«Водийда ўлиш тақиқланган» 18-қисм
Муҳаммад Солиҳ
Каримовнинг Алпарслон Туркаш Бейга жавоб хати
(китобнинг давоми)
Бу воқеадан тўрт ой ўтгандан сўнгра Миллиятчи Ҳаракат Партияси офисидан яна факс орқали икки саҳифалик мактуб келди. Бу Каримовнинг Алпарслон Туркаш Бейга ёзган жавоби эди:
«Туркия Миллий Ҳаракат Партиясининг Бош раиси
Алпарслон Туркаш
Жанобларига
Ҳурматли жаноб Алпарслон Туркаш,
Менга Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчиси орқали 1996 йилнинг 4 августида йўллаган доно фикрларга бой мактубингизни катта эътибор ва ҳурмат билан ўқиб чиқдим.
Ўзбекистоннинг мустақиллик йиллари мобайнида эришган ютуқларига берган баҳонгиз мени жуда таассурлантирди.
Тарихимиз ва юксак маданиятимиз туфайли бизнинг улуғ ота-боболаримизни нафақат Ўзбекистонда балки бошқа мамлакатларда ҳам ҳурмат ва эҳтиром билан тилга оладилар.
Халқимизнинг фидокорона меҳнати, унинг қардош халқлар оиласида муносиб ўрин олишга интилиши, минтақада тинчлик ва изчиллик билан олиб бораётган сиёсати – буларнинг барчаси Яратганнинг раҳмати билан мамлакатимизда амалга оширилмоқда.
Биз Туркия халқи, унинг раҳбарияти, жамоатчлиги ва Сиз жаноб Алпарслон Туркаш, каби унинг эътиборли намояндаларининг шу сиёсатимизни ўтказишда бизга бераётган ёрдами ва эътиборини юқори баҳолаймиз.
Мустақиллигимизнинг беш йиллиги, биз танлаб олган ўзимизга хос ва ўзимизга мос йўлимизнинг халқимиз ва жамиятимиз томонидан қўллаб-қувватланиши Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрўйини мустаҳкамлаш, жамиятимизни жипслаштириш йўлини тўғри эканлигини яна бир бор тасдиқлайди.
Биз олдимизда хали жуда кўп қийинчилик ва муаммолар борлигини тушунамиз. Минтақадаги нотинч вазият биздан ниҳоятда жипслашишни ва Ўзбекистоннинг барча инсон ва фуқароларидан уларнинг эътиқоди ва дуёқарашларидан қатъий назар ҳамжиҳатликни талаб қилади ва биз бу йўлдан оғишмай борамиз.
Бизнинг тарихимиз бир, бир бутун халқмиз ва барчамиз бу халққа муносиб ҳаёт яратиш учун бор кучимизни беришимиз, шу халқ учун яшаш ва меҳнат қилишни ўзимизга фахр, деб билишимиз лозим.
Мустақиллигимизнинг қисқа даврида биз мураккаб ва қийин йўлни босиб ўтдик. Шундай кишилар бор эдиларки, улар танлаган йўлимиз учун курашдилар, баъзилари бизга ишонмадилар, баъзилари эса хато қилдилар, бироқ уларнинг ҳеч бирини халқимизнинг душмани деб ҳисобламаймиз. Агар бундайлар шу бугун ўз хато ва янглишганликларини тушуниб етган бўлсалар ҳеч ким уларни меҳнат қилиш ва Ўзбекистон келажаги ва фаровонлигига ўз ҳаётини бағишлаш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.
Жаноб Муҳaммад Солиҳга келадиган бўлсак, у ҳам бошқалар каби худди шу йўлдан бориши мумкин, аммо бунинг учун олдиндан қандайдир шартлар ёки аҳдлашувлар қўйиш тўғри бўлмас, ҳамма нарса ҳеч қанақа шартсиз ва жамиятда юқори лавозим ёки алоҳида ўрин эгаллашга даъвосиз бўлиши лозим. Сиз ўзингиз жаноб Алпарслон Туркаш ҳамма нарса Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларига мувофиқ бўлиши шарт эканлигини яхши тушунасиз.
Камоли эҳтиром билан
Имзо
Ислом Каримов
Ўзбекистон Республикаси Президенти.
Тошкент шаҳри,
1996 йил, 18 ноябр
1-1973
И.КАРИМОВНИНГ АЛПАРСЛОН ТУРКАШГА ЁЗГАН ЖАВОБ ХАТИНИНГ
ОРИГИНАЛИ
1-чи варақ

2-чи варақ

ЯНА ТУРКИЯ
Дипломатик паспортим муддати 1995 йил 28 апрелда тугаган эди. Таниш-билиш қилиб, фамилиямизни ўзгартирган ҳолда, хонимим ва ўзимга Қозоғистоннинг «паспорти»ни олгандик. Бу ҳужжат билан 1995 йилда Франкфуртдан Истанбулга ҳам бир марта хуфия келиб, фарзандларимизни кўриб кетгандик..
