close
close
Асосий мавзулар
13 март 2025

“Пахта кўп, лекин уни терадиган одам йўқ.”

close

Германиядаги инсон ҳуқуқлари бўйича “Ўзбекистон форуми” ( Uzbek Forum for Human Rights) мамлакат пахта секторида банда бўлган фермерлар фаолиятига ҳукумат аралашуви ва фермерларга вақтида пул тўланмаслиги оқибатида теримчилар етишмовчилиги билан боғлиқ муаммолар ҳақида  хисобот эълон қилди.

Ҳисоботда 2024 йилги пахта терими жараёнида ҳукуматнинг асоссиз аралашуви кузатилгани, фермерларга ўз харажатларини бошқаришда кўпроқ мустақиллик бериш ва пахта нархларини кластерлар билан ўзаро келишиш, шунингдек, теримчилар учун ҳақ белгилаш имконини яратишга қаратилган ижобий қонунчилик бузилганига диққат қаратилади.

Теримчиларнинг кескин танқислиги ва етарлича пахта териш машиналарининг мавжуд эмаслиги сабабли ноябрь ойига келиб жуда кўплаб пахта далаларида ҳосил терилмай қолиб кетгани ҳам ҳисоботдан ўрин олган.

Ҳисобот пахта етиштиришдаги етти муамони урғулади

Ҳукумат томонидан сентябрь ойида пахта нархини пасайтириш тўғрисидаги қарор қабул қилинганидан сўнг, фермерлар қўл терими учун рақобатбардош нархларни таклиф қила олмагани ортидан етарли миқдорда теримчиларни жалб қилишга қийналиб, режалаштирилган ҳосилни йиғиб олишда жиддий муаммога дуч келди.

Президент маъмурияти томонидан туманлар кесимида белгиланган ҳосил режалари бажарилишини таъминлашга масъул маҳаллий амалдорларга босим маҳалла идораларидан тортиб давлат ташкилотларига ҳам узатилиб, теримчиларни сафарбар қилиш чоралари кўрилди.

Терим мавсумининг дастлабки босқичларида ҳосилни топшириш режасидан ортда қолаётган туманларда давлат хизматчилари мажбурий меҳнатга жалб қилингани ҳужжатлаштирилиб, бу жараён президент маъмурияти томонидан назорат қилинади ва фермерлардан кунига прогноз қилинган пахта ҳосилининг 4%ини топшириш талаб қилинади.

Ҳукумат 2020 йилда пахта етиштириш бўйича давлат режасини бекор қилган бўлса-да, ушбу ишлаб чиқариш мақсадлари амалда де-факто режа вазифасини ўтайди ва мажбурий экин жойлаштириш тизими асосида ҳисобланган прогноз ҳосилга асосланади.

Давлат йўл қўйган мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари оммага ошкор бўлганидан сўнг ҳукумат уларни бартараф этиш учун чоралар кўрди ва мавсумнинг кейинги босқичларида бундай ҳолатлар камайгани кузатилди. Бироқ, 2024 йилги пахта ҳосилини мониторинг қилиш натижалари яна бир бор пахта етиштириш устидан сақланиб қолган маъмурий назоратнинг мавжуд хавфларини ошкор этди.

Ҳукумат давлат бошчилигидаги мажбурий меҳнатни кенг миқёсда қўллашнинг олдини олиш борасида сезиларли прогрессга эришган бўлса-да, аммо қолган хавфларни тўлиқ бартараф қилиш мақсадида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегияси доирасида қабул қилинган ислоҳотларни изчил амалга ошириши лозим.

7Ушбу ислоҳотларнинг барқарорлигини таъминлаш учун ҳукумат уюшмалар эркинлиги ва фуқаролик жамияти учун қулай муҳит яратиш бўйича ваъдаларини бажариши, шунингдек, мустақил мониторинг ва ҳисобот бериш жараёнларига тўсқинлик қилмаслиги лозим.

Германиядаги инсон ҳуқуқлари бўйича “Ўзбекистон форуми” ҳисоботидаги ўнта асосий хулоса

Теримчиларнинг кескин етишмовчилиги фермерларнинг рақобатбардош иш ҳақи тўлаш имкониятига эга эмаслиги билан боғлиқ бўлиб, бу ҳолат ишлаб чиқариш харажатларининг ошиши, ҳукуматнинг аралашуви ва пахта кластерларининг фермерлар олдидаги доимий қарздорлиги сабабли юзага келди.

1. Ҳукумат томонидан амалга оширилган икки кенг ва кескин аралашув яқинда қабул қилинган қонунчиликка зид бўлиб, фермерларга пахта-тўқимачилик кластерлари билан пахта нархини келишиб олиш имконини чеклади ва теримчилар учун мажбурий равишда иш ҳақини ошириш талабини жорий қилди.

