Мудофаа вазирлиги маркази ҳарбийлари ойлиги кечикаётганидан норози
Мудофаа вазирлигига қарашли Олий спорт натижаларини ривожлантириш маркази ҳарбий ходимлари ойлик ва мукофот маблағлари 10-15 кунгача кечикиб тўланаётганига норозилик билдиришди.
Мурожаатда қайд этилишича, 2025 йил 1 сентябрь — Мустақиллик байрами куни ойлик 10 кун кечиктирилган. 1 октябрь — Ўқитувчилар куни муносабати биланги маошлар эса 9 кун ўтганига қарамай ҳали ҳам тўланмаган.
Ҳарбийлар Меҳнат кодексига асосланиб, иш ҳақи байрам ва дам олиш кунларидан олдин тўланиши шартлигини эслатишган. Шунга қарамай, марказда аванслар умуман берилмайди ва маошлар пластик карточка орқали қисмларга бўлиб ўтказилади.
Мурожаатда марказ раҳбарлари — полковник Мансур Мамадаминов, Баходир Тухтаназаров, Ғолиб Икромов ва молия бўлими бошлиғи Фурқат Абдуллаевнинг фаолияти кескин танқид қилинган.
Айтилишича, Абдуллаев ҳарбий прокуратурадаги алоқалари орқали ходимларни шикоят қилмасликка мажбурламоқда.
Ҳарбийлар 2020 йилдан бери маошларнинг доимий кечикишига қарши расмий чора кўрилишини, ва кечикиш учун компенсация тўланишини талаб қилишмоқда.
Улар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигидан молия бўлими фаолиятини текширишни сўрашган.
