Фарғона аэропорти мулозими чет эллик пенсионер хотинни алдаб пулини олди
Украинанинг Одесса вилоятида истиқомат қиладиган ва умрида Ўзбекистонга келмаган Украина ватандоши Людмила Гинкулнинг иддаосига кўра, у Фарғона аэропорти мулозими 39 яшар Махмудов Илëс Илхомович тарафидан виртуал алданиб Махмудов номига 4000 АҚШ доллар миқдоридаги пулни банк ўтказмаси йўли билан қарз ўлароқ ўтказиб берган. (Пул ўтказмасида қарз экани ëзилмаган)
Лекин мана икки йил бўлса ҳам Махмудов пулни қайтаргани йўқ.
Людмила Гинкул бу юзадан Фарғона вилояти ИИБ, Фарғона вилоят прокурори ва Фарғона аэропорти ўз хавфсизлик хизмати мутассаддиларига ва Укранинадаги Ўзбекистон консулхонасига шикоятлар ëзган ва бу шикоятлардан самара чиқмаган.
Фарғона вилоят прокуратураси «бу шикоят жиноят иши очиш учун етарли эмаслигини» ўз жавоб хатида билдирган.
Людмила Гинкулга Фарғона шаҳар Мустақиллик кўчасида яшовчи Махмудов Илëс чиқиб, учта боласи оч қолгани ва ўзининг мухтож, қашшоқ ва нимжонлигини айтиб қарзга пул сўраган.
Гинкул аввалига Махмудовнинг болаларига озиқ овқат ва бошқа совғалар жўнатади. Кейин эса бу «виртуал тиланчи»нинг оҳ зорига дош бера олмай пул жўнатган.
Сал муддат ўтиб Гинкулнинг онаси ўлиб пулга зарур бўлганида у Махмудовдан қарзни қайтаришни сўрайди. Аммо «пул ухлатилгани» юзага чиқади.
Гинкулнинг Элтузга тақдим қилган хужжат ва аудиоларида Махмудов Қуръон билан қасам ичиб ва боласи билан масжидда ўтирган расмини жўнатиб пулни қайтаришга ваъда бергани аëн бўлади.
Аммо айни пайтда иккала шахс ўртасида пул олди бердиси қарз эканлиги ҳақида ҳеч қандай ҳуқуқий шартнома мавжуд эмас.
Хуллас қарз қайтарилмайди. Телефонлар ўчади ва Махмудов синалган фирибгарлик схемаси асосида қумга сингган сувдай йўқ бўлиб кетишга уринади.
Элтуз мухбирининг ўрганишича, Махмудов Фарғона аэропортида яхши маош олиб ишлайди ва кўчмас мулк ҳамда янги транспорт воситаларини яқинда ҳарид қилган. Элтуз тасарруфидаги расмларда Махмудов тўкин дастурхон атрофидаги башанг давраларда ўтирганини кўрамиз.
Ўзбекистон Олий суди маълумотларига кўра, фирибгарлик жинояти мамлакатда кенг кўлам ва қамров касб қилган. Эндиликда фирибгарларнинг Ўзбекистон фуқароларидан ортиб чет эл ватандошларини ҳам алдаб пулини олаëтгани бу жиноятнинг чегарадан ошгани далолати.