close
close
Асосий мавзулар
29 декабр 2025

Нега тошкентлик адвокат Аллан Пашковскийнинг лицензияси олиб қўйилди

close

Аллан Пашковский 16 йилдан ортиқ вақт мобайнида адвокат сифатида фаолият юритган ва яқин вақтгача Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасида касбий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш департаментига раҳбарлик қилган. Аммо Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ)нинг собиқ ходими Валижон Рахмонов ишидан сўнг ҳаммаси ўзгарди. Рахмоновни ҳимоя қилгани учун Пашковский касбий этика қоидаларини бузганликда айбланиб, охир-оқибат лицензиясидан маҳрум этилди. Тошкентдаги Hook.report нашри бу воқеада нималар содир бўлгани, адвокат қандай қилиб айбланувчига айлантирилгани ва суд қарори қай даражада адолатли бўлганини ўрганди.

Валижон Рахмонов иши

Нашрда таъкидланишича, Пашковскийнинг мижози Давлат хавфсизлик хизматида раҳбар лавозимлардан бирида ишлаган Валижон Рахмонов бўлган. Адвокатнинг сўзларига кўра, хизмат давомида Рахмонов кенг кўламли коррупцион схемани фош этган ва идора ҳамда давлат бюджетига етказилган зарарни “ўнлаб миллион доллар” деб баҳолаган.

Аммо ҳодисани тергов қилиш ўрнига, 2024 йил февраль ойида ДХХ ходимлари Рахмоновнинг ўзини ҳибсга олган. Пашковский мижозини ҳимоя қилар экан, терговчилар томонидан Рахмоновга нисбатан қийноқлар ва жисмоний таҳдидлар қўлланилганини билдирган.

Апелляциялар ва Пашковскийга нисбатан «этикани бузиш» айблови

2025 йил 9 январда Валижон Рахмонов давлатга хиёнат қилишда айбдор деб топилиб, 16 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Апелляция суди жараёнида адвокат тергов томонидан йўл қўйилган кўплаб қоидабузарликларга ишора қилди: иккинчи айбланувчига (Р. Матякупов сифатида қайд этилган) электрошокер қўлланилганидан кейин суд-тиббий экспертиза ўтказиш рад этилгани, шунингдек, иш материаллари билан танишиш ҳуқуқи чеклангани. Хусусан, икки мингта варақ ва видеоёзувларни ўз ичига олган етти жилдли ишни ўрганиш учун нусха кўчириш имконисиз ҳолда бор-йўғи икки кун берилган. Бироқ барча илтимосномалар рад этилган.

Суднинг ўзида, ҳимоя нутқи давомида Пашковский «йигитлар» ва «ажойиб адвокат» деган ибораларни қўллагани учун касбий этика қоидаларини бузгани ҳақида сабаблар изоҳланмасдан бир неча марта огоҳлантирилган.

Шавкат Мирзиёевга видеомурожаат

Суд томонидан билдирилган эътирозлар жами тўртта бўлган — яна иккитаси «кулимсираб турган юз ифодаси» ва «пластик боксга бармоқ бўғимлари билан тақиллатиб уриш» учун қайд этилган. Апелляция суди раиси Адвокатлар палатасига Аллан Пашковский ва иккинчи адвокат Владимир Никитинга нисбатан чора кўриш талаби билан мурожаат қилган.

2025 йил 25 апрель куни малака комиссияси адвокатларнинг фаолиятини 4 ойга тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилди. Ушбу қарор адвокатларга иш материаллари билан танишиш ва ўз манфаатларини ҳимоя қилиш имкони берилмасдан қабул қилинган, мажлис эса бор-йўғи ярим соат давом этган.

Май ойида Аллан Пашковский видеомурожаат ёзиб, унда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни Валижон Раҳмонованинг иши бўйича холис ва адекват тергов ўтказишга чақирган. Адвокат айбловнинг далилий базаси мавжуд эмаслигини, шунингдек, қийноқ қўллангани ҳақидаги ҳолатлар эътибордан четда қолдирилаётганини таъкидлаган. Шунингдек, адвокатларга қўйилган айбловлар асоссиз эканини алоҳида урғулаган.

Бироқ мурожаат яна бир суд иши билан якунланган — бу сафар Адлия вазирлиги ва Адвокатлар палатаси Пашковскийни адвокатлик лицензиясидан маҳрум этиш талаби билан чиқиш қилган.

Суд қандай ўтди

2025 йил 11 декабрь куни Тошкент шаҳар маъмурий ишлар бўйича туманлараро судида Аллан Пашковскийни адвокатлик лицензиясидан маҳрум этиш масаласи бўйича очиқ суд жараёни бўлиб ўтди. Суд бир неча соат давом этиб, унинг асосий қисми ҳимоя томонининг нутқига тўғри келди.

Пашковскийга иш материаллари билан яна танишиш имкони берилмади: бу гал ҳужжатлар мажлисдан бир неча кун олдин унга умуман алоқаси бўлмаган нотўғри манзилга юборилган. Айблов томони — Адлия вазирлиги ва Адвокатлар палатаси вакиллари, эҳтимол, бошиданоқ ўзини ғалаба қозонган тараф сифатида ҳис этган.

Уларнинг чиқишлари бир неча дақиқадан ошмади ва «унинг сўзлари пуч», каби иборалар ҳамда далилларга таянмаган айбловлар билан тўла эди. Жумладан, видеоролик тайёрлаш учун пул олгани ва «мамлакат обрўсини қоралаш» ёки давлат сирини ошкор этгани ҳақидаги даъволар билдирилди.

Баҳс-мунозаралар давомида шу ҳам аён бўлдики, айбловлар қўйилишига сабаб бўлган Пашковскийнинг видеомурожаатини айблов томони умуман томоша ҳам қилмаган.