1996 йил июнь ойида Нажмиддин Эрбоқон Туркиянинг Бош вазири бўлди. Унинг ҳукуматида «турк дунёси ишлари бўйича» вазир этиб миллат вакили Абдуллоҳ Гул тайин этилди.
Абдуллоҳ Гул билан биз 1994 йил Страсбург шаҳрида Оврупо Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг бир мажлисида танишгандик. Вазир тайинлангандан сўнг менга «Туркияга келишингиз мумкин, сизга тўсиқ йўқ», дея хабар юборди.
Жуда севиндик, хонимим билан Туркияга билет олдик ва 27 июл куни Истанбулга келдик. Туркияга катта умидлар билан қайтдим.
1993 йилда бу ерга келиб, сиёсий фаолиятимизни энди жонлантира бошлаганимизда Ўзбекистоннинг босими билан Туркиядан қувиб чиқарилишимиз ташкилий ишларимизга катта зарар берганди. Газетамиз Киевда чиқа бошлаганди, аммо муттасиллик йўқ эди. Ҳафталик газета ҳар ҳафта эмас, ойда бир марта, баъзан икки марта чиқарди, холос. Ва унинг Киевдан Ўзбекистонга интиқоли (етиши) ҳам жуда қийинлашганди.

«РАФОҲ” ПАРТИЯСИ ИҚТИДОРИ
Туркияда “Рафоҳ” партияси лидери Нажмиддин Эрбоқон бошчилигида кўрилган коaлиацион ҳукумат фақат биз, Туркистонлик сиёсий муҳожирлардан эмас, балки бутун дунёдаги сиёсий ислом тарафдорларида бир умид уйғотганди. 1926 йил туғилган Др.Нажмиддин Эрбоқон диндор сиёсатчи, ислом давлати тарафдори сифатида талқин этилишига қарамасдан сўнг даражада модерн қарашлар соҳиби бир муҳандис эди. Докторлик диссертациясини Олмониянинг Aachen университетида ёқлаб, «Deutz AG Motor» фабрикасида «Leopard 1» танкининг мотор лойиҳасини чизишда Бош муҳандис ўлароқ иштирок этган бир шахсият эди.
Эрбоқон Турк халқи орасидаги шуҳрати унинг 1974 йил Шимолий Қибрисни озод қилишда кўрсатган сиёсий жасорати билан муҳрланди. Қибрис Рум бошқаруви Турк озчилигига ўтказган зулм чўққига чиққанда Турк армиясига Қибрисни ишғол этиш буйруғини Премьер Министр вазифасини бажараётган Эрбоқон берди.
Премьер Министр Буланд Эжевит чет элда сафарда экан, бундай тарихий миссия Эрбоқон зиммасига тушди ва у бу ишни аъло даражада адо этди.
Каминага Туркия йўлини очган шу зотнинг ҳукумати бўлди.
Туркияга келганимдан бир ҳафта сўнгра ҳукуматнинг Турк дунёси ишларидан масъул вазири Абдуллоҳ Гул учрашувга чақирди. Анқарада вазирлик офисида кўришдик. Ўзбекистондаги вазиятни муҳокама қилдик. Вазир ҳаракатимизни бу ерда давом эттиришимизга тўсиқ йўк эканини расман билдирди.
Кейин, яна бир неча кун сўнгра Бош вазир Нажмиддин Эрбоқон билан учрашиб, анча суҳбатлашдик. У ҳам бизнинг ҳаракатимизни маънавий қўллаб-қувватлашини изҳор қилди. Фақат Ўзбекистон билан Туркия орасидаги муносабатларга зарар бермайдиган шаклда фаолият кўрсатсангизлар мамнун бўламиз, дея истак билдирди.
Аммо Туркия Бош вазири Нажмиддин Эрбоқонинг бу эҳтиёткорлиги Ўзбек диктатори Ислом Каримовнинг Туркияга, айниқса, Эрбоқонга муносабатини юмшатмади. Чунки Эрбоқон ўз қарашларини гизлаб-яширмаган дангал инсон эди. У хам айни Турғут Ўзол каби, Ўзбекистонда 1991 йил ўтган Президентлик сайловларида Каримовнинг ютқазганини биларди. Ўзбекистондаги эски коммунистлар ерига миллий шуурдаги инсонларнинг келишини орзу қиларди. Бу орзусини парда орқасида эмас, очиқ айтиш жасоратига соҳиб лидер эди.
