Cамарқандда ЙПХ оғир беморни олиб кетаётган тез ёрдам машинасини тўхтатди
Самарқанд шаҳрида 12 декабрь куни оғир аҳволдаги беморни олиб кетаётган тез тиббий ёрдам автомобили ЙПХ ходимлари томонидан тўхтатилгани Элтузга маълум қилинди.
Маълумотларга кўра, мазкур ҳаракат ЙПХ бошлиғи Обид Шарипов Обид буйруғи асосида амалга оширилган. Ҳодиса вақтида ЙПХ ходими “буйруқни бажаряпман” дея изоҳ берган. Унинг таъкидлашича, ИИБ биносида йиғилиш бўлаётгани сабабли тез тиббий ёрдам машинасида овоз чиқаргичдан фойдаланмаслик талаб қилинган.
Аҳоли эътирозига кўра, бундай талаб оғир бемор ҳаётини хавф остига қўяди. Чунки тез тиббий ёрдам машиналари сабабсиз шошилмайди, ҳар бир дақиқа инсон ҳаёти учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Мазкур ҳолат юзасидан Ички ишлар вазири Азиз Анварович ва Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғи Арипов Тоҳирга мурожаат қилинган. Мурожаатда тез тиббий ёрдам фаолиятига тўсқинлик қилишга йўл қўйган раҳбарлар фаолиятига ҳуқуқий ва хизмат текшируви ўтказиш сўралган.
Жамоатчилик тез тиббий ёрдам машиналарига устувор йўл ҳуқуқи таъминланиши, инсон ҳаёти ҳар қандай маъмурий тадбир ёки йиғилишдан устун қўйилиши шартлигини таъкидламоқда.
