Урганч – чиқинди дудидан нафас олиб бўлмаяпти
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукумати атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, хусусан, маиший чиқиндилар муаммосини ҳал қилиш соҳасида ислоҳотларни амалга оширмоқда. Ҳар ҳолда, миллиардлаб сўмлик молиявий ажратмалар ва қонунчилик ҳужжатларининг қабул қилиниши ҳукуматниннг жиддий интилишларидан далолат беради. Бироқ, пойтахтдан минг чақирим узоқдаги Хоразм вилоятининг маркази – Урганч шаҳрида юз бераётган экологик фалокат бу саъй-ҳаракатлар марказдан чекка ҳудудларга етиб бормаётганини англатмоқда. Чўлобод маҳалласида жойлашган йирик полигондаги чиқиндиларнинг очиқ ҳолда ёқилиши натижасида ҳаво сифати индекси (AQI) JSST мезонларига кўра “зарарли” ҳисобланган 192 даражага етди. Бу воқеа, бир қарашда оддий маҳаллий ҳодисага ўхшаса-да, аслида миллий миқёсдаги тизимли муаммонинг кескин кўринишидир.
Чиқиндиларни назоратсиз ёқиш инсон саломатлиги ва атроф-муҳит учун ўта хавфли оқибатларни келтириб чиқаради. Бундай шароитда ҳаво PM 10 ва PM 2.5 каби заррачалар, азот оксидлари, олтингугурт оксидлари ва ис гази каби хавфли моддалар “коктейли” билан тўйинади. Аммо энг катта хавф маиший чиқиндилар таркибидаги пластмасса ва полимерларнинг ёниши натижасида ҳосил бўладиган диоксин ва фуран моддаларидир. Бу моддалар, Элтуз экспертларига кўра, саратон келтириб чиқарувчи кучли кансерогенлар ҳисобланади ва организмда йиллар давомида тўпланиб, иммун тизими касалликлари, жигар шикастланиши ва бошқа жиддий соғлиқ муаммоларини келтириб чиқариши мумкин.
Ҳаводан нафас олишга қийналаётган Урганч аҳолисининг шикоятлари бундай токсик моддаларнинг ўзига хос таъсиридан дарак беради. Айниқса, нафас олиш йўллари касалликларига мойил бўлган болалар ва кексалар учун бу вазиятнинг оқибатлари янада оғирроқ бўлади.
Афсуски, Урганчдаги воқеа Ўзбекистондаги чиқиндиларни бошқариш тизимининг заифлигини кўрсатиб турибди. Ҳукуматнинг 2019-2028 йилларга мўлжалланган чиқиндиларни бошқариш стратегияси доирасида 100% санитар тозалаш корхоналарини хусусийлаштириш ва 167 та эски полигонни рекултивация қилиш режалаштирилган. 2023-2025 йиллар даврига мўлжалланган махсус дастурга кўра, чиқиндиларни бошқариш тизимини модернизация қилиш учун 1,1 триллион сўм молиялаштириш кўзда тутилган. Шунингдек, 2024-йилда 81,2 гектар майдондаги 29 та полигон рекултивация қилинган. Шунга қарамай, Урганчда юз бераётган ҳолат миллий стратегия ва маҳаллий ижро ўртасида жиддий тафовут мавжудлигини кўрсатмоқда.
Ўзбеккосмос агентлигининг фазо мониторинги натижаларига кўра, фақатгина Хоразм вилоятида 168 та ноқонуний чиқинди ташлаш жойлари аниқланган. Урганч аҳолисининг прокуратура ва Экология бошқармасига қилган мурожаатларининг жавобсиз қолгани бу тизимдаги ижронинг сустлигини яққол кўрсатади.
Урганчнинг экологик инқирози — бу огоҳлантирувчи сигнал
Бу муаммо бизга нафақат технология ёки маблағлар етишмаслигини, балки аввало самарали бошқарув ва ҳисобдорликнинг зарурлигини эслатади. Ушбу муаммони ҳал қилиш учун зудлик билан қисқа муддатли чораларни кўриш зарур. Жумладан, Чўлобод полигонидаги ёнғинлар устидан назорат ўрнатиш, ёнаётган участкаларни зудлик билан тупроқ билан қоплаш ва энг асосийси, фуқароларнинг шикоятларига эътибор қаратиб, маҳаллий ҳокимият органларига нисбатан шаффоф текширув ўтказиш керак. Узоқ муддатли ечим сифатида эса, чиқиндиларни йиғиш тизимини ривожлантиришга қаратилган маҳаллий бошқарув механизмларини кучайтириш, қонунбузарликларга қарши курашиш учун махсус гуруҳлар ташкил этиш ва энг асосийси, атроф-муҳитга оид сиёсатнинг ижроси учун маҳаллий даражадаги амалдорларнинг шахсий жавобгарлигини кучайтирадиган ислоҳотларни амалга ошириш лозим.
Хулоса қилиб айтганда, Урганч шаҳридаги экологик фалокат шуни исботлайдики, самарали экологик сиёсат нафақат амбитсияли режалардан иборат, балки масъулиятли, шаффоф ва самарали ижрога таянади. Келажакда бундай инқирозларнинг олдини олиш учун мамлакатнинг ҳар бир бурчагида экологик қонунчиликка сўзсиз риоя қилиниши та\минланиши керак.