Туркия Жумҳурияти Бош Вазири Нажмиддин Эрбоқоннинг «Куролсиз кишининг озодлиги» хужжатли филмига берган интервьюси(матн унинг овозидан ёзиб олинган):
«Биз Муҳаммад Солиҳ биродаримиз билан кўп халқаро анжуманларда кўришганмиз ва дунё масалаларини муҳокама этганмиз. Миллий шуур соҳиби Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистоннинг мустақил бўлиши ва тараққий топишини истаган курашчи биродаримиздир. Бу курашчи биродаримизнинг фаолияти ривож топишидан умидворманки, Муҳаммад Солиҳ воситасида бутун Ислом олами Ўзбекистондай бир биродар ўлкани бағрига боссин. Ўзбекистон бу– барчамизнинг фахримиз бўлган Ислом олимларини етиштириб берган бир муаззам маданият марказидир. Биз Ўзбекистон билан фахрланамиз.Ўзбекистон ҳам тарихий, ҳам стратегик жиҳатдан етакчилик қилишга лойиқ бир ўлкадир. Ўзбекистон масаласи бу – бутун дунёнинг нажот масаласидир. Бунга эришмоқ учун эса Ўзбекистонда Муҳаммад Солиҳ ва у каби фикрловчи инсонлар ҳокимият таъсис этмоқлари лозим. Муҳаммад Солиҳ бугунга қадар Ўзбекистонда сиёсий жиҳатдан катта муваффақиятга эришган инсондир. Ўзбекистоннинг ўз тарихий ўрнини эгаллаши учун энг муносиб тарзда вояга етган биродаримиздир. Биз доим Муҳаммад Солиҳ ҳақида севиб эслаймиз ва фаолиятида муваффақиятлар тилаймиз».
Ислом Каримов Эрбоқоннинг бу қарашларини жуда яхши билгани учун ҳам 90-йиллар охирида Козоғистон зиёратидан сўнг, Ўзбекистонга ўтиб, Самарқанд ва Бухорони зиёрат қилишни истаганида Каримов унга изн бермаган эди.
Шундай қилиб, “ЭРК” партиясининг хориждаги марказий офиси такрор 1996 йил кузида Истанбулга кўчиб ўтди. (Аммо бу сафар юрт ташқарисидаги тақимимиз анча кичрайиб, тўрт киши қолганди. Газета нашрида муҳим ўрин тутган ёш кадрларимиз Ўзбекистонга қайтиб кетишганди. Уларни КГБ анча сўроққа тутиб қийнашди, аммо ниҳоят айб топа олмасдан, тинч қўйишди. Бундан фойдаланган йигитлар “Би-Би-Си” ва “Озодлик” радиоларининг мухбирлари сифатида Тошкентда фаолият юрита бошладилар).
Истанбул мен учун шу қисқа 3-4 йил ичида бир Тошкентга айланди. Ҳатто, дўстлар билан телефонда гаплашар экан, «эртага Тошкентга учяпман, ўша ерда кўришамиз» дейман ва қаҳқаҳа отаман: «э, узр, мен «Истанбул» демоқчийдим, «Тошкент» бўлиб кетди», дея дўстлардан узр сўрайман.
Рафиқам Ойдин хоним ҳам Истанбулга келган куни «худди мен бу ерда яшагандайман, айни ҳисни мен Тошкентга илк келганимда ҳам яшаган эдим» дея мистик кайфиятни яна-да теранлаштириб турарди.
Оиламиз билан Адиб Оқбайрам ижросидаги «Бекла бизни Истанбул» қўшиғини севардик. Бу қўшиқ мусиқасидаги виқорли романтизм бизни жуда таъсирлантирарди.
Салқин- салқин тонг еллари эсганида Мовий тўлқинларни йиртган кемаларинг-ла, Узоқдан сени ўйлайман, ўйлайман Истанбул.
Минг бир устунли Холичингда оқшомлар
Оролларингда баҳор, Сулаймониянгда қуёш, Эй, сен на гўзaлсан, ғавғомизнинг шаҳри, Истанбул!
Беҳуда чекилмади бунча азоблар
Буюк ва сокин Сулаймониянг-ла бекла
Паркларинг-ла, кўприкларинг-ла, майдонларинг-ла
Бекла бизи Истанбул
Тўпхонангнинг қоронғи сўқоқларинда қучоқлашиб ётган болаларинг-ла бекла. Бекла,зафар қўшиқлари ила кечишимизни, Истанбул.
Ҳаромийларнинг салтанатини йиқажакмиз,
Бекла, у кунлар келсин, келсин Истанбул, Сен бизга лойиқсан, биз-да сенга, Истанбул, Истанбул!
1996 ёз ойидан 1997 йил ёзигача Туркияда эмин-эркин фаолият кўрсатдик.
Ўзбекистон билан узлуксиз алоқа ўрнатилди. Ҳатто баъзи ўзбек ҳукуматига яқин шахслар ҳам биз билан кўришиш жасоратини намойиш қила бошладилар. Бу, албатта, диктaторни безовта қилди.
Туркия ташқи ишлар вазирлигидаги бир дўстимиз «Ўзбекистоннинг сизларни фаолиятингиздан норозилиги ошиб боряпти, аммо Эрбоқон ҳукуматига сўзи ўтмайди, Жумҳурраиси (президент) Сулаймон Демиралга Каримов телефон қилиб, шахсан шикоят қилган, аммо у ҳам Эрбоқонга бир сўз айтолмади», деди.
Аммо бизни ҳузурсиз қилган ўзбек диктаторининг болаларча хархашаси эмас, балки Туркия ичидаги тобора таранглашиб бораётган ички сиёсий вазият эди. Тўғрироғи, ҳарбийлар билан диндор қатлам тамсилчиси саналган ҳукумат ўртасидаги зиддият кундан кунга чуқурлашаётгани эди.
