close
close
Асосий мавзулар
23 сентябр 2025

«Гулнор» 6-қисм, (Туркчилик асослари…)

close

Аxмад Бейжон Эржиласун

Аҳмад Бейжон зеҳнида бир эътироз тўлқини кўтарилиб, кейин ғойиб бўлганини Ўғуз унинг кўзларидан ўқиди. Ёки Ўғузга шундай туюлди. Балки ўз зеҳнида пайдо бўлган нарсани у Аҳмад домлада кўрдим деб, ўйлагандир. Шу пайт Аҳмад Бейжоннинг ўзи гапга қўшилди:

– Аслида, минг йил ичида вақти-вақти билан алоқа қилиб турганмиз. Биз бир-биримиздан Сирдарё бўйларида 1000 йил аввал айрилгандик. Лекин биринчи 250 йил ичида алоқаларимиз узулмаганди. Ҳатто ундан сўнг ҳам маданий ва илмий алоқалар давом этди. Навоийнинг бир қанча қўлёзма асарлари Истанбулда сақлангани бунинг исботидир.

– Сиз ҳақлисиз, — деди Шариф Жамол, — 1941 йилда Ўзбекистон Навоийнинг 500 йиллигини нишонлади. У қора кунларда бизникилар Туркияга мурожаат қилиб, Навоий асарларининг фотонусхасини сўраганлари маълум.

– Тўғри, у пайтда бизнинг Маориф вазиримиз адабиётчи Ҳасан Али Южал эди. У Истанбул Университетидан Туркиянинг ҳам Навоий кунларига қатнашишини талаб қилган. Унинг бу мавзуда чиқарган бир китобчасини эслайман, — деди Аҳмад Бейжон.

Ўрхон Нодий сўзни Аҳмадбейнинг оғзидан олиб, китобнинг қаерда ва қачон чиққани-ю, ичидаги мақолаларни бир-бир санади.

Суҳбат тарихдан бугунги кунга, бугундан тарихга ўтиб, давом этди. Ўғуз жиддий ҳаяжонланган эди. Бир дақиқа нигоҳи Рауф Парфига тушди. Суҳбат бошида босиқ сас билан бир нечта ширин шеър ўқиган бу ушоқ одам негадир жим бўлиб қолганди. Унинг ҳар қадаҳ кўтарганида бир қадаҳ водкани охиригача бир томчи қолдирмай ичиши Ўғузни ҳайратга солганди. Турк меҳмонларидан биттаси шундай ичса аллақачон маст бўлиб қоларди.

Рауф Парфи жим эса-да, маст эмасди. Унинг кўз ўнгида хотиралар жонланганди. Иштван Мандокини у саккиз йилдан бери биларди. Будапештлик ёш олим эди у. Ёзувчилар Уюшмаси залида “қўнғир” сўзининг маъносини тушунтирарди. У ўзининг Китан даштлари фарзанди, қипчоқ экани ҳақида сўйларди. “Қўнғир” қизил ҳам, қора ҳам эмасди. Иккисининг орасидаги ранг эди. Кўпинча отларга ишлатиладиган сўз эди. “Бу сўз менинг турк ўзлигим”, деган эди ўшанда Иштван Мандоки. “Бу сўз мени сизларга боғлаган сўздир. Биз қон қариндошмиз. Сизнинг ҳам ярмингиз қипчоқ. Қипчоқлар лашкарининг бир бўлими жуда илгарилаб, кичик ва Буюк Куманияга ерлашганлар. Мен Буюк Куманиянинг ўртасидаги қорсоқ қишлоғида туғулдим,” деб ҳикоя қилганди Мандоки.

