ТОҒ-КОН ИНСПЕКЦИЯСИ АТРОФИДАГИ ШУБҲАЛИ ҲАРАКАТЛАР ТАДБИРКОРЛАРНИ ХАВОТИРГА СОЛМОҚДА
Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси фаолияти атрофида шубҳали ҳолатлар кузатилмоқда. Хусусан, Тошкент вилоятида тадбиркорлар билан боғлиқ жараёнларда “ставкалар”нинг кўтарилиши, лойиҳаларнинг асоссиз рад этилиши ёки ойлаб кўриб чиқилмай қолиши каби ҳолатлар кўпаймоқда.
Маълумотларга кўра, мазкур инспекция раҳбариятидаги ўзгаришлардан сўнг, аввал ҳам тадбиркорлар орасида “Акуло” номи билан танилган Зарипов Омонулло яна бошлиқ ўринбосари лавозимига қайтди. Унинг яқин ёрдамчилари — Жўраев Олим ва Акбар Хўжақуловлар билан биргаликда лойиҳаларни кўриб чиқиш жараёнида ваколатни суистеъмол қилаётгани ҳақида тадбиркорлар томонидан мурожаатлар келиб тушмоқда.
Тадбиркорлик субъектлари томонидан ишчи лойиҳа ва кон ажратиш далолатномаси лойиҳалари белгиланган тартибда тақдим этилса-да, улар ўринсиз баҳоналар билан рад этилаётгани, айрим ҳолатларда ойлаб “қора рўйхат”да ушлаб турилиши қайд этилмоқда. Энг ачинарлиси, айни бир хил мазмунда тақдим этилган лойиҳалардан баъзилари тасдиқланяпти, бошқалари эса турли баҳоналар билан рад этилмоқда. Бу ҳолат таниш-билишчилик, манфаатлар тўқнашуви ёки гуруҳбозлик туфайли юзага келаётгани ҳақида фикр уйғотмоқда.
Тадбиркорлар томонидан таъкидланишича, мазкур шахслар бир гуруҳ бўлиб тил бириктириб, янги лойиҳаларни сунъий равишда тўсиш орқали “келишувсиз” фаолият олиб бориш имконини бермаяптилар. Мазкур ҳолатлар бўйича қуйидаги саволлар ҳамон очиқ қолмоқда:
• Вазирлик раҳбарияти — хусусан, вазирнинг ўзи бу ҳолатлардан хабардормими?
• Коррупцияга қарши ички назорат хизмати фаолият юритаяптими ёки йўқ?
• Инспекцияга берилган мурожаатлар, шикоятлар таҳлил қилиняптими?
Биз масъул ташкилотлардан ушбу ҳолатни батафсил ўрганиб, лойиҳаларни ўз вақтида, адолатли ва шаффоф тарзда кўриб чиқилишини таъминлашларини, шунингдек, тадбиркорлар фаолиятига тўсиқ қўйиб, ноқонуний даромад олиш ҳолатларига ҳуқуқий баҳо берилишини сўраб қоламиз.