close
close
Cатира
25 сентябр 2025

Цензура ёки бировнинг қўли билан …ўт ковлаш ҳақида

close

Дунёда икки нарсани ёқтирмайман, бири цензура, иккинчиси аноним муаллифларнинг ғаразли мақоласини чоп этиш. Журналист бу икки холатга рози бўлиш учун боши билан жавоб бериши керак, ёки йиғиштириши керак бу ишни. Ҳаётимда касбим тақозоси билан ўзим ёзмаган мақолаларга имзо чеккан вақтларим кўп бўлган ва жабрини ўзим тортганман. Чунки, сизга фалон мақолани олиб ташла дея буйруқ берувчи цензор ҳам, мана бу мақолани чиқаргин дейдиган аноним муаллиф ҳам сизнинг қўлингиз билан ўт ковлайди. Ўзини ҳурмат қиладиган журналист мақоласига қуртдек қилиб имзо чекади, кимнингдир кўп ҳолларда бирор нашр муҳаррирининг орқасига яширинмайди. Касб кодексига кўра муҳаррир ёки журналист аноним шахсларни ҳеч қачон сотмаслик учун бу оғриқни бир умр юрагида сақлаши керак бўлади ва бу осон иш эмас.

90 йиллар бошида «Эрк» газетаси расман рўйхатга олингани боис маълум муддат масъул муҳаррир вазифасида ишладим. Вазифам техник жиҳатдан мақолалар терилган газета гранкасини Шарқ концернида чоп этиш учун босмага тайёрлаш ва кечқурун 18.00 да Давлат цензурасидан ўтказиб келиш эди. 

У пайтда Ўзбекистоннинг бош цензори Тошкентнинг «Пахтакор» метросидан чиқишда Матбуот уйи деб аталган биносида ўтирадиган Эркин Комилов деган бир аблаҳ одам эди. 

Газета 100 минг тиражда босилиши учун биз газета гранкасини босишдан олдин унга кўрсатиб олиш шартига рози бўлган эдик. У киши бир қарашда нималар олиб ташланишини аниқлар. Мен эса бу ўзгаришларни тезгина компютергакиритишим бўшлиқни тўлдиришим ва бу ишларни автоматик бир тарзда жуда тез қилишим шарт эди. Чунки соат 19.00 гача улгурмасам босмахона дарвозаси мен учун ёпиларди. У ерда кечикмаслик учун бизникилар навбат олиб кутиб туришарди. 

Цензура қилинган гапларни ўша пайтда иккига бўлиш мумкин эди. Биринчиси аноним манбаларга оид, мен уларни ўчиришга рози бўлар эдим. Чунки улар ичида ҳамиша яширилган қандайдир ғараз бор. Ёки исмини айтишга қўрқадиган одам ёзган. У кимнингдир тегирмонига ёки тагига сув қуймоқчи. Бу очиқ ойдин эди мен учун. Чунки ўша пайтларда «Эрк» газетасига юмалоқ хат кўтарган бир хил одамлар ҳар куни келарди ва мен уларни нома ном билардим.

«Буни ким ёзди, қани исбот?» дерди давлат цензори ва мен қалам олиб жумлани ўчирардим. Албатта қоидага кўра мен аноним муаллифнинг кимлигини айтмасдим. Гарчи бундай мақолалар тагида менинг исмим ёки Эгамқул Фалончиев деган таҳаллусли муҳарриримиз таҳаллуси турарди ва бу фикрларини мусорга отганимда виждоним ҳеч қийналмасди.

Иккинчи масала конкрет муаллифнинг ҳақли фикрлари акс этган мақолалар цензураси. Бу ерда мен қаттиқ асабийлашиб, мақолада келтирилган аргументларни ҳимоя қилишга уринардим. Муаллифларга эртага мақола тақдири қандай ҳал бўлгани ҳақида ёруғ юз билан жавоб беришим кераклигини ўйлардим.  Лекин Комиловнинг башараси темирбетон каби ўзгармас эди… 

Бу асабийлик мени емира бошлади. 1992 йилнинг ёзи эди. Бир куни мен унинг олдига киришдан олдин ўзим билан диктофон олволдим. Уни бир парча қоғоз остида стол устига қўйдим, 18.00 да бошланган  цензура бир соатда якунига етиши керак эди. Лекин биз соат 21.00 гача баҳслашдик. Ниятим газетани чиқаришдан ҳам кўра Эркин Комиловни кўпроқ фош қилиш эди.

Ташқарида мени Эрк газетаси учун ижарага олинган «Волга» машинаси ҳайдовчиси кутиб турар, вақт чўзиларди. Бу вақтда бир соатлик аудио кассета Эркин Комилов билан жанжал ёзуви билан тўлди. Ва сўнггида мен нарсаларимни йиғиштириб бугун бу аҳволда газета чиқмаслигини айтарканман, унинг ҳамма гапларини ёзиб олганимни билдирдим…

Комиловнинг башараси оқариб кетди. Столдаги ҳукумат телефони орқали кимларгадир қўнғироқ қила бошлади. Мен яшин тезлигида бинодан чиқиб машинага ўтирдим. Шарқ концернида мени ҳамкасбларим халиям кутиб турарди. «Газета чиқмайдиган бўлди. Кетдик тезроқ» дедим. Аудио кассетани газета муҳарририга топшириб. Уйга кетиб тинчгина ухладим.    

Қизиғи шундаки, эртасига газета чоп этилди… олиб ташланган мақолалар ўрнида қолган оппоқ доғлар билан. Эркин Комиловнинг янги шартига кўра цензура ишларига мени бошқа яқинлаштиришмади. Мен эса бундан ҳурсанд эдим…

«Элтуз» нашри муҳаррири

Қудрат Бобожон       

Тағин ўқинг
1 декабр 2016
«Миллий тикланиш» газетаси (30.11) шу номдаги партиядан Ўзбекистон президентлигига номзод этиб кўрсатилган Сарвар Отамуродовнинг сайловолди учрашувлари якунига бағишланган каттагина ...
17 декабр 2018
Ўзбекистонда 2017 йилда 13 фоиз киши ўз ихтиёрига қарши равишда пахта теримига жалб қилинган бўлса, 2018 йилда бор-йўғи 7 ...
16 апрел 2024
Хоразм вилояти Боғот тумани Тиббиёт бўлими ходимлари номидан ёзилган ва Элтузнинг телеграм каналида чоп этилган шикоят мактуби юзасидан навбатдаги ...
12 август 2019
Рассом Кирпиeltuz.com
Блоглар
14 сентябр 2025
1990 йилнинг 20 июн кунини яхши эслайман. Ўша куни Ўзбекистон мустақиллиги ҳақида баëнот қабул қилинган ...
10 сентябр 2025
Сўнгги вақтларда деярли ҳар куни ҳоким ёки ҳоким ўринбосарлари пора олгани сабаб қўлга олингани ҳақида ...
3 сентябр 2025
Рахматлик  отамдан  «неча ëшдасиз» деб сўрасам » ҳаққийсизми ëки документда ëзилганими» деб жавоб берарди. Отам ...