манфий из қолдирди.

Бизнинг Америкалик сенаторга қоп-қоп сохта бюллетенларни намойиш қилиб, сайловни қайта ўтказишга байналмилал платформада ҳуқуқий ёрдам сўраганимизда уларнинг ҳорғин юз ифодаларини кўриб, бу чорасизликдан тушкунликка тушганимиз эсимда.

ТЕЛЕГРАММА ХУСУСИДА

«Сайловдан кейин Муҳаммад Солиҳ сайловни ютгани билан табриклаб телеграмма юборди» деган хурoфо юради омма ичида.

Бунга ҳам аниқлик киритиб кетишим керак, чунки ҳарифлар буни мени қоралаш кампаниясида кўп қўлланадилар.

Президентлик сайловида номзодларга берилган овозлар расман эълон килингандан сўнгра бизнинг қўшнимиз Миразиз Аъзам келиб, «энди Каримовга Ёзувчилар Уюшмасидан сизнинг номингиздан бир қутлов телеграммаси юборсак яхши бўлади, Ғарбда бутун сиёсатчилар сайловда ғолиб келган рақибини қутлайди, бу мардлик бўлади», деди.

Миразиз самимий ва яхши ниятли инсон эди. Аммо сайловнинг тўла сохталаштирилганини кўриб туриб, мен бундай «мардлик» қилаолмаслигимни айтдим. Телеграмма юбормаймиз, дедим.

Лекин бир неча кун сўнгра Каримовнинг менинг «табрик» телеграммамни кўрсатиб мақтаниб юрганини айтишди.

Миразиз акадан хафа бўлиб, нега бундай қилдингиз, десам, Миразиз ака «укам Мирвали Уюшмадан жўнатиб юборибди. Унга сизнинг телграммага қарши эканингизни вақтида айтолмадим, узр», деди.

Бўлар иш бўлганди. Буни дастурхон қилиб жанжал қилиш бизга ярашмасди.

Баъзилар «бу саройдан уюштирилди», дейишди. Мен ундай деб ўйламайман, Миразиз ака яхши ниятли инсон. Бу ишни махсус қилганига ишонмайман.

Аллоҳ ҳаммaмизни ниятимизга кўра мукофотлантирсин.

ТАРИХИЙ ИФШО

Бу сохта сайловдан 30 йил ўтиб, 2021 йил 27 январда «Озодлик» радиосидан журналист Шароф Убайдуллаев 1991 йил Президeнтлик сайловларида Муҳаммад Солиҳ ғалаба қозонганини дунёга расман эълон килди.

Шароф Убайдуллаев 1991 йилда Каримовга энг яқин кишилардан бўлиб, унинг матбуот котиби лавозимида ишлаган киши. У «Сайловни ичкаридан кузатган одам сифатида айтаманки, Муҳаммад Солиҳ бу сайловни тўла ютди«, дея тарихий бир баёнот берди.

(давоми бор)

Тағин ўқинг
19 май 2016
Туркиянинг Мерсин шаҳар маҳкамаси ўз фарзандини калтаклаган Гулчеҳра Исоқулова устидан очилган жиноят ишини 17 май куни кўришга бошлади. Маҳкамада ...
27 март 2023
Ўзбек музейларига кўмаклушувчи Германиядаги халқаро YUZUK ташкилоти ижрочи директори Дилбар Ғаффорованинг Рауф Парфи ҳайкали очилишда сўзлаган нутқи: Ассалому алайкум, ...
27 феврал 2025
Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати (СНБ) ни 23 йил давомида бошқарган Рустам Иноятов ва унинг оила аъзолари Вануату фуқаролигини қўлга ...
31 май 2022
Ўзбекистонда Хитой ва Россиянинг “юмшоқ куч” соҳасидаги рақобати  Ўзбекистонда Хитой ва Россиянинг “юмшоқ куч” воситасидаги рақобати тил ва таълим ...
Блоглар
28 декабр 2025
Попкорнларни олиб Шохрух хонни эшитамиз. Мавзу иштонсиз хотинларни вазирлик қаттиқ назорат қилсинми ëки юмшоқми деган ...
27 декабр 2025
Ўзбекистонда Ёзувчилар уюшмаси кўп йиллар давомида адабий ҳаётни ташкил этувчи асосий институт сифатида фаолият юритиб ...
26 декабр 2025
Оврўпа совуғидан қочиб декабр ойида Африкада юрибман. Оварзазет шаҳрини араблар «жаҳаннам дарвозаси» деб ҳам атайди. ...