Рауф Парфининг хаёлида Мандокининг доим Фарғона водийсида бир қўнғир отга миниб, осмонга сакраётган сурати жонланади. Мандокини эсласа доим шу сурат кўз олдига келади. Оқ булутларга қараб қўнғир отда учаётган бир қаҳрамон. Бир куни бу манзара Рауф Парфининг мисраларида акс этажак. Мандокини бир кун можор овулида кўрсангиз, иккинчи кун мўғул даштларида учратишингиз мумкин. Кеча у “сизларникига келмасимдан аввал қумиқ юртини айландим. У ерда шоир Бадриддин Mаҳматнинг уйида қолдим. Салов Алиев ва турколог Хангишев билан кўришдим,” дея ҳикоя қилганди у. Бугун нега бу ерга келмадий-кин, деб ўйлади Рауф Парфи. Мандоки қўнғир доим сўзининг устидан чиқарди. Нега келмади экан?

Кейин овози хавотир билан:

– Солиҳ, қўнғир нега келмади, билмайсизми?, — сўради Рауф Парфи.

Ҳамма Муҳаммад Солиҳга қаради. Лекин у хотиржам эди. У Рауф Парфининг теран хаёлларга чўмган пайтида шундай мавзуга алоқасиз саволлар беришига кўниккан эди.

– Эртага биламиз нимага келмаганини, Рауф, — деди Муҳаммад Солиҳ, — Комил Арслон суҳбатининг давомини тинглайлик. У Навоийнинг “насойим”ни битта ғоя билан ёзганини айтмоқда: Жомийнинг ўз асарига киритмаган турк валиларининг унутилмаслиги учун ёзган, деяпти…

Рауф Парфи буни эшитиб яна ўз дунёсига қайтди. Сирдарё қирғоқларидаги валилар комлар бўлиши керак. Акс xолда, Яссавий, Ҳаким Сулаймонл ва Боқирғонийларнинг шеърларидаги ритмни изоҳлаб бўлмасди. Бу шеърларда ноғора ритми бор эди. Ноғорани шомонлар чалган. қизиқ, Навоий шомонларни билганмикин? Мандоки Қўнғир ком-шомонлари ҳақида кўп ҳикоя қилганди. Минг йил аввал дунёга келсайди ўзи ҳам шомон бўларди. Чунки, у даврнинг шоирлари-шомонлар эди. Бир қозоқ олими Қўрқут Отанинг ҳам ком бўлганини ёзганди. У қўбизни ижод этган ком эди, Азроилга майдон ўқиганди. Лекин ўлимни ким ҳам енга оларди? Ўлим инсон вужудининг тўхташидир. Бунга ҳеч ким тўсиқ қўя олмайди. Ҳатто Қўрқут Ота ҳам.

Ўғуз Рауф Парфининг ичида кечаётган сирли дунёга киришни истарди. Ўғуз унинг қўнғир ҳақидаги ўйларини тушунганди. Лекин Рауф Парфининг жавобидан сўнг ҳам бу ҳақда ўйлашда давом этаётганди. Ўртага чўккан бир сониялик сассизликдан фойдаланган Ўғуз:

– Рауфбей, боя Ўрхон Вали ҳақида гапираётгандингиз, бу шоир шахси ҳақида нималарни биласиз? — деди Рауф Парфига қараб.

Бир оз аввал ўзбекчага таржима қилинган турк шеърияти тўғрисида суҳбатлашаётгандилар. Бу ерда Нозим Ҳикматни ҳамма танир ва севар эди. Унинг шеърларини баъзан ўзбекчадаги таржимасини, баъзан эса Туркия туркчасидагисини ўқишарди.

Рашод Нурий Гултекиннинг “Чолиқуши” романини ҳам яхши билишарди. Романдаги ўқитувчи хоним Совет идеологиясининг ижобий қаҳрамон типига жуда ҳам уйғун тушганди. Хуллас, ўзбекчага Туркиянинг социалист зеҳниятидаги ёзувчи ва шоирлари асарлари таржима қилинганди: Ўрхон Камол, Азиз Несин, Ўрхон Вали… Уларни таржима қилганлар ҳам мана шу ерда ўтирган зиёлилар эди. Ўрхон Вали унча ҳам социалист бўлмагани учун Ўғуз Рауф Парфига юқоридаги саволни берганди.