Видеодаги аниқ жиҳатларга изоҳ бериш сўралганда, жавоб берилмаган. Касбий этика қоидаси айнан қай тарзда бузилгани ҳақидаги саволга эса идоралар вакиллари жавоб беришдан бош тортган.

Ҳимоя томони нутқидан парчалар

Қуйида нашр Аллан Пашковскийнинг ўзи берган тушунтиришларни келтиради:

«Қонунда (Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун — таҳр.) очиқ-ойдин айтилган: мурожаат қилган шахсларни ҳар қандай шаклда танқид қилиш ёки таъқиб этишга йўл қўйилмайди. (…)

Мен ҳозир одатий касбий фаолиятим — юридик ёрдам кўрсатиш билан шуғулланишим мумкин эди. Аммо буни қила олмаяпман: айнан қонун доирасида кўрсатган ана шу ёрдамим учун таъқибга учраяпман.

Мен ҳеч қандай ҳарбий ишлар билан шуғулланмасам-да, ишим ҳарбий прокуратурага юборилди ва видеода давлат сирини ошкор этиш ҳамда давлатга хиёнат аломатлари бор, деган хулоса қилинди. “Агар бизда қонунлар 50 фоизга бўлса ҳам бажарилганда, яхши яшаган бўлар эдик”, деган гапни айнан сиз айтгансиз (Адвокатлар палатаси вакили — таҳр.), кейин эса ўша сўзларни менинг видеомда давлатга хиёнат, деб баҳоладингиз.

Адлия вазирлиги ҳузурида суд-лингвистик экспертиза мавжуд, бундай экспертизаларнинг олти тури бор. Уларни ўтказиб, видеонинг айнан қайси дақиқаси ва сониясида қандай қоидабузарлик борлигини аниқ кўрсатиш мумкин эди. Аммо замонавий ҳуқуқий давлат Ўзбекистонда идоралар вакиллари ҳатто айблов учун асос бор-йўқлиги ҳақида ўйлаб ҳам кўришмаяпти. Умид қиламанки, бугунги қарор билан суд адвокатлар ҳам мамлакатнинг ҳуқуқий жамоатчилигининг бир қисми эканини кўрсатади.

Ҳозир Тошкентда 50 нафар адвокат борки, уларнинг фаолияти шубҳали сабаблар билан тўхтатилган ёки бутунлай тугатилган. Эртага ҳар бирингиз қонуний ёрдам сўраб мурожаат қилишингиз мумкин, аммо шу ёрдамни ола оласизми?»

Ҳимоя томонининг ушбу далилларига ва айблов томонида далиллар мавжуд эмаслигига қарамасдан, судья Азамат Якубов Аллан Пашковскийнинг адвокатлик лицензиясини бекор қилиш ҳақида қарор чиқарди.

Аллан Пашковский суд қарори ҳақида шундай деди:

«Бугун Тошкент шаҳар туманлараро суди Адлия вазирлиги, улар билан бирга Олий малака комиссиясининг позициясини маъқуллаб қарор чиқарди. Унга кўра, мен YouTube’даги видеом орқали адвокатлар касбий этика қоидаларининг тўрт бандини бузган эканман. Суд ҳеч қандай далилларсиз қарор чиқариб, мени бутунлай адвокатлик мақомидан маҳрум қилди»

— дея Пашковскийдан иқтибос келтиради Hook.report.

«Буларнинг барчаси видеомда айтганимни яна бир бор тасдиқлайди: қонуний адвокатлик фаолиятига аралашув бор. Бу аламли, аммо ўзимни ҳимоя қилиш учун мавжуд барча адвокатлик воситаларини ишга солдим — фақат ўзимни эмас, балки бутун адвокатлик жамоасини ҳимоя қилишга уриндим. Ҳуқуқий давлатда ҳар бир адвокат олтинга тенг», — деди у.

Hook.report ва AsiaTerra нашрларида эълон қилинган мақолалар таржимаси асосида тайёрланди.

Обуна бўлинг: https://t.me/UzFoHR

Тағин ўқинг
25 сентябр 2017
Улуғнор тумани раҳбарлари пахта режасини талабаларсиз энди қандай тўлдириш ҳақида қайғуришмоқда. 22 сентябрь куни андижонлик талабалар пахта йиғим-теримидан қайтишди. ...
12 апрел 2016
Тез-тез хорижга чиқиб турадиган фуқарони профилактика инспектори тиббий комиссиядан ўтишга мажбурлаганига оид масалани ўрганган «Адолат кўзгуси» газетасининг ёзишича, милиция ...
3 ноябр 2025
1906 йилнинг 3 ноябрида Германиянинг Берлин шаҳрида ўтган Халқаро радиотелеграфия анжуманида SOS сигнали ҳалокатни билдирувчи мужда сифатида қабул қилинди. ...
1 октябр 2018
Сенат раиси Ниғматулла Йўлдошев парламент юқори палатасининг 27 сентябрь кунги йиғилишида вазирликлар Сенатга беписанд қараётганини билдирди. Адолат нуқтаи назаридан ...
Блоглар
29 декабр 2025
Муқаддам бутун иттифоқ киночилари учун институт бўлган, ҳозирда Россия санъатини намоён қилиши кўзда тутилган олийгоҳ ...
28 декабр 2025
Попкорнларни олиб Шохрух хонни эшитамиз. Мавзу иштонсиз хотинларни вазирлик қаттиқ назорат қилсинми ëки юмшоқми деган ...
27 декабр 2025
Ўзбекистонда Ёзувчилар уюшмаси кўп йиллар давомида адабий ҳаётни ташкил этувчи асосий институт сифатида фаолият юритиб ...