1 февраль – Бирлашган Араб Республикаси ташкил этилди
1958 йилнинг 1 февралида Мисрнинг пойтахти Қоҳира шаҳрида ўтган йиғирда Миср ва Сурия давлатлари иштирокида Бирлашган Араб республикаси ташкил этилди. Жамол Абдул Носир унинг президенти этиб сайланди. Бироқ бу иттифоф кейинчалик парчаланди.
Бу воқеа Яқин Шарқ тарихидаги энг амбицияли, аммо қисқа умр кўрган сиёсий лойиҳалардан бири ҳисобланади. Бирлашган Араб Республикаси (БАР) шунчаки иттифоқ эмас, балки икки давлатнинг тўлиқ бирлашиб, ягона мамлакатга айланиши эди.
Панарабизм
1950-йилларда араб дунёсида Панарабизм – барча арабларни ягона давлатга бирлаштириш ғояси жуда машҳур эди. Бу ҳаракатнинг асосий етакчиси Миср президенти Жамол Абдул Носир бўлган.
Қизиғи шундаки, бирлашишни Миср эмас, балки Сурия томони таклиф қилган. Ўша пайтда Сурияда сиёсий беқарорлик ҳукм сурар, коммунистик тўнтариш хавфи бор эди. Сурия элитаси Носирнинг обрўси остида жон сақлашни мақсад қилган.
1958 йил 1 февралда тузилган бу давлат пойтахти сифатида Қоҳира танланди. Бугунги Сурия байроғидаги иккита юлдуз айнан Миср ва Сурияни англатган.
Миср амбицияси ва Иттифоқнинг парчаланиши
Дунё арабларини бирлаштиришни ният қилган бу иттифоқ узоқ давом этмади ва 1961 йилга қадар умр кўрди. Бўлинишга Мисрнинг ҳукмронлик қилиш амбициялари сабаб бўлди. Жамол Абдул Носир Сурияни тенг ҳуқуқли шерик эмас, балки Мисрнинг бир вилоятидек бошқара бошлади. Барча муҳим қарорлар Қоҳирада қабул қилинарди.
Бундан ташқари Мисрда жорий этилган хусусий мулкни давлат тасарруфига олиш каби социалистик ислоҳотлар Суриянинг савдогарлар синфи ва бой ер эгаларига маъқул келмади.
Армияда ҳам норозиликлар келиб чиқди. Суриялик зобитлар мисрлик ҳамкасблари томонидан четлаштирилганидан ва пастроқ лавозимларга қўйилганидан ғазабда эдилар.
1961 йил 28 сентябрда Сурияда ҳарбий тўнтариш юз берди ва Сурия БАР таркибидан чиққанини эълон қилди. Носир қон тўкилишини хоҳламай, ҳарбий куч ишлатмади.
Бироқ Сурия чиқиб кетганидан кейин ҳам, Миср 1971 йилгача расман «Бирлашган Араб Республикаси» деб аталишда давом этган. Носир араб бирлиги ғоясидан воз кечишни истамаган.
БАРнинг парчаланиши араб дунёсидаги бирлик ғоясига қаттиқ зарба бўлди.
