close
close
Асосий мавзулар
26 ноябр 2025

«Водийда ўлиш тақиқланган…» 2-қисм

close

ЦЕНЗУРА

Бу учрашувдан кейин илк даъфа КГБнинг реал тазйиқини сездим. Очиқ эмас, зимдан.

Ёзувчилар Уюшмасидаги ходимларнинг мендан ўзларини олиб қочиши, газета редакциялардаги мен билан эҳтиёткорона суҳбатлар, сирли кулиб қўйишлар, бу даҳшатли ташкилотнинг атрофимдаги инсонлар воситасида ўзини намойиш эта бошлаганидан дарак берарди.

Энг қизиғи, бундай тазйиқ 1984 йил охирида келиб, бутун адабиёт аҳлига ўтказила бошлади. Бу бир тасодифмиди ёки КПСС нинг заиф Генерал Котиби Черненконинг заиф кишилигини ўртиш учун КГБнинг бошлаган янги стратегиясими, билиб бўлмасди.

Адабиётдаги цензура балки Хрушчев давридан бери ўзининг энг катта зулмини ўтказа бошлади.

Хусусан, миллий ва диний мавзулардаги матнларга уйғуланган шафқатсиз цензура бу мавзуда ёзишни ман қилиш даражасига олиб келди.

Ҳар қандай бир асарда «худо», «фаришта», ”Қуръон» каби калималар уларни қўлланишга журъат этган одам учун таҳлика ташийдиган бўлиб қолди.

Миллий ва диний рамзларга қарши кураш фақат адабиётда эмас, инсонларнинг кундалик турмушида ҳам бошланиб кетди.

Бу уруш эди. Бу урушга ҳеч иккиланмай кирган ижтимоий қатлам адабиётчилар бўлди. Ҳа, бизнинг миллий ҳаракатланишимиз аввал адабиётда пайдо бўлди. Аввал шеърларда, кейин мақолаларда; экология, демография, болалар ўлими ва бошқа ижтимоий масалаларни кўтариб чиққан ўзбек ойдинлари ўз мақолаларида секинаста миллий масалаларга тегина бошлади.

Албатта, рус зулмини тақдирнинг бизга ёзган сценарийси сифатида қабул қилган шоирлар рус берган медал ва орденларни тақиб, маст-алас «бадиий дўстлик» ҳақида шеърлар ёзишда давом этаётгандилар.

Фақат энди бутун ўтган 50 йиллик «бадиий сукунат»ни бузишга шайланаётган бир авлод турганди бўсағада. Бу бизнинг авлод эди.

Мен авлод деганда айни йилда туғилганларни айтаётганим йўқ. Айни зеҳният соҳиби инсонлар жамоатини назарда тутаяпман. Бу авлод 1984 йил охирида Москвага исён мактубини жўнатди.

1984 йил охирида Компартиянинг мафкуравий жабҳада уйғулаган тазйиқига қарши битилган «Политбюрога мактуб» ўзбек ойдинларининг мавжуд режимга қарши ёзилган илк манифести бўлди.

Бу мактуб адабиётдаги цензура ва миллий қадриятларни менсимасликка қарши бир тиранишнинг намойиши эди. Бу мактубнинг оқибатлари эса биз учун муболағасиз бир миллий имтиҳонга айланди. Мактубга имзо чеккан ёш шоир ва ёзувчилар (50 дан ортиқ киши)нинг асарлари нашрига тақиқ қўйилди.

Бу тарихий имтиҳондан ўтган ўзбек мунавварлари энди катта шаҳарларда ўзбек мактабларини кўпайтириш, ишлаб-чиқаришнинг стратегик жабҳаларида миллий кадрларга йўл очиш, ерли халқ тилига давлат тили мақоми бериш каби Совет давлатининг тамалини қўзғатадиган жиддий масалаларни кўтара бошлади.

Камина у даврда илмий тадқиқот институтлари ва олий ўқув юртларининг ўқитувчилари талаби билан уларнинг ҳузурида миллий масалалар бўйича очиқча чиқишлар қилдим. Бу чиқишлар кенг жамоатчиликка танилишимга сабаб бўлди.

ЁЗУВЧИЛАР УЮШМАСИ КОТИБЛИГИ

1986 йилдан бошлаб, мақолаларим Москвада босила бошлади. «Дружба народов» журнали, «Литературная Россия» каби газеталар Ўзбекистонда босилиши мумкин бўлмаган, миллий масалаларга тегинилган мақолаларимни чоп этдилар.

