Алишер Илҳомов: Кремлнинг навбатдаги режаси – Ўзбекистонни ичдан забт этиш
Сиёсий таҳлилчи Алишер Илҳомов фейсбукдаги саҳифасида кремл пропагандасининг Ўзбекистонга қарши навбатдаги ҳуружлариини кескин қоралаб чиқди.
Илҳомовнинг фикрича, Россия телеканалларидаги Владимир Соловьёвнинг чиқишларини шунчаки «шахсий фикр» ёки «шоу» деб баҳолаш хато. Соловьёв Путиннинг кайфиятини ва режаларини энг яхши сезадиган ва овозлантирадиган «имтиёзли тарғиботчи»дир.
Унинг баёнотлари Кремль томонидан қўлланиладиган махсус усул бўлиб, минтақа ҳукуматлари ва жамиятининг неоимпериалистик ғояларга (масалан, «махсус ҳарбий операция» таҳдидига) нисбатан реакциясини текшириш учун ишлатилади.
«Бешинчи колонна»га берилаётган сигнал
Таҳлилчининг таъкидлашича, бундай баёнотлар мамлакат ичидаги Россияпараст кучларга, яъни «бешинчи колонна»га йўлланган сигналдир.
Агар Ўзбекистон ЕОИИ ёки КХШТ каби ташкилотларга киришга қаршилик қилса, ички кучлар орқали давлат органларини фалаж қилиш, жамиятни қўрқитиш ёки сотиб олиш режалаштирилган.
Бу гуруҳ фақат рус миллатига мансуб кишилардан иборат эмас. Улар орасида маҳаллий миллат вакиллари ҳам бор. Уларни бирлаштирувчи омил — миллати эмас, балки Путин режимининг мафкурасига («рашизм»га) содиқликдир.
Россия телеканаллари ва ижтимоий тармоқлари орқали тарқатиладиган «нарративлар» (масалан, «биз битта халқмиз», «ташқи душман бор» каби ғоялар) Ўзбекистон жамиятининг маълум бир қатламини мафкуравий жиҳатдан бошқа давлатга боғлаб қўймоқда. Бу эса инқирозли вазиятда «бешинчи колонна»нинг пайдо бўлишига замин яратади.
«Империя диктатига ҳақиқий қаршиликни фақат шаклланган миллат кўрсата олиши мумкин. Бизда эса бу жараён ҳали якунига етмаган.» дейди Илҳомов.
Таклиф этилаётган ечим
Илҳомов вазиятни ўнглаш учун ҳукумат ва жамият олдига бир нечта муҳим вазифаларни қўяди:
Соловьёв ва шу каби шахсларни «персона нон грата» (исталмаган шахс) деб эълон қилиш.
Ўзбекистонда Россиянинг «зомбиқути»си (пропаганда каналлари) таъсирини чеклаш. Россия пропагандаси ўрнига, Украина тажрибасидан келиб чиқиб рус тилидаги сифатли маҳаллий контентларни яратиш лозим.
Муаллифнинг фикрича, фақатгина ўз тақдирини ўзи белгилай оладиган фуқаролик жамиятигина ташқи тажовузга чинaкam қарши тура олади.
Алишер Илҳомовнинг асосий хавотири — Ўзбекистондаги авторитар тизим ва коррупция халқни «фуқаролик миллати»га айланишига тўсқинлик қилаётганида. У Украинанинг муваффақиятли қаршилик кўрсатиши сабабини айнан шаклланган фуқаролик жамиятида кўради.
