Uzbek Forum: Дилдора Ҳакимовани дарҳол озод қилинг!
Дилдора Ҳакимова иши Ўзбекистон судлов тизимидаги шафқатсизлик ва тизимли нуқсонларни очиб бериб, миллий қонунлар ва халқаро инсон ҳуқуқлари мажбуриятларига очиқдан-очиқ беписандликни намоён қилмоқда. Биз дарҳол чора кўрилишини талаб қиламиз!
Дилдора Ҳакимова ким?
Дилдора — қашқадарёлик 41 ёшли ўқитувчи ва блогер, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ва ижтимоий адолат учун курашган фаол. У Қашқадарё вилояти таълим тизимидаги коррупция ҳолатларини фош этиб, адвокат ёллашга қурби етмайдиган фуқароларга ариза-шикоят тайёрлашда ёрдам берган ва судларда жамоатчилик кузатувчиси сифатида қатнашган.
Шубҳали ҳукм ва номутаносиб жазо
2024 йил феврал ойида Дилдора ҳибсга олиниб, тергов ҳибсхонасига жойлаштирилди. У блогер, фаол, ўқитувчи ва бошқа танишларидан иборат яна олти нафар айбланувчилар билан бирга Жиноят кодексининг 165-моддаси («бир гуруҳ шахслар билан олдиндан тил бириктириб товламачилик») бўйича тахминан 1000 АҚШ доллари миқдорида товламачиликда айбланиб, олти йил озодликдан маҳрум этилди. Ҳукм асосан муқаддам интизомий чора қўлланиб ишдан бўшатилган собиқ мактаб директори кўрсатмасига таянади; бу ерда шахсий адоват ва қасоскорлик омиллари бўлиши мумкин. Суд айбланувчиларнинг «жиноий гуруҳ» сифатида ҳаракат қилгани ҳақидаги даъволарни рад этганига қарамай, барибир уларни «олдиндан тил бириктириб» товламачилик қилганликда айбдор деб топди. Дилдоранинг апелляция шикоятлари рад этилиши бу адолатсизликка яна ҳисса қўшди. Унинг иши Ўзбекистонда қуйи бўғин фаолларини тизимли тарзда таъқиб қилиш ҳолатларига мисол бўлади.
Дилдора ва янги туғилган чақалоғига нисбатан жиддий ҳуқуқбузарликлар
Ўзбекистон қатор халқаро мажбуриятларни бузди, жумладан, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт (ICCPR), Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт (ICESCR), Аёлларга нисбатан камситишнинг барча шаклларини бартараф этиш тўғрисидаги конвенция (CEDAW), Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция (CRC), шунингдек «Нельсон Мандела қоидалари» (Маҳкумларга муносабатнинг минимал стандартлари) ва «Бангкок қоидалари» (аёл маҳкумларга муносиб муомала қоидалари) каби нуфузли меъёрий ҳужжатлар.
Сут бези саратони бўйича ҳаётни сақлаб қолувчи тиббий ёрдамдан маҳрум этиш:
• Дилдора қарийб етти йилдан буён сут бези саратони билан курашиб келмоқда ва туғруқдан сўнг саломатлиги кескин ёмонлашди.
• Ҳибсга олинганидан бери унга зарур онкологик даволаниш таъминланмагани унинг соғлиги ва ҳаётини жиддий хавф остига қўяди.
• Кейинги тиббий текширув аёл ҳолатининг ёмонлашганини тасдиқлади; у зудлик билан онкология шифохонасига ётқизилиб даволаниши керак.
• У сақланаётган муассаса зарур ихтисослашган онкологик ёрдамни бера олмайди.
• Зарурий тиббий даволанишни тақдим этмаслик CEDAW, ICCPR ва ICESCRда кафолатланган соғлиқнинг энг юқори имкониятдаги стандартига бўлган ҳуқуқ ва жинс белгиси бўйича камситилмаслик принципларини бузади. Азоб-уқубат ва шафқатсиз ёки қадр-қимматни камситувчи муомала-жазони тақиқлаш тамойили саломатликнинг оғир ҳолатлари қамоқ муҳитига мос келмаганида ҳимоя чораларини кўришни талаб қилади.
Ҳомиладорларга нисбатан гендер сезгир сақлов чоралари инобатга олинмади:
– Дилдора 2024 йил февралда қамоққа олинганида 12 ҳафталик ҳомиладор эди.
– У ҳеч қандай антенатал кўриклар (УЗИ, қон таҳлиллари ва ҳ.к.)дан ўтмади, шунингдек витамин қўшимчалари ёки парҳез ўзгаришлари ҳам таъминланмади.
