Давлат театрлари ходимларига 13 маош бериладими?
Ўзбекистонда йил якунида давлат ташкилотларида ишловчи ходимларга 13-ойлик иш ҳақи тўланиши амалиёти мавжуд. Бу ходимларни моддий рағбатлантиришнинг муҳим воситаларидан бири бўлиб, меҳнат самарадорлигини оширишда ҳам катта аҳамият касб этади.
Шу билан бирга, ўзбек миллий урф-одатлари, маънавияти ва миллий мафкурасини кенг тарғиб этувчи театр санъатига амалда етарлича эътибор қаратилмаётгани ҳақида мурожаат келиб тушди. Мурожаатда таъкидланишича, республикада ҳозирда 41 та давлат театри фаолият юритади. Бироқ тизимда ишловчи ижодкорлар ва ходимларнинг моддий аҳволи қониқарли эмас.
Мурожаат муаллифи Маданият вазирлиги томонидан театрларга моддий ёрдам деярли берилмаётгани, асосий эътибор эстрада ва мусиқа йўналишига қаратилаётганини билдирган. Унга кўра, ҳеч бўлмаганда йилда бир маротаба театр жамоаларига моддий қўллаб-қувватлаш кўрсатилиши, жумладан, 13-ойлик иш ҳақи тўланиши театр ходимлари учун катта рағбат бўлар эди.
Шунингдек, мурожаатда театр санъатининг жамият маънавиятини юксалтиришдаги ўрни алоҳида қайд этилган. “Халқ онги ва тафаккурини оширишга хизмат қилувчи театр ижодкорлари нега эътибордан четда қолмоқда?” деган савол қўйилган. Муаллиф жадидлар асос солган театрни “ибратхона” сифатида тиклаш, унинг жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлаган.
Мурожаат тегишли идоралар томонидан кўриб чиқилиши ва театр соҳасини моддий қўллаб-қувватлаш масаласига ечим топилиши умид қилинмоқда.
