«Аския Сити»даги қурилиш майдонида бир шахс ҳалок бўлди
18 феврал куни Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги “Аския Сити”даги нолегал қурилиш майдонида яна бир фожиа содир бўлди.
Маълумотларга кўра, шахси номаълум эркак тахминан 35-40 ёшларда бўлиб, на қурилиш ходими, на маҳаллий аҳоли вакили экани аниқланган.
Ҳодиса тахминан соат 15:00 атрофида содир бўлган. Ҳалок бўлган фуқаро котлованга тушиб кетгани ва ўша ерда ҳалок бўлгани айтилмоқда.
Ҳодиса жойига тез ёрдам бригадаси етиб келган, аммо улар унинг ҳаётини сақлаб қола олишмаган. Шунингдек, ички ишлар ва прокуратура ходимлари ҳам воқеа жойида иш олиб бормоқда.
Маълумотларга кўра, мазкур котлован ноқонуний экани ва суд томонидан уни кўмиш ҳақида қарор чиқарилгани таъкидланган.
Шунга қарамай, қурилиш билан боғлиқ шахслар котлованни ёпмаган ва аксинча, ер участкалари ҳужжатлари бор деб, одамларга сотишда давом этган.
“Аския Сити”даги ноқонуний қурилиш 2018 йилдан бери баҳсли ҳолатда қолмоқда. Муаммоли ҳудудда қурилиш ишлари давом этгани ва бу каби фирибгарлик схемалари орқали фуқаролардан пул олиб келинаётгани айтилади.
Ҳеч бир давлат идорасининг бу ҳолатга таъсир ўтказа олмаётгани, одамлар уйсиз қоладими ёки ҳаётдан кўз юмадими, бундай гуруҳларга фарқи йўқлиги ҳақида маҳаллий манбалар гапирмоқда.
Ҳозирча ҳодиса юзасидан расмий изоҳ берилмаган.