– У, албатта, ком бўлолмайди. Аммо мени кечиринг, мен Ўрхон Вали шеърларини севаман. Унда сарбаст бир Истанбул бор. Истанбул биз учун муқаддас шаҳар, — деди Рауф Парфи ва Ўрхон Валининг машҳур “Истанбул” шеърини ўкиди, — “Истамбулни тинглайман кўзларим ёпиқ…”

Рауф Парфи Арслон домладан шоир Яҳё Камолни таниш-танимаслигиини сўради. “Энг яхши Истанбул шоири Яҳё Камолдир”, деди у. Бизнинг энг буюк шоиримиз ҳам удир,”

Ўзбеклардан ундан бошқа ҳеч бири Яҳё Камолни танимасди. Улар шунингдек, Mаҳмат Оқифни ҳам, Аҳмад Xошим ва Ориф Ниҳотни ҳам танимас эканлар.

Бир оз аввал ўз хаёлларига чўмган Рауф Парф энди анча сергакланганди, у туркиялик дўстлари масалани қайси нуқтага олиб келаётганини англаганди.

– Биз бугунгача фақат кизил шоирларни таржима қилдик, — деди у, — сизнинг оқ шоир ва ёзувчиларингизни бизга танитишмади. Сиз бизга уларнинг китобларини юборинг. Энди қизилларни бир чеккага отамиз, оқларни таржима қиламиз.

Кулишдилар.

Қримлик Айдар Усмоннинг кулгиси кўзларига ёйилди. Қизил юзи янада қизарди.

Брендемоен елкаларини силкитиб  куларди ва унинг қаҳқаҳаси гўё лампочкалар билан безатилган дарахт япроқларини ҳам силкитарди.

Америкалик гаплашилаётган гапларни тушунарди, фақат, ўзини тушунмагандай тутишга интилар ва кулмасди. Шариф Жамолнинг кулганида оғзи каттаярди. У Брендемоеннинг силкинаётган елкаларини уриб куларди:

– Оллоҳ, Горбачевдан рози бўлсин, гластность бўлмаса биз бу гапларни гаплаша олармидик? Қизиллар бизнинг номусимиз, шарафимиздир, Ленин бобомиз шундай деган. Аммо энди қизилларни чеккага отдик, дея оламиз. Ҳатто Горбачевнинг “қизили” устидан ҳам кула оламиз, — дея аския қилди Шариф Жамол.

Горбачевнинг “қизили” нима эканлигини меҳмонлар тушинишмади. Сўнар Oйдамир:

– Қизили нима эди у, Шариф? — деб сўради.

Шариф Жамолнинг оғзи яна каттайди ва бармоғи билан калласига ниқтади:

– “Қизил” дегани мана бу, — деди у.

Меҳмонлар барибир тушунишмади.

– Унинг пешонасидаги нори, — дейишга мажбур бўлди Шариф Жамол, — Бу доғ Раиса хоним ўқловининг изи аслида…

Яна кулги кўтарилди. Айдар Усмон кўзларини юмиб, Брендемоен эса елкаларини силкитиб куларди. Сўнар Ойдамир қаҳ-қаҳаси ҳафиф эди. Ўрхон Нодийнинг худди Шариф Жамол каби кулганда оғзи каттаярди. Аҳмад Бейжог домла эса мийиғидагина куларди. Ўғуз ҳам табассум билан чекланиб қаҳқаҳани ёшлар одобига тўғри келмаслигини намойиш қиларди.

Муҳаммад Солиҳ меҳмонларни иккинчи қаватдаги кутубхонасини кўришга таклиф қилди. Юқорига фақат меҳмонлар билан бирга Брендемоен ҳам чиқди.

Кичик хона фақат китобларга ажратилганди. Ўтириш учун бин неча курси келтиришди. Жавондаги катта-кичик китоблар “чақирилмаган меҳмонлар”дан хурсанд эмасдилар гўё. Нотаниш қўллар уларнинг тинчлигини бузганди. Улар Муҳаммад Солиҳнинг юмшоқ бармоқларига кўниккан, сирларини унга очишга ўрганганди гўё.

