«Гулнор» 4-қисм, (Очилиш маросими)
Аxмад Бейжон Эржилосун
Академиядаги очилиш маросими тантанали бўлди. Ўзбекистон фанлар академияси ва тил институти президентлари билан хорижий ўлкалардан биттадан вакил ҳайъат девонига таклиф қилинди.
Туркияни профессор Ойша Қилич хоним тамсил этди. Аммо унинг ёнида Ўрхон Нодий ҳам ўтирарди. Туркиядан бир эмас, икки олимнинг девонда ўтириши айниқса Ўғузни ғурурлантирди. Ўрхон Нодийнинг Туркия номидан нутқи ҳақиқатан ҳам яхши бўлди. У Турк-совет дўстлигини ҳам, ўзбеклар билан қардошликни ҳам бузмайдиган шаклда гапирди. Ўрхон Нодийнинг Москвадан келган иккита меҳмонни тез-тез “суҳбат”га тортиши орқасида ўша муносабатларни мустаҳкамлаш истаги ётарди.
Профессор Чанишев татар туркларидан эди. Узоқ йиллардан бери Москвада яшар ва ўзбек, озарий, қозоқ туркшунослари орасида катта обрўси бор эди. Профессор Маликов эса асли озорий эди, у ҳам Москвада яшарди.
Турк ҳайъатидаги баъзилар Ўрхон Нодийнинг москваликларга яқинлашувини шахсий эътибор қозониш учун қилинган ҳаракат деб баҳолашди. Аммо Ўғуз бундай деб ўйламасди. Ўрхон домланинг “ҳаракатлари” турк ҳайъати фойдасига эди, шунинг щзи етарли эди.
Эрйигит:
– Ҳар ким қўлидан нима иш келадию, нима келмаслигини билиши лозим. Масалан, мен Ўрхон хўжа қурган алоқаларни фойдали деб биламан. Бундай муносабатлар ўрнатишда менда қобилият йўқлигини ҳам биламан. Демак, мен қобилиятли дўстларимга ҳасад қилмай, уларни қуллаб-қувватлашим лозим, — деди.
Эрйигит домла, “қизим сенга айтаман, келиним сен эшит” қабилида гапирганди бу гaпни. Аммо “келин” Ўрхон Нодийга ҳасад қилганларми ёки Ўғузгами шуниси қоронғу эди? Ўғуз шулар ҳақида ўйларди. Балки Эрйигит домла Ўғузга “қара, бу одамлар бўлари бўлган, уларнинг феълини ўзгартириш қийин, сен эса ёшсан, уларга ўхшаб ўз касбдошларингга ҳасад қилма” демоқчи бўлгандир.
Оқшом емагини яна меҳмонхонада ейишди. Гулнор яна Ўғузнинг ёнига келиб ўтирди. Сўнар Ойдамир ва Ўрхон Нодий ҳам улар билан бирга ўтирдилар.
Гулнор Ўрхон Нодийга қараб:
–Ўрхон бей сиз гуруҳнинг секретарисиз, шундайми?, — деди.
Ўрхон Нодий:
–Гулнор хоним, бизнинг делегация раҳбари профессор Ойша Қилич хоним. Фақат, биласиз, у ёши анчага бориб қолган. Мендан ёрдам истади. Мен ҳам сизларнинг раҳбарингизга “секретар” эканимни сўйлагандим. “Секретар” сизларда жуда муҳим экан, мени олд планга чиқариб юборишди…
Гулнор унинг сўзларидан қаноат ҳосил қилди шекилли, мавзуни ўзгартирди:
– Сўнар бейнинг маърузасини диққат билан тингладим. Ўғуз уруғларининг Онадўлида бу қадар кўплигини мен билмасдим. Йигирма тўртта Ўғуз аймоғининг отлари ер исмларида мавжуд экан…
Сўнар Ойдамир ўз маърузасига Гулнорнинг диққат қаратганидан қувониб кетди. Маърузани узундан-узоқ тушунтира бошлади. Ўрхон Нодий бир неча марта суҳбат мавзусини ўзгартиришга уринди, бўлмади, емагини еб, туриб кетди. Ўғуз Гулнор билан эрталабки суҳбатни давом эттиришни истаганди, аммо бунинг ҳам иложини қилолмади. Профессор Ойдамир Ўғуз уруғларининг тамғалари, сажжодалари, гиламлари ҳар ерда мавжуд экани ҳақида тинмай сўзларди.
Гулнор бу гапларни ўз рапортида қандай қилиб тасвирлашни ўйларди. Бир жумла топди: “Профессор Сўнар Ойдамир қуюқ пантуркчи, ҳар ерда турклик ва ўғузликнинг изларини топади”.
Аслида, Ўғуз билан ёлғиз қолмагани учун Гулнорнинг юраги сиқилаётганди. Уни гапиртириши керак эди, чунки вазифаси шу эди. Аммо Ўғуз бу оқшом ҳеч гапирмади…
…
Гулнор эрталаб меҳмонхонага вақтлироқ келиб, фойеда Ўғузни кутди. Уни мутлоқо гапиртириши лозим. Ниҳоят Ўғуз келди, “кун ойдин!”, деб саломлашди. Ёнида профессор Соми Ошқин ҳам бор эди. Ўғуз унинг ёнида тортинмай суҳбатлаша оларди. Учовлон бир стол атрофига ўтиришди.