2. Ўзаро зид сиёсатлар, ҳукуматнинг аралашуви ва амалда пахта етиштириш режаларининг сақланиб қолиши жазо таҳдидини қўллаш билан боғлиқ бўлиб, бу эса мажбурий меҳнат ва фермерларнинг эксплуатация қилиниши учун юқори хавфли муҳит яратди.

3. Қишлоқ аҳолиси даромад топиш имкониятлари юқори бўлган бошқа мавсумий ишларга йўналди.

4. 2024 йилги ҳосил терими секин кечгани ва белгиланган ҳосил режасини бажаришга қийналгани ортидан амалдорлар янада кўпроқ теримчиларни жалб қилиш топшириғи билан ниҳоятда катта босим остида қолди.

5. Теримчилар ва техника танқислиги сабабли далаларда катта миқдорда пахта йиғилмай қолиб кетди.

6. 2024 йил кузида режалаштирилган 3,6 миллион тонна ўрнига тахминан 3,1 миллион тонна пахта йиғиб олинди. 

7. Мониторлар кузатувига кўра, 2024 йилги ҳосил теримида кенг кўламли ва тизимли равишда ҳукумат томонидан мажбурий меҳнат қўлланилгани аниқланмади.

8. Мониторинг жараёнида бир неча туманларда давлат корхоналари ходимларини далаларга мажбуран чиқариш ёки ўрнига теримчи ёллаш учун пул тўлашга мажбурлаш ҳолатлари ҳужжатлаштирилди.

9. Мониторинг қилинган туманларда болалар меҳнати ҳолатлари аниқланмади.

10. Октябрь ойи ўрталарида давлат хизматчилари ва маҳалла аҳолисини мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳақидаги оммавий ахборот воситалари хабарларига Сенат ва Таълим вазирлиги томонидан муносабат билдирди ва мавсум охирига келиб мажбурий меҳнатга оид хабарлар сони камайгани кузатилди. 

2024 йилдаги асосий ўзгаришлар хронологияси

Январь-февраль ойларида фермерлар Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржаси орқали кластерлар билан тўғридан-тўғри фьючерс шартномаларини тузиб, етказиб бериладиган пахта ҳажми ва нархини келишиб олди.

Сентябрь ойида кластерлар ҳукуматга мурожаат қилиб, фьючерс шартномаларида келишилган нарх жаҳон бозорида пахта нархининг тушиб кетиши сабабли уларга фойда олиш имконини бермаслигини маълум қилди. Улар фермерларга тўланадиган пахта нархини пасайтириш учун ҳукумат аралашувини сўради.

13 сентябрь куни Вазирлар Маҳкамаси қарор чиқариб, пахтани сотиб олиш нархини бир томонлама тарзда 6 800 сўм (тахминан 0,52 АҚШ доллари) этиб белгилади ва фермерларга ҳар бир килограмм учун 1 000 сўм (тахминан 0,08 АҚШ доллари) субсидия таклиф қилди.  Бу қарор фермерларнинг кластерлар билан фьючерс шартномаларида келишилган нархни сезиларли даражада пасайтириб юборди ва уларнинг теримчиларга рақобатбардош ҳақ тўлаш имкониятига жиддий таъсир қилди.

9 октябрь куни Қишлоқ хўжалиги вазирлиги теримчилар танқислигини бартараф этиш мақсадида фермерлар пахта теримчиларига тўлов миқдорини килограммига 2 500 сўм (тахминан 0,19 АҚШ доллари)га оширишларини эълон қилди.

Мавжуд хавф-хатарлар ва мажбурий меҳнатнинг асосий сабаблари

2024 йилги пахта теримида мажбурий меҳнатга жалб қилишнинг айрим ҳолатлари қуйидаги омиллар билан боғлиқ:

Фермерлар ихтиёрий равишда пахта теришни рағбатлантириш учун етарли даражада юқори ҳақ тўлай олмади;

Ҳукумат ҳали ҳам ҳосилни йиғиб олиш устидан назоратни сақлаб қолган ҳолда фермерларга амалда пахта етказиб бериш режаларини юклашда давом этиб, бу маҳаллий амалдорларнинг ушбу режаларни бажариш учун масъулиятини кучайтирди;

Мажбурий меҳнатдан ҳимоя қиладиган ишончли шикоят механизмлари ҳамда кучли ва мустақил касаба уюшмалари мавжуд эмаслиги, жумладан, давлат ташкилотларидаги ходимларнинг мажбурий меҳнатга жалб қилинишига қарши ҳимоя воситалари йўқлиги.

