close
close
Асосий мавзулар
16 январ 2026

16 январь – Талабалар шаҳарчасидаги исён бостирилган кун

close

1992 йилнинг 16 январида Тошкентнинг Талабалар шаҳарчасида стихияли намойиш Ислом Каримов буйруғи билан шафқатсиз бостирилган эди.

Исён бостирилгач, ётоқхона балконидаги талаба шиор билан

Шу куни мен одатдагидек ҳамкасбим Муҳаммад Бекжон билан бирга «Эрк» газетасини саҳифалаётган (вёрстка қилаётган) эдик… Газетанинг шу кунги сони мутлақо бошқа фотосуратлар ва материаллар билан босилишини хаёлимга ҳам келтирмаган эдим.

Расмий маълумотларга кўра, қўзғолонни тарқатиш чоғида икки талаба ҳалок бўлган, ўнлаб намойишчилар яраланган.

Бироқ ўша куни газетамиз фотографи Абдуғанининг авзойини, унинг юзидаги қўрқинчли титроқни кўрибоқ воқеа кўлами анча катта эканини тасаввур қилдим.

Гарчи талабаларнинг чиқишига нон ва бошқа озиқ-овқат нархларининг кўтарилиши сабаб бўлгани айтилса-да, бу воқеага мамлакатда демократиянинг таназзули бошланган нуқта дея баҳо бериш мумкин.

Сиёсий фаолият ўчоғининг тугатилиши

16 январь намойишидан видеокадр.

16 январь воқеасигача Тошкентдаги Талабалар шаҳарчаси мамлакат ёшларининг сиёсий фаолиятини белгиловчи норасмий марказ вазифасини бажариб келаётган эди.

1988 йили бошланган норасмий ҳаракатлар – ўзбек тилига давлат мақомини бериш, мустақиллик учун намойишлар, парламент ва президент сайловларидаги оммавий фаолликни бунга мисол келтириш мумкин.

Қайта қуриш шиддати билан Болтиқбўйи мамлакатларида бошланган мустақиллик учун кураш тўлқини бу пайтда Тошкентга етиб келганди.

1987 йили ётоқхонада уч-тўрт ҳамфикр курсдош ғояси ўлароқ тузганимиз «Ўзбекистон эркин ёшлари» ҳаракати тезгина бутун Талабалар шаҳарчаси бўйлаб кенгайди.

Уюшма низоми узоқ-яқин бошқа ўқув юртлари бўйлаб яшиндай тарқала бошлаганини кўпчилик сафдошларим бугун ҳам эслайди.

Кейинчалик бу ҳаракат мамлакатдаги демократик мухолифат – яъни «Бирлик» ва «Эрк»нинг асосий таянч кучига айланди.

Шу боис, талабаларнинг 1992 йилги исёни ҳукуматнинг улардан, кейин эса мамлакатдаги мухолифатдан биратўла қутулишига баҳона бўлиб хизмат қилди.

Воқеадан сўнг Тошкентдаги талабалар зудлик билан режадан ташқари таътилга чиқарилди, вилоятлардан келиб ўқиётган талабалар эса автобусларга солиниб, пойтахтдан олиб кетилди.

Талабаларни пойтахтга қайтармаслик чоралари

17 январь куни вилоятлик талабалар автобусларда мажбурий таътилга жўнатилди

Ушбу воқеа Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов бошқарувининг илк давридаги энг катта инқироз эди. 

Ҳукумат талабаларнинг стипендияларини ошириш ва озиқ-овқат таъминотини яхшилашга ваъда берди бироқ, қонли воқеадан сўнг шаҳарчадаги вазиятни тинчлантириш учун ўқув жараёнлари вақтинча тўхтатилди ва талабалар тезкорлик билан поездларда ўз вилоятларига жўнатиб юборилди.

Пойтахтдаги талабалар сонини камайтириш мақсадида кўплаб олийгоҳларнинг вилоятларда филиаллари очилди ва қабул квоталари қайта кўриб чиқилди.

Талабалар шаҳарчасида хавфсизлик ва назорат кучайтирилди. Шаҳарча ҳудудига кириш-чиқиш тартиби қатъийлашди.

Айни воқеадан сўнг Каримов ҳукумати тузган комиссия вилоятлардаги талабаларнинг пойтахтга қайтмаслиги чораларини кўра бошлади.

Тошкентга вилоятлардан келиб ўқиш квоталари кескин қисқартирилди.

Сиёсий фаолият ўчоғи саналган ТошДУ журналистика факультети Талабалар шаҳарчасидан анча узоқда жойлашган эски ҳуқуқшунослик кафедраси ўрнига кўчирилди, ҳуқуқшунослик кафедраси эса бутунлай тугатилди.

Вилоятларда илмий мутахассислар, профессор домлаларнинг камлиги, олий таълим сифатининг пасайиши каби муаммолар ҳеч кимни ўйлантирмади.

Талабалар шаҳарчасидаги олий ўқув юртлари ва ётоқхоналар атрофида баланд панжаралар пайдо бўлди.

Кейинги ўзгаришлар эса демократик қадриятлардан бирин-кетин юз ўгириш билан давом этди.

16 январь воқеалари Ўзбекистон тарихида «демократик намойишларнинг куч билан бостирилиши» ва «иқтисодий инқирознинг энг юқори нуқтаси» сифатида муҳрланиб қолди. Бу воқеадан сўнг мамлакатда сиёсий барқарорликни сақлаш учун қаттиққўл бошқарув тизими янада кучайди.

Қудрат Бобожон
Eltuz.com

Тағин ўқинг
20 апрел 2024
Фарғона вилоятидаги ва умуман водийдаги барча профессионал журналист ва зиëлиларга икки оғиз гапим бор. Водий азалдан меҳмондўстлиги билан танилган. ...
5 декабр 2016
2 декабр куни Урганч Сувратлар галереяси бош мухофизи Ширин Тошева галереяда Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) томонидан текширишлар бўлгани ...
8 январ 2019
Тошкентда машиналарга қуйиладиган метан газнинг нархи 1950 сўмдан 2200 сўмга кўтарилди. Буни кўпчилик қўшимча қиймат солиғи (ҚҚС) олиш бошлангани ...
16 декабр 2025
Мустақиллик кўчасида Нексия 3 мошинни ҳайдаб кетаётган хотин Дамас шўпирининг қаҳрига учради.  Рулда хотин киши ўтирганини кўрган бу «ғор ...
Блоглар
15 январ 2026
Полша Ташқи ишлар вазири Радослав Сикорскийнинг «Россияда фашистик давлат мафкураси шаклланди» деган баёноти халқаро сиёсатда ...
14 январ 2026
Ўзини армиясини боқа олмаган Хива хони ўрисни армиясини боққанини тарихда кўрдик. Шу боис Янги Ўзбекикстон ...
13 январ 2026
Ўзбекистонлик онгсиз мардум Таиландда вояга етмаган қизга секс ҳужум қилишда айбланиб қамоққа олинди. Ўзбекистон ватандоши ...