«Гулнор» 11 қисм (аскарлик ва махсус топшириқ)
Аҳмад Бейжон Эржиласун
Ўша куни Гулнор Одил Турсуновни хонасидан тополмади. Кейинги кунларда ҳам Турсунов кўринмади. Гулнор ўз изтиробидан лаззатланадиган дарвишларга ўхшаб қолганди. Гоҳ-гоҳ Муҳаммад Солиҳнинг уйига бориб, кўнглига тасалли аҳтарарди. Унинг уйида дўстлари тўпланишарди. Маълум бўлишича, Муҳаммад Солиҳни КГБга чақириб сўроққа тутишган, кейин кўйиб юборишган. Балки кўйиб юбориб, нима қилишини кузатишмоқчи бўлишгандир.
Одилдан ҳеч xабар йўк эди. Бу ҳаммани қийнар эди, аммо энг кўп кийналган яна Гулнор бўлди.
Рауф Парфи ичкин шеърлари билан унинг ярасига малҳам бўлмоқ истарди. Шариф Жамол ҳикматли сўзлар билан таскин берар, Айдар Усмон эса фақат кулимсирарди.
Ойдин Хонимнинг эса қалби соф ва муаммосиз эди. Гулнор учун бу соф юракли инсон баҳрига бошини қўймоқ балки ҳаммасидан яхшироқ эди.
Муҳаммад Солиҳнинг совуққонлиги орқасида муxаққақ бу соф ва бирор муаммосиз юракнинг сукунати бор эди.
Гулнор Корлиғашев билан алоқасини бирдан узмаслиги керак деган қарорга келишди дўстлар. Гулнор гуруҳ тўғрисида муҳим бўлмаган хабарларни Корлиҳашевга “рапорт” қилишда давом этадиган бўлди. Гулнор бу сохта “донос”ларни Корлиғашевга олиб борар экан, қаттиқ азоб чекарди. Яхшиям, Корлиғашев у билан ҳам совуқ гаплашарди, рапортни бериб, тез ташқари чиқарди.
***
1986 йил октябрда Ўғуз Думанни аскарга олдилар. Тузла пиёдалар мактабининг казармаларида одам кўп эди. Эрталаб тонгда туриб, чопмоқ, югурмоқ Ўғузга ёкиб қолганди. Ёнидаги дўстларининг шикоятини тушунмасди. Аскарий xаёт уни ёш болага айлантирганди. Бир ботқоқ жойга аскарларни обориб “ёт!” ва “тур!” амрини такрорлаб, тинкасини қуритган бир полковникни ҳеч унутолмайди. Бу “ёт-тур”дан сўнг неча марта ювинди, эслай олмайди. Фақат милтиғи билан кийимлари шу қадар ифлосланганди-ки, зўрга тозалаганди.
1987 йили Ўғузни Пиёдалар Мактабидан Анқарага чақиришди. Қароргоҳда қўмитаннинг кабинетига киргунча Ўғуз нега чақиришганини билмасди.
Стол орқасидан чиқиб, Ўғузга томон юрган полковник:
–Хўш келдинг, ўғлим!, — дея каршилади.
–Соғ бўлинг, қўмитаним!, — деди Ўғуз пошналарини бир-бирига уриб.
Ўғуз “хўжам” сўзи ўрнига “қўмитаним” дегани учун ўзидан мамнун эди. Чунки бир неча марта “қўмитаним” дейиш ўрнига “хўжам” дея уялиб қолганди.
–Ўтир, Ўғуз, — деди полковник, — сени махсус топшириқни бажариш учун чақирдик.
–Амр этинг, қўмитаним! — деди Ўғуз.
–Ироқда нималар бўлаётганидан хабаринг бордир, — деди, — полковник, — Бу бўлга бизни икки нуқтаи назардан қизиқтирмокда. Биринчиси, у ерда ПККчилар уя қурмоқдалар, иккинчиси ироқли туркманлар масаласи…
Ўғуз Турк армиясининг Бош қўмондонлиги қaроргоҳида ироқли турклар мавзуси очилганидан ҳайратга тушганди. Арзирумли дўсти Моxир кўз олдига келди. У билан Ироқ турклари ҳақида ора-сира гаплашиб турарди.
–Ҳа, қўмитаним. Ироқ туркларининг борлигини биламан. Ҳатто улардан дўстим ҳам бор, — деди Ўғуз.
– Сенинг бир муддат Ироқда қолишингга тўғри келади. Фақат кетишдан аввал уч ой махсус тайёргарликдан ўтасан…
“Тайёргарлик” программасида Ироқ турклари ва ПКК кўп жой олмаганди. Барзоний ва Талабоний ҳақида ҳам маълум бўлганидан ортиқ информация йўқ эди. Программанинг аксарий қисми кураш ва бошқа жисмоний машқларга ажратилганди. Яна пропаганданинг психологик тамаллари ҳақида дарслар ўтиларди.
Ўғуз Ироқнинг Арбил шаҳрига келганида апрел ойининг ўрталари эди. У Туркия “Қизил ой” жамиятининг маъмури сифатида келганди. Муҳтож бўлганларни озиқ-овқат билан таъминлаш унинг зиммасида эди. “Қизил ой” бир ой ишлаганидан кейин Арбилда ўз вакили ўлароқ Ўғузни қолдирадиган бўлди.
Ўғуз Думоннинг асл вазифаси тарқоқ турк (туркман) гуруҳларини яраштириб, бирлаштирмоқ эди. Ўғуз қисқа вақт ичида Ироқ турклари лаxжасида бемалол гаплаша бошлади. Унинг Ироқ режими тарафидан қатл қилиниб халқ орасида афсонага айланган туркман лидери полковник Абдураxмон ва доцент Нажот Қўчоқ ҳақидаги самимий суҳбатлари туркманлар ўртасида унинг обрўсини оширган эди.