Пахта ҳосилини ўз вақтида йиғиб олишга маъсул ҳисобланган вилоят ва туман ҳокимлари президент маъмурияти томонидан ўз ҳудудларида йиғилган пахта ҳажми ҳақида кунлик ҳисобот тақдим этиш бўйича кучли босим остида қолди. Теримчилар танқислиги шароитида баъзи ҳокимлар давлат ташкилотлари ходимларини мажбуран пахта теримига жалб қилишга мажбур бўлган.

Пахта терими жараёни маҳаллий амалдорларни зиддиятли мажбуриятлар ўртасида қолдирувчи тизимга асосланган: бир томондан, уларга ҳосилни тезроқ йиғиб топшириш талаби қўйилган – ҳатто агар ихтиёрий теримчилар ва техникалар етарли бўлмаса ҳам; иккинчи томондан, юқори раҳбарият томонидан белгиланган ҳосил режаларини бажаролмаслик учун жазо таҳдиди мавжуд; учинчи томондан, давлат томонидан мажбурий меҳнатга жалб қилганлик учун жиноий жавобгарлик хавфи ҳам бор. Ҳукумат томонидан белгиланган давлат пахта буюртмаси ўрнида қўлланилаётган “пахта режаси” ёки прогнозлаш орқали пахта етиштириш устидан қатъий назоратни сақлаб қолишга бўлган интилиш – мавсум давомида мажбурий меҳнат хавфини юқори даражада ушлаб турди.

Октябрь ойининг биринчи ярмида давлат муассасалари ходимларини мажбуран пахта теримига чиқариш ёки кўпроқ ихтиёрий теримчиларни жалб қилиш учун пул беришга мажбурлаш ҳолатлари ҳақида оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда хабарлар тарқала бошлади. Шунингдек, маҳалла расмийлари томонидан болалар нафақаси ёки субсидияга берилган газ баллонлари каби ижтимоий ёрдам турларини тўхтатиш билан таҳдид қилиш ҳолатлари ҳам кузатилди. “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек форум” ташкилоти тахминан 25 та турли мажбурий меҳнат ҳолатини ҳужжатлаштирди, аммо ҳар бир ҳолатда жабрланувчилар сони бир неча ўнлаб кишини ташкил этган бўлиши мумкин.

“Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек форум” нодавлат ташкилоти “Cotton Campaign”нинг етакчи ҳамкори бўлиб, 2010 йилдан буён Ўзбекистонда ҳар йили пахта терими жараёнини мустақил равишда мониторинг қилиб келади.

“Ўзбек форум” ташкилоти Германияда рўйхатдан ўтган ва унинг фаоллари Ўзбекистонда ўзлари истиқомат қилаётган ҳудудларда мониторинг ишларини олиб бориш ва пахта секторида инсон ҳуқуқлари бузилиши ва мажбурий меҳнатни ҳужжатлаштириш бўйича кўп йиллик тажрибага эга..

Тағин ўқинг
25 август 2016
«Тошкент оқшоми» газетасида (23.08.2016) ЎзА мухбирининг ички ишлар вазири биринчи ўринбосари билан суҳбати босилди. Вазир ўринбосарининг айтишича, ички ишлар ...
20 май 2024
26-май – Тилак Жўрани хотирлаш кунига атаб… Тилланисо Мактабда ўқиб юрганимда танловга қатнашдим. «Зулфия» нинг туман ё вилоят босқичи ...
25 январ 2024
Суратдаги бу шахсни танийсизми? Танимаган бўлсангиз, ҳозир ипучи бераман: 5600 сўм? – Эсладингизми? …. Ҳа, топдингиз! Бу ўша «2020 ...
28 феврал 2023
Ўзбек мулозимлари Каримов даврида ҳозиргидан анча ақлли кўринарди. Чунки гапиришмасди. Мирзиëев даврига келиб уларга тил битди. Қарасак, ҳаммаси ўқимаган, ...
Блоглар
28 март 2025
Ўзбек блогосфераси ҳақиқий жиннихонага айланди. Ишсиз, пулсиз қолган бирор бекорчи ёнига ўзига ўхшаган бекорчини олиб, ...
24 март 2025
Сўнгида Турк халқи уйғонди. Тек миллат ўлароқ бутунлашди. Ҳақсизликларга, халқнинг қонини ичиб нонини яримта қилаëтганларга¸ ...
20 феврал 2025
Лиссабондан 80 км узоқдаги Минде деган шахарчада қулф калит сотадиган дўкон банкрот бўлди.Ҳеч ким қулф ...