12 январ – Россия босқинчиларининг Гўктепа қалъасига хужуми
Қадимий Хоразм худудидаги Гўктепа қамали ва 1881 йил 12 январдаги қонли тўқнашув Марказий Осиё тарихидаги энг фожиали ва шу билан бирга, минтақа тақдирини белгилаб берган бурилиш нуқталаридан биридир. Бу жанг нафақат ҳарбий ҳаракат, балки Чор Россиясининг Туркистонни тўлиқ бўйсундириш стратегиясининг якуний босқичи эди.
XIX асрнинг иккинчи ярмида Чор Россияси Бухоро, Хива ва Қўқон хонликларини мағлуб этган бўлса-да, Каспий денгизи ва Амударё оралиғидаги туркман қабилалари (асосан такалар) ҳануз мустақил эди.
Бу ҳудуд Ҳиндистонга борадиган йўл устида бўлиб, «Катта ўйин» (Great Game) доирасида Россия ва Британия ўртасидаги рақобат марказида эди.
1879 йилда Россиянинг Генерал Ломакин бошчилигида Гўктепага биринчи юриши шармандаларча мағлубият билан тугаган эди. Бу Чор Россиясининг обрўсига катта зарба бўлган.
Генерал Скобелев ва «Темир интизом»
1880 йилда император Александр II экспедиция қўмондонлигини Михаил Скобелевга топширди. У «Оқ генерал» номи билан танилган, ўта шафқатсизлиги ва қонхўрлиги билан ном чиқарган рус қўмондони эди. Унинг мақсади шунчаки ғалаба эмас, балки минтақада Россия қўрқувини абадий ўрнатиш эди.
Туркистон ҳудудида одам каллаларидан пирамида қурган Скобелев: «Осиёда тинчлик қурбонлар сони ва урилган зарбанинг кучига тўғри пропорционалдир.» деган ғояни илгари сургани айтилади.
Қалъа мудофааси
Гўктепа қалъаси (Денгилтепа) оддий лой деворлардан иборат бўлса-да, ичида 45 мингга яқин одам, (шундан 10-15 минг нафари жангчи, қолганлари аёллар ва болалар) бор эди. Туркманлар таслим бўлишдан кўра ўлимни афзал кўриб, ақл бовар қилмас жасорат кўрсатишган. Уларнинг асосий қуроли қилич ва милтиқ бўлса, русларда замонавий артиллерия ва пулемётлар бор эди.
Қалъа деворларини оддий тўплар билан тешиб бўлмагач, руслар ҳарбий муҳандисликнинг энг сўнгги усулини қўллашди:
Қалъа девори остига узун лаҳим (туннель) қазилиб, у ерга 1160 кг (қарийб 1,2 тонна) порох жойлаштирилди.
12 январь куни эрталаб портлаш содир этилди. Деворнинг катта қисми ҳавога учди. Бу нафақат жисмоний, балки кучли психологик зарба бўлди.
Шундан сўнг рус босқинчилари қалъага бостириб кирди. Скобелев қўшинларига қалъадан қочаётганларни ҳам аямасликка буйруқ берди. 15 километр масофагача қочаётганларни таъқиб қилиб, қиличдан ўтказишди.
Қонли қирғин оқибатлари
Бир куннинг ўзида 8 мингдан 15 минггача одам ҳалок бўлди. Бу Марказий Осиё тарихидаги энг қонли кунлардан биридир.
Гўктепа қулагач, кўп ўтмай Ашхобод ва Марв ҳам таслим бўлди. Шу билан Россия империясининг Марказий Осиёдаги чегаралари Афғонистон ва Эронга тақалиб қолди.
Бу жангнинг шафқатсизлиги қолган ҳудудлардаги қаршилик ҳаракатларига қаттиқ таъсир қилди.
Хулоса қилиб айтганда, 12 январдаги Гўктепа фожиаси Чор Россиясининг мустамлакачилик сиёсати қанчалик қонли кечганини кўрсатувчи тарихий далилдир. Бугунги кунда Туркманистонда бу кун «Хотира куни» сифатида ёд этилади.