Айниқса, Абдулвоxид Кўзажиўғли ва Абдураҳмон Қизилой каби қўшиқчиларнинг Туркияда мухлиси кўп эканини таърифлаши ироқ туркларини Ўғузга янада яқинлаштирганди. Ўғуз кичик гуруҳлар тарафидан севилган инсонлар, барча гуруxлар ичида обрўйи бўлган шахслар ҳақида кўпроқ гапирарди. Бу тарқоқ гуруxларни бирлаштиришнинг таъсирли услуби эди.
Ўғузнинг Туркия тарафидан махсус топшириқ билан келганлиги Ироқдаги турк лидерларининг кулоғига етганди. Ўғузнинг самимий ва принципли ҳаракатлари уни Ироқ турклари орасида обрўли кишига айлантирди.
Ўғуз тез-тез Мўсул, Керкук, Тузxурмати ва ҳатто Хонакингача бориб келаверарди. Бир неча марта Бағдодга ҳам борди. Ўғуз ўз обрўсининг даражасини биларди, аммо гуруҳларни бирлаштириш осон иш эмасди. Одамлардаги манманлик, манфаатпарастлик, қўрқоқлик ва кераксиз даражада жасурлик бирлашишга тўсиқ бўлаётган эди. Шунга қарамай, 1988 йилнинг апрелида Ўғузнинг ўз ишида анчагина муваффақият қозонганини айтиш мумкин эди. Апрелдан бошлаб Ўғузнинг ишини Tуркиядан келган юзбоши Илкар Дамир давом эттирадиган бўлди. У ҳам “Қизил ой” маъмури сифатида келган эди.
15 апрелдан Ўғуз жамоат билан хайрлашди. У ўз ўрнига жасур, доно ва оқил бир офицер келганидан мамнун эди. Хайрлашув кечасида Ироқ турклари ўқиган қўшиқлар юрагини вайрон қилганди. Бу одамлардан айрилиш осон эмасди.
***
Ўғуз Анқарада ишларини тамомлаб, Арзрумга қайтишга ҳозирланаётганди. Аҳмад бей домлага телефон қилиб xол-аҳвол сўрамоқчи бўлди. Профессор Аҳмад Бейжон уни кўйиб юбормади ва давом этди.
– Қачон кетаяпсан?, — деб сўради у.
– Эртага, — деди Ўғуз.
– Ундай бўлса, бу оқшом сени меҳмон қилайлик, — деди Аҳмадбей.
– Оворагарчиликнинг кераги йўқ, хўжам, — деди Ўғуз.
– Нимаси оворагарчилик!, — деди Аҳмад, — ироқ турклари ҳақида ҳам сенга саволларим бор.
Профессор Аҳмад Бейжон Анқаранинг Боғчалиевлар маҳалласида яшарди. Ўғуз бу уйни топаман деб анча сарсон бўлди. Ниҳоят топди.
– Ўғуз, бу янганг, Гунаш Бейжон, — деди Профессор ўз хотинини таништириб.
– Мамнун бўлдим, хоним афандим, — деди Ўғуз.
– Мамнун бўлдим, Ўғуз, — деди Гунашхоним.
Ўғуз Гунашхонимдан тортиниб турарди. Гунашхоним адабиётчи эди, Аҳмад домла “унинг мавзуси биз тилчиларники каби қуруқ эмас”, деди ва қўшиб қўйди:
– Билмайман, сен эшитдингми, адабиётчилар тилчилар ҳақида “гак-гук”чилар дейишаркан!
Гунашхонимнинг кўзлари яшил эди. Ўғуз Гулнорни эслади ва Аҳмад бей домлага мурожаат қилиб:
– Хўжам, Ўзбекистондаги дўстлардан бирор хабар борми?, — деди.
– Афсус-ки, йўқ, — деди домла, — келажак ой улардан хабар оламиз, иншоллоҳ.
– Қандай қилиб?
– Июл ойида Бокуда Туркшунослик бўйича бир анжуман бор. Ўрхон Нодий олиб боради. Бир иш чиқмаса, мен ҳам бормоқчиман. Шартномага кўра бутун Совет Турк республикаларидан биттадан вакил қатнашиши керак.
– Иншоллоҳ, ўзбек дўстларимиздан ҳам бир неча киши қатнашар, — деди Ўғуз.
Кейин соат 11 гача Ироқ турклари фолклори ҳақида суҳбат қилишди. Профессор Ахмадбей Ўғузга докторлик ишингни “Ироқ туркларининг халқ қўшиқчилиги” мавзусида қил, деб маслаҳат берди. Аммо Ўғуз мавзуни аллақачон танлаганини билдирди.
– Мавзу “Иш жойларига ҳорижий ном қўйишнинг социал ва психологик сабаблари”, — деди Ўғуз.
– Жуда узун ном, лекин қизиқарли мавзу, тезроқ ёзиб тамомлашингни кутамиз, — деди Аҳмад Бейжон.
– Баъзан сиздан маслаҳат сўрашимга тўғри келади, — деди Ўғуз.
– Албатта, истаган пайтингда кел!
Ўғуз хайрлашар экан, биринчи марта меҳмонга чақирилган уйга қўли бўш, ҳадясиз келганини эслади ва ўзини койиди.
Сиз турк ёзувчиси Аxмад Бейжон Эржиласун қаламига мансуб Гулнор романи аудиокитобининг 11 қисмини тингладингиз. Уни Қудрат Бобожон саслантирди. Давомини Ютубдаги Элтуз каналининг келгуси ёйинларида кузатинг.