Профессор Ошқин:
– Бугун кечқурун бир ерга борамиз, шекилли?, — деди.
– Ҳа, хўжам, программага кўра бугун коктейл бор, — деб жавоб берди Ўғуз.
– Мен ҳам коктейлни назарда тутдим зотан, — деди профессор Ошқин.
Лекин Гулнор профессорнинг коктейлдан бошқа нарсани “назарда тутганини“ гумон қилди.
Қорлиғашевнинг инструкциясига кўра, меҳмонлар программада кўрсатилмаган ерга кетмасликлари шарт эди. Лекин бу тақиқлар меҳмонларга сездирмай ижро этилиши керак эди. Қизиқ, меҳмонлар яна қаерга боришга шайланишмоқда? Ким булар билан кўришади ва қаерга таклиф қилади? Афтидан бу “таклиф”ни Ўғуз билмайди. Профессор Ошқинга “таклиф” билдирилган, аммо у ҳам кўп нарсани билмайди.
Гулнор Ўғузни гапга солди:
– Ўғуз бей, кеча Сўнарбейнинг гапирган гаплари мени жуда қизиқтирди. Сиз ҳам ўғузларнинг Онадўлида шу қадар кенг тарқаганига ишонасизми?
– Ҳа, Гулнор, профессор Сўнарнинг тадқиқотларига кўра 16-аср Усмонли тарих дафтарларида Ўғуз уруғининг исмлари қишлоқ номларида кўрсатилган. Ҳар бир қишлоқдан солиқ олинган ва уларнинг исмлари ўша васиқаларда мавжуд, булар муҳим ҳужжатлардир. Профессор Баркен бу ҳужжатлар асосида Усмонли давлатининг экономикасини тадқиқ этганди. Профессор Сўнар эса бу тарихнома қўлёзмаларидан илк бор топономик манба сифатида қўлланди ва ўғуз уруғларига мансуб ерларни рўйхат ҳолида эълон қилди.
Гулнор профессор Ойдамирнинг ҳам шунга ўхшаган фикрларни айтганини эслади, лекин Ўғузнинг тушунтириш услуби унинг зеҳнини кенгроқ очди. Ўғуз гапирар экан, мушоҳадасига ташвиқот туси бермасликка ҳаракат қиларди, Гулнор буни ҳис қиларди.
– Менимча, ўғузларнинг Онадўлида мавжудлиги илмий жиҳатдан исботга муҳтож бўлмаган ҳақиқатдир, — дея сўзида давом этди Ўғуз, — мени қизиқтирган нарса, Онадўлида Ўғуз туркларидан бошқа ҳам турк уруғлари борлигидир. Сиз Ойша Қилич хоним билан танишдингиз, у ўз тадқиқотларида қора денгиз соҳилларидаги Вартин туманида яшовчи қипчоқ туркларининг хусусиятларини кашф қилди. Менимча, Туркиянинг Арзрум, Карс, Ортвин, Риза каби вилоятларида ҳам қипчоқ таъсири бор. Профессор Tўғон Oзарбойжон этнографиясига оид бир мақоласида Шимолий ва Жанубий Озорбайжондаги қипчоқ унсурларини кашф қилган.
Профессор Сомий Ошқин сўзга аралашди ва Ўғузнинг сўзларини тасдиқлади.
“Тўғон” исми Гулнорнинг диққатини жалб килди. Бу исмни қаердадир эшитган ёки ўқиганди. Ҳа, “Ўзбекистон Коммунисти” газетасининг бир ой аввалги бир сонида бу исмни учратганди. Туркиянинг таниқли пантуркчиларидан бири эди. Улуғ октябр инқилобининг илк йилларида қизил aрмияга қарши курашган контреволюционер эди. Tуркияга қочиб, хоинлигини кўрсатганди. Улуғ Ватан урушида эса олмон фашистларига маслаҳат берган душман агент эди. Гулнорнинг газетадан ўқиганларидан хотирасида қолгани шу эди.
–Профессор Тўғон ким, озарбайжонми?, — дея Ўғузга юзланди Гулнор.
– Йўқ, Гулнорхоним, у бошқирд. Ўлкасини тарк этишга мажбур бўлган бир олим. Улуғ Октябр инқилоби даврида сиёсат билан ҳам шуғулланди, аммо у олим эди. Билганини гапиришдан қўрқмайдиган олим. Ленин билан фикри келишмагани каби, 1931 йилда Отатурк билан ҳам келишолмай қолганди…
Ўғуз сал чегарадан ошганини ҳис қилди ва сўзини шундай тугатди:
– Мен уни турк тарихининг буюк олимларидан бири ҳисоблайман.
Гулнор “Отатурк билан келишолмади” иборасига хаёлида белги қўйиб қўйди. Бу ибора Гулнорга қўл келиши мумкин эди. Бу ибора билан Ўғузни Туркияда мушкул вазиятга солиш имкони бор эди. Рапортда буни ёзишга қарор қилди…
Сиз турк ёзувчиси Аxмад Бейжон Эржиласуннинг Гулнор романи аудиокитоби тўртинчи қисмини тингладингиз. Уни Қудрат Бобожон ўқиди. Давомини Ютубдаги Элтуз каналининг келгуси ёйинида кузатинг.