– 2024 йил 9 сентябрда туғруқ пайтида тиббий ходимлар унинг бир қўлини кроватга кишанлаб қўйишган. Бу «Бангкок қоидалари»га бевосита зид: «Аёлларга нисбатан туғруқ пайтида ва туғиши биланоқ ҳибсга олиш воситалари қўлланмаслиги шарт». Европа инсон ҳуқуқлари суди бундай ҳолатни ноҳуш ва қадр-қимматни камситувчи муомала деб баҳолаган.
Янги туғилган чақалоғидан шафқатсиз равишда ажратиш:
– 2024 йил ноябрда қизалоғи туғилганидан бор-йўғи икки ой ўтгач, расмийлар Дилдорани чақалоғидан ажратди; ҳозир бола отаси қарамоғида.
– Бу Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг 9-моддасига зид: давлатлар болани фақат унинг манфаатларидан келиб чиқибгина ота-онасидан ажратиши мумкин. Қўмита кичик ёшдаги болаларнинг заифлиги ва эмоционал боғлиқлигини инобатга олган ҳолда узлуксиз алоқани тавсия қилади.
– Дилдора сақланаётган Тошкентдаги жазони ижро этиш муассасаси унинг оиласидан саккиз соатлик йўл узоқ масофада жойлашган. Муассасада она-бола учун шароит, ҳатто боғча мавжуд бўлса-да, учрашув тартиби умуман етарли эмас: уч ойда фақат икки кун оилавий учрашув ва ойига бир марта 10 дақиқалик телефон қўнғироғи берилади. Бу оилани оғир вазиятга солиб, зарур муносабатни чеклайди.
– «Бангкок қоидалари» ва «Нельсон Мандела қоидалари» фарзанд манфаатларини устувор деб билиб, боланинг онаси билан қолишига шароит яратишни давлатлардан талаб қилади. Америка Инсон ҳуқуқлари суди ҳам эмизикли болаларнинг онаси билан қолиши бола манфаатига мос бўлса, ота-онага нисбатан қамоқ жазосига альтернатив чораларга афзаллик бериш лозимлигини таъкидлайди. Ўзбекистон Президентининг 2022 йилдаги «Она ва болаликни ҳимоя қилиш тўғрисида»ги фармони ҳам туғилган чақалоқларни қамоқдаги оналари билан қолишини кафолатлайди.
Чора кўришга чақириқ: Дилдора Ҳакимова учун адолат талаб қиламиз!
Ўзбекистон ҳукуматига:
– Дилдора Хакимовани дарҳол озод қилинг! У ҳаётини асраб қолувчи тиббий ёрдамни олиб соғайиши ва боласи ҳамда оиласи билан қайта учрашиши керак. Унинг саломатлиги кескин ёмонлашган, ҳаёти хавф остида.
– Дилдорага чиқарилган ҳукмни бекор қилинг! У халқаро одил судлов стандартларига жавоб бермайди, ФСҲҲПнинг 19-моддасидаги сўз эркинлиги кафолатларини бузади ҳамда ФСҲҲПнинг 14-моддаси талаб қиладиган етарли далиллар билан қўлланилмаган.
– «Она ва болаликни ҳимоя қилиш тўғрисида»ги 2022 йилги Президент фармонини тўлиқ амалга оширинг! Тиббий таъминотни кафолатланг ва янги туғилган болаларнинг қамоқдаги оналари билан қолиш ҳуқуқини таъминланг.
Жамоатчилик ва халқаро ҳамжамиятга:
– Овозингизни баландроқ кўтаринг! Дилдора ҳақидаги ҳикояни тарқатинг ва Ўзбекистон ҳукуматидан ҳисобдорликни талаб қилинг.
– Ҳукуматни халқаро инсон ҳуқуқлари стандартларига амал қилишга ва фаолларни ҳимоя қилишга даъват этинг.
– Ўзбекистонда асосий эркинликларни ҳимоя қилаётган инсон ҳуқуқлари ташкилотларини қўллаб-қувватланг.
Дилдора Ҳакимованинг ҳаёти хавф остида. У инсон қадр-қиммати ва ҳаётини асраб қолувчи тиббий ёрдамдан маҳрум этилаётган бир пайтда бефарқ қараб туриб бўлмайди. Уни дарҳол озод этилишини талаб қилиб, бизнинг сафимизга қўшилинг!
Бизга обуна бўлинг: https://t.me/UzFoHR