1986 йил октябр ёки ноябр ойида Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси пленумида қилган қисқа нутқим ўзбек ижодкорлари ичида эътиборимни юксалтди, деб ўйламан. Бу кичик воқеа менинг 1988 йил май ойида Уюшма котиблигига сайланишимга туртки бўлган факторлардан бири, деб биламан.

Ёзувчилар Уюшмасидаги котиблик вазифаси эса мен учун миллий ҳаракатни ташкил қилиш жараёнида ҳукуматнинг бутун ёпиқ эшикларини очадиган бир сеҳрли калит моҳиятига эга эди.

ДАРЗ КЕТГАН ДЕВОРЛАР

Америка Президенти Роналд Рейганнинг 1987 йил 12 июн куни Берлин шаҳрини иккига бўлиб турган Бранденбург дарвозаси қаршисида сўйлаган нутқи фақат Шарқий овруполиклар учун эмас, балки умуман Шарқ учун, Совет Иттифоқидаги асир миллатлар учун ҳам бир мужда эди.

Рейган бу нутқида Совет Иттифоқини олмон миллатини иккига бўлиб турган бу деворни йиқишга чақирди. Ва девор икки ярим йил сўнгра йиқилди.

Ҳолбуки, Рейган бу нутқини тайёрлаб, маслаҳатчиларига берганида уларнинг аксарияти бу нутқни жиддий «юмшатиш»га ундаганди.

Аммо Рейган нутқини ўзгартирмади, у кун учун радикал кўринган бутун жумлаларини бор ҳаяжони билан ирод этди.

Бу воқеа бир лидернинг жасоратли сўзи дунёни ўзгартириши мумкинлигини яна бир марта исбот қилди.

Ҳали ҳам эсимда, мен бу нутқ янграганда Москвада эдим, уни рус шоирлари билан «Свобода» радиосидан эшитдик.

Биз ҳам қаттиқ ҳаяжонлангандик. Худди дунё билан бизнинг орамиздаги девор йиқилаётгандай севингандик.

«НЬЮ-ЙОРК ТАЙМС”

1988 йил октябр ойида «Нью-Йорк Таймс» газетаси мендан интервью олиб, ноябр ойида ёйинлади.

Бил Келлер, «Нью-Йорк Таймс» газетасида босилган мақола муаллифи

Бу мақоладаги қуйидаги жумла коммунистик режимни ғазабга келтирди: “Ҳамма нарса Сталиндан қолган «Пахта билан ўзини ўзи таъминлаш» сиёсатига бориб тақалади,” дейди шоир ва Ёзувчилар уюшмаси котиби Муҳаммад Солиҳ. «Бу пахта мустақиллиги – Ўзбекистоннинг қуллигидир… Биз пахтамизнинг 92 фоизини хом-ашё сифатида сотамиз. Кейин эса (бизнинг пахтадан тикилган) кўйлакларимизни Россиядан сотиб оламиз, – дейди жаноб Солиҳ. (By Bill Keller, «A Fantastic Dream» 06.11. 1988, The New-York Times)

Мақола эълон қилингандан беш кун ўтиб, 1988 йил 11 ноябрда бир ҳовуч адиблар ташаббуси билан»Бирлик» ташкилотини туздик.

Бу изма-из келган зарбалардан эсанкираб қолган совет режими ҳаракатга кечди: 1988 йил 13 декабр куни Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети органлари бўлмиш учта газета «Правда Востока», «Совет Ўзбекистони», «Ташкентская правда» газеталари камина ҳақда «Двойной стандарт честного Мухаммада» деган фельетон ёйинлади.

Бу фельетонда камина тўғридан-тўғри бир ирқчига қиёсланиб, рус душманига айлантирилганди.

Бу материал катта шов-шувга сабаб бўлди.

Совет Иттифоқининг аввалги даврларида бундай мақолaга «қаҳрамон» бўлган шахслар камида зиндонга ташланар ёки отишга ҳукм қилинарди.

Айни шу кунлари КГБнинг босими сезиларли даражада ортди.

Мен каби антикоммунист биттасининг номенклатура лавозими ҳисобланган бир мансабга кўтарилишим махфий ташкилотни жиддий ташвишга солиб қўйгани аниқ эди.

Телефонларим аввалдан ҳам тингланарди. Аммо котибликка келганимдан сўнгра бу таъқиб уст савияга чиқди.

Телефон орқали нотаниш кишиларнинг турли таҳдидлари кескин кўпайди.

Шундай хавотирли кунларнинг бирида чет эл матбуоти учун ёзган мақоламни бериш учун Америкалик дўстим Билл Фирман (William Fierman)ни уйимга чақирдим.