Солиҳ эшикни бекитди. Овозига сирли тус бериб, профессор Аҳмад Бейжонга деди:

– Бизга “Туркчилик асослари” керак.

Ўғуз янглиш эшитдим, деб ўйлади. Комил хўжа билан Сўнар Ойдамир ҳам шундай ўйлашди. Ўрхон Нодий жавондан олган китобга боқиб, ҳеч нарса эшитмади. Брендемоен эса мезбон сўзларининг охирини кутаётганди. Профессор Эрйигит янглиш эшитмаганини тасдиқлаб олиш учун:

– Қайси “Туркчилик асослари”ни назарда тутаяпсиз? — деб сўради.

– Зиёбекнинг китоби. Бизга мутлақо керак, — деб жавоб берди Муҳаммад Солиҳ.

Меҳмонлар янглиш эшитишмаганди. Муҳаммад Солиҳ Зиё Кўкалпнинг “Туркчилик асослари”ни сўраётганди.

Аҳмад Бейжон дома яна:

– Почта билан юборсак бўладими? — деб сўради.

– Йўқ, почта билан бўлмайди, қўлдан юборишингиз керак, — деди Муҳаммад Солиҳ.

Профессор Аҳмад Бейжон туркиялик дўстларнинг Ўзбекистонга қачон келиши мумкинлигини билмаслиги, лекин ким келса у билан ўша китобни юборажагини айтди.

Ўғўз кўз қири билан Брендемоенга қаради. Унинг юзида муҳим бир гапга гувоҳ бўлганлигидан асар ҳам йўқ эди.

Ўрхон Нодий эса қўлидаги китобни варақлашда давом этаётган эди. У ҳеч нарса эшитмаганди. Китобни қўйиб, ўтирганларга юзланди:

– Мен Москвада профессор Нажибнинг уйига бордим, ўз ўғлидай кутиб олди, – деди у.

Ўрхон Нодийнинг ҳикояси узайиб кетди. Муҳаммад Солиҳ бир оз диққат бўлди. Ўғуз бунинг суҳбатдан эмас, суҳбат орасида бир бўшлиқ топиш учун эканлигини сезди. Ниҳоят бу бўшлиқни топган Муҳаммад Солиҳ меҳмонларни пастга тушишга даъват қилди.

(Боши ўтган сонларда. Давоми бор) 

Тағин ўқинг
27 август 2025
Кореяда мардикорлик қилиш учун 41 минг доллар пора берилди. Янглиш эшитмадингиз. Бу пул ўзбек фуқаросини Жанубий Кореяга бориб ишлаши ...
21 декабр 2020
Қишлоқи қиз шаҳардаги бой оилага келин бўлиб тушгач, ўз уруғларидан уяларкан: «Кевурманглар кир-чир бўлиб. Бизани уйимизага фақат чиройли кийинган ...
3 апрел 2016
Биринчиси, бугунги кунда Тошкентда келин топиб беришга ихтисослашган маклерлар пайдо бўлган. Уларнинг хизмати ўн минг сўмдан минг долларгача баҳоланади. ...
11 июн 2019
Ветеринар билан гурунглашиб қолдим. Қўйларга битта уколь қиламан, иккита, учта туғади, деди. Охирги бир-икки йилда Ўзбекистонда учта туғадиганлар кўпайиб ...
Блоглар
14 сентябр 2025
1990 йилнинг 20 июн кунини яхши эслайман. Ўша куни Ўзбекистон мустақиллиги ҳақида баëнот қабул қилинган ...
10 сентябр 2025
Сўнгги вақтларда деярли ҳар куни ҳоким ёки ҳоким ўринбосарлари пора олгани сабаб қўлга олингани ҳақида ...
3 сентябр 2025
Рахматлик  отамдан  «неча ëшдасиз» деб сўрасам » ҳаққийсизми ëки документда ëзилганими» деб жавоб берарди. Отам ...