Наманган инкассация бошқармасидаги таниш-билишчилик
Наманган вилояти инкассация бошқармасида ишга қабул қилиш жараёнларида қонунбузарлик ва таниш-билишчилик ҳолатлари мавжудлиги айтилмоқда.
Фуқароларнинг билдиришича, бошқарма бошлиғи Х. Асроров томонидан асосан ўз қариндошлари, яқин танишлари ҳамда Янгиқўрғон тумани фуқаролари ишга олинмоқда. Бўш иш ўринлари расмий равишда эълон қилинмасдан, ёпиқ тарзда тўлдирилаётгани қайд этилган.
Шунингдек, амалдаги низомда белгиланган ёш чекловлари ва ҳарбий хизмат бўйича талаблар оддий фуқароларга қатъий қўлланилган ҳолда, раҳбариятга яқин шахсларга нисбатан қўлланилмаётгани айтилмоқда.
Айрим ҳолатларда интизом бузган ходимларга чора кўрилмаган, оддий ходимлар эса қаттиқ жазоланган.
Мазкур ҳолатлар сабабли 150 нафардан ортиқ ёш фуқароларнинг ишга жойлашиш ҳуқуқи бузилаётгани таъкидланмоқда.
Фуқаролар масъул идоралардан ушбу ҳолатлар юзасидан чуқур ва холис текширув ўтказилишини сўрамоқда.
