Шимбулоқда қозоқ тилини билишни истамаган кафе ходими ишдан бўшатилди
Олмаотадаги машҳур «Шимбулоқ» тоғ-курортида жойлашган Gusto кафесида тил масаласи билан боғлиқ йирик можаро келиб чиқди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода кафе ходимаси мижозга давлат тилида хизмат кўрсатишдан бош тортгани акс этган. Ходима ўз позициясини қуйидагича тушунтирган:
«Мен СССРда туғилганман, қозоқ тилини билишга мажбур эмасман».
«Бу мамлакат Қозоғистон дея номланган. Сиз унинг тилини билишга мажбурсиз» дея мижоз ундан охирги бор талаб қилади.
«Мен сизнинг тилингизни ўрганишга мажбур эмасман» дея кафе ходими мижозидан узоқлашади.
Бу гаплар қозоғистонлик фойдаланувчиларнинг кескин эътирозига сабаб бўлди. Видео тез фурсатда вируслашиб, жамоатчилик ўртасида катта муҳокамаларга йўл очди.
Бир сутка ичида кафенинг Instagram саҳифасида 30 мингдан ортиқ норозилик изоҳлари қолдирилди.
Кафе раҳбарияти вазиятга тезкор муносабат билдириб, ушбу ходима билан меҳнат шартномаси бекор қилинганини маълум қилди.
Муассаса ўз мижозларидан узр сўраб, давлат тилига ва миллий қадриятларга ҳурмат билан ёндашишини таъкидлади.