Билл Фирман Ўзбекистонга тез-тез келиб турадиган Индиана Университети мансуби олим эди. (Хушмуомила, маданиятли инсон эди. Ўзбек ойдинлари, ёзувчи ва шоирлари билан апоқ-чапоқ бўлиб кетганди. Балки, шундан қўрқибми, диктатор Каримов америкалик олим Билл Фирманни Ўзбекистонга киришини тақиқлаб қўйди).

Суратда William Fierman ўзбек ёзувчилари Дадахон Нурий ва Нурали Қобул билан. 1989 йил. Тошкент

Бу янги матнни Биллнинг ёнида олиб юриши хавфсиз эмасди. Буни ҳисобга олиб, ҳар бир саҳифанинг расмини чекишга қарор қилдик. Биллнинг фотоаппарати бор эди ва у ҳар бир саҳифани суратга олди.

Биз у пайтларда КГБнинг «ҳар ерда кўзи бор» деган афсонага шу қадар ишонардикки, расмларни салонда эмас, ванна хонасига кириб чекдик.

Бугунги технология замонида бу нарсалар кулгили кўринар, аммо у замонларда “бу нарсалар” ҳеч кулгили эмасди…

СОВЕТ ЎЗБЕКИСТОНИ ТАРИХИДА ИЛК МИТИНГ

20 декабрда ўзбек ёшлари бу «Правда Востока» ва бошқа газеталарда босилган ўша фельетон-мақолага қарши норозилик билдириб, Тошкентда намойишга чиқишди.

Аввал «Ўзбекистон» меҳмонхонаси олдида, кейин “Инқилоб хиёбони”да давом этган бу митингда ёшлар мақола авторлари бўлган «Правда востокa» газетаси мухбирлари Юрий Кружилин ва Хисамовларни ўзбек халқидан кечирим сўрашга чақирдилар ва уларга кечирим сўратдилар.

Бу митингга мени ҳам чақиришган эди

Бор-йўғи 300 кишидан иборат бир кичик гуруҳнинг бу жасур ҳамласи ўзбекнинг 135 йиллик Рус ишғолига қарши “Босмачилик ҳаракати”дан кейин кўтарган илк машруъ исёни эди.

Бу кичик митинг кейинги йилларда юзмингларни майдонга чорлаган илҳом манбаи бўлиб қолди.

ЎТИШ ДАВРИ ТИРАНИШИ

Бу давр СССРда фақат ўзбек миллати устида эмас, ўнлаб бошқа миллатлар устидаги 150 йиллик Рус мустамлакасининг йиқилишига васила бўлган давр бўлди.

Бу даврда қурилган «Бирлик«ташкилоти том маънода сиёсий ташкилот эмасди. Дастурига ҳам сиёсий мақсадлар эмас, юқорида санаганимиз экология, демография ва ҳоказо кўпроқ ижтимоий ҳадафлар киритилганди.

Бу ташкилот омманинг сиёсий онги ўсишида катта рол ўйнади. Инсонлар ўз иродалари билан бир ташкилот тузиб, унда ўз орзу истакларини ифода қилиши ва уларни амалга ошириш учун ҳаракатга кечиши мумкинлиги англадилар. Бу ўзбек зеҳниятида катта ўзгариш ясади.

(Давоми бор)

Тағин ўқинг
10 май 2023
Илгари Элтуз хабар қилганидек, Германияга ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер Берлин ...
22 октябр 2018
Москвада Каримов ҳайкали очилган 18 октябрь куни ўзбек мигрантларидан бири ҳайкал олдида таъзим қилиб, унинг пойини ўпди. Абсурд ҳолат ...
5 июн 2020
Оҳ ëз, қандай соз! Мана, ўлмаган қул сиз билан яна бир ëзнинг бошида гаплашиб турибмиз. Ëзни яхши кўраман. Шу ...
11 ноябр 2023
Элтуз порталига келган навбатдаги бешта шикоят мактубни ўқиб эшиттирамиз. Улар Ўзбекистоннинг Сурхондарё, Фарғона, Тошкент, Андижон ва Қашқадарё вилоятларидан келган. ...
Блоглар
25 ноябр 2025
Математика ўқитувчиси  ҳеч бўмаганда ўнгача санашни, она тили адабиëт ўқитувчиси эса тутлиқмай ўқиш ва хатосиз ...
24 ноябр 2025
Мен ўзбек сегментидаги Facebook’ни жуда яхши кўраман — ҳақиқий янгиликлар портали: цензурасиз, тўсиқсиз, ҳеч қачон ...
24 ноябр 2025
37 йил олдин — 1988 йил 20 ноябрда —СССР  Марказий телевидениесининг биринчи программасида Михаил Афанасьевич ...