“Илҳом” Фонди жиддий молиявий инқироз билан юзлашди
Ўзбекистонда ижодкорларни қўллаб-қувватлаш учун ташкил этилган “Илҳом” жамоат фонди тизимида жиддий ижтимоий муаммо юзага келган. Фонд тасарруфидаги ижодий уюшмаларда ишлайдиган тахминан 250 нафарга яқин ходим бир йилдан ортиқ вақт давомида маош олмаган.
Расмий маълумотларга кўра, ушбу уюшмалар марказий аппарати ва ҳудудий бўлимлари ходимларининг иш ҳақи, унга тенглаштирилган тўловлар, сақлаш харажатлари ҳамда фаолиятни таъминлаш учун маблағ бир йилдан буён тўланмаётир. Бу маблағ 13,5 миллиардга етган.
Натижада маош тўлаш масаласи тўлиқ корхона ва уюшма раҳбарияти зиммасига қолган. Давлат қарорлари ва ҳисоб-китоблар мавжуд бўлса-да, уларни амалга ошириш учун зарур молиявий ресурс таъминланмаган. Раҳбарият эса имконият чекланган шароитда иш ҳақини қоплашга уриниб келмоқда.
Бир йилдан ортиқ вақт давомида маош олмаган ходимлар қарзга ботмоқда, ижтимоий жиҳатдан ҳимоясиз қолмоқда. Бу эса ижодий соҳада кадрлар оқими, иш унумдорлигининг пасайиши ва тизимнинг заифлашишига олиб келиши мумкин.
Энг кескин савол шунда: агар давлат томонидан маблағ ажратилмаса, нега ушбу тизимдан тўлиқ фаолият, тадбирлар ва натижа талаб қилинмоқда? Нима учун ижодий уюшмалар ходимлари йиллаб сабр қилишга мажбур?
Мутахассислар бу ҳолатни оддий молиявий қийинчилик эмас, балки қарор қабул қилиш билан уни молиялаштириш ўртасидаги жиддий узилиш сифатида баҳоламоқда.
Агар масала зудлик билан ҳал этилмаса, “ижодкорларни қўллаб-қувватлаш” шиори амалда мазмунсиз иборага айланиб қолиши мумкин.
Ижодий соҳани қўллаб-қувватлаш баёнот билан эмас, ўз вақтида тўланадиган маош билан бошланади. Бир йилдан ортиқ маош олмаган 250 нафар ходим бу тизимдаги ҳақиқий ҳолатни очиқ кўрсатиб турибди.
