close
close
Асосий мавзулар
17 сентябр 2025

Итоат учун жазо: мансабдорлар Ўзбекистон пахта тизими қурбонига айланмоқда

close

Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани ҳокимининг ўринбосари Дилфуза Тошматова Ўзбекистонда охирги уч йилдан бери теримчилар етишмаётган шароитда бу йилги пахта теримининг илк қурбонига айланди.

8-сентябр куни Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Тошматова “мажбурий меҳнатга жалб қилиш” учун маъмурий жавобгарликка тортилиб, 20,6 миллион сўм жарима қўлланилганлиги ҳақида эълон қилди. Бу қарор Тошматова томонидан маҳалла “хотин-қизлар фаоллари”га юборилган видеомурожаат ижтимоий тармоқларга тарқаб кетганидан сўнг қабул қилинди. Унда Тошматова ҳар бир фаолдан 5–10 нафар теримчи топишни талаб қилиб, акс ҳолда улар ишдан бўшатилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг расмий баёнотида фуқароларга агар улар пахта теримига мажбуран жалб қилинаётган бўлсалар, махсус ишонч телефонига аноним равишда мурожаат қилишлари мумкинлиги эслатиб ўтилган.

Дилфуза Тошматова муносиб жазога тортилгандек кўринса-да, пахта терими вақтида мажбурий меҳнат ҳақидаги мурожаатлар ва ОАВдаги хабарларни текшириши керак бўлган Меҳнат инспекцияси “кўз олдидаги филни кўрмасликни” афзал билди. Гап шундаки, Тошматова аслида пахтани ўз вақтида йиғиб олиниши учун жавобгар бўлган туман ҳокимининг топшириғини бажараётган шахс эканлиги аниқ.

11-сентябр куни Eltuz телеграм канали Бухоро тумани ҳокими Анвар Очиловнинг маҳалла ходимларига айтилган нутқи ёзиб олинган аудиоёзувни эълон қилди. Унда хоким фуқароларни пахта теримига сафарбар қилиш учун «қаттиқ шуғулланишга» чақирган. “Эртадан бошлаб шундай режимда ишлаймиз. Соат 6:30 дан кечиктирмай иш бошлайсизлар. Ҳаммани пахта теримига олиб чиқинглар. Фермерлар билан келишиб, теримчилар учун шароит яратинглар. Фото ва видео ҳисоботларни [Телеграм] гуруҳга юборинглар”, — деб топшириқ берган ҳоким.

Ҳокимнинг нутқидан маълум бўлишича, Бухоро тумани бир кунда 1 100 тонна пахта йиғиб олиши керак — бу туман бўйича белгиланган умумий режанинг 3,5 фоизини ташкил этади. Ушбу режани бажариш учун туман бўйича ҳар куни камида 20 мингта теримчини сафарбар қилиш лозим, дейди ҳоким.

Ўзбекистонда пахта теримини Президент маслаҳатчиси Шуҳрат Ғаниев назорат қилади. У анъанавий равишда пахта мавсумида ҳар куни тушдан кейин Zoom йиғилиш ўтказиб, вилоят ва туман рахбарларидан теримнинг кандай бораётгани, теримчилар сони ҳақида ҳисобот олади. 2024 йилги пахта терими давридаги шундай йиғилишлардан сиздирилган ёзувлар режани бажармаган туман ҳокимларига улкан босим ўтказилганини кўрсатган эди. Ғаниев уларни лавозимидан озод қилиш ва жиноий жавобгарликка тортиш билан таҳдид қилган.

Пахта терими вақтида ўзини ўзи бошқариш органи сифатида тақдим этиладиган «маҳалла еттилиги» одатдаги зарур теримчилар сонини таъминлаш учун масъул бўлади. Шу сабабли маҳалла ходимлари пахта терими пайтида жуда катта босим остида ишлаб, ҳоким топшириқларини бажармаслик уларнинг ишидан айрилишига сабаб бўлиши мумкин.

Маҳалла ходимларини ишдан бўшатиш билан қўрқитиб, пахта теримига сафарбар этишга мажбур қилгани учун ўқитувчининг олти ойлик маошига тенг миқдорда жаримага тортилган Дилфуза Тошматова, аслида, ҳукуматнинг энг юқори поғоналаридан бошлаб пастгача таҳдид ва қўрқитиш асосида қурилган пахтага сафарбар тизимининг навбатдаги қурбонидан бошқа нарса эмас.

Агар амалдорларни пахта терими учун одамларни мажбуран жалб қилишга ундаётган сабаб ва рағбатлар бартараф этилмаса, Ўзбекистон пахта далалари мажбурий меҳнат учун юқори хавфли ҳудуд бўлганича қолаверади.

Тағин ўқинг
21 ноябр 2023
Ўзбекистон Х фактор шоусини ўтказадиган дунëдаги 58 давлатдан бири бўлди. Қадрли мухлислар, бугунги мавзуимиз 19 ноябр куни 12 нафар ...
23 январ 2022
(Таниқли шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобидан 37-қисм. Аудиокитоб матнини муаллифнинг ўзи ўқиган. Давоми бор.) Мана, алҳамдулиллоҳ, шеърларимнинг ...
25 феврал 2016
Агар Навоий тирик бўлганида бугунги ўзбек кинолари ҳақида нима дер эди. Ҳар ҳолда тасанно айтмаган бўлар эди. Масалан Ўзбекистонлик ...
4 июн 2020
Бобил инсоният тарихидаги энг қадимий, энг йирик шаҳарлардан биридир. Унинг тарихини кузатарканмиз, урбанистик марказларнинг узлуксизлигини ва давомийлигини кўрамиз. Бобил ...
Блоглар
14 сентябр 2025
1990 йилнинг 20 июн кунини яхши эслайман. Ўша куни Ўзбекистон мустақиллиги ҳақида баëнот қабул қилинган ...
10 сентябр 2025
Сўнгги вақтларда деярли ҳар куни ҳоким ёки ҳоким ўринбосарлари пора олгани сабаб қўлга олингани ҳақида ...
3 сентябр 2025
Рахматлик  отамдан  «неча ëшдасиз» деб сўрасам » ҳаққийсизми ëки документда ëзилганими» деб жавоб берарди. Отам ...