«Водийда ўлиш тақиқланган» – 9 қисм
Муҳаммад Солиҳ
ИККИНЧИ МАРТА ЭЪЛОН ЭТИЛГАН МУСТАҚИЛЛИК
Ислом Каримов бошчилигидаги руспараст коммунистлар ЭРК партияси талабини қабул қилиб, 29 август куни Олий Кенгаш сессиясида Ўзбекистоннинг мустақиллигини иккинчи марта эълон қилишга мажбур бўлди.
Бундан ташқари «ЭРК» партиясининг икки йил олдин берган расмий рўйхатга олиниш хусусидаги аризаси Адлия вазирлиги тарафидан қабул қилинди ва партия расмий мақомга эришди.
Тасаввур қилинг, «Мустақиллик Декларацияси«ни Совет жумҳурияти Олий Кенгашига қабул қилдирган сиёсий партия бу тарихий воқеадан қарийиб бир ярим йил сўнгра расмий рўйхатдан ўта олди. Агар Янаев хунтаси мағлубиятга учрамаса эди, Каримов Ўзбекистоннинг Совет Иттифоқидан чиқишига асло йўл қўймасди, табиийки, Ўзбекистон тарихида илк миллий партия бўлган ЭРК ҳам асло рўйхатдан ўтмасди.
ЎЗБЕКИСТОН ОЛИЙ КЕНГАШИНИНГ 7-СЕССИЯСИ
1991 йил 30 сентябрда Ўзбекистон Олий Кенгашининг 7сессияси бўлиб ўтди.
Бир муттаҳам гуруҳ бугун 30 йил аввал ўтган бу сессия ҳақида турли ёлғонлар билан тарихни ўз бўёғига бўяб кўрсатишга уринмоқда.
Хусусан, Ислом Каримовни ағдармоқчи бўлган гуруҳга кирган «иккинчи нав» югурдак гуруҳи ўзларини бу амалга ошмаган тўнтаришининг марказий фигураси сифатида кўрсатишга уриниб, у даврни билмаган, кўрмаган инсонларни чалғитишмоқда.
Бу воқеанинг бир гувоҳи сифатида гапни бошдан бошлайин.
Мен у пайтда ўша Олий кенгашнинг депутати эдим.
Таҳлилини қилмоқчи бўлаётганимиз 7-сессия 1991 йил 30 сентябрда иш бошлади.
Мен сессия бошланмасдан бир кун олдин, оқшом пайти Москвадан қайтиб келдим.
Уйга келганимда телефон бўлди. Гўшакни олдим, “ЭРК ”аъзоси депутат Самандар Қўқонов эди. «Устоз(биз бир-биримини шундай чақирардик) эртага жангга таёрмисиз?”, деб сўради. Мен «биласиз, мен доим тайёрман» дедим.
Ўша кеча депутатларга берилаётган зиёфатга бордим. У зиёфатда ҳеч ким мен билан гаплашгани йўқ, кўп ўтирмадим, емак еб бўлингандан сўнгра дарров кетдим. (Зиёфатларда узоқ ўтиришни севмаганимни дўстларим билишади).
Эрталаб сессияга вақтида бордим.
Депутатларда бир кўтаринкилик бор эди, аммо сабабини менга ҳеч ким айтмади.
Ҳамма бир-бири билан шивир-шивир гаплашар, аммо бунинг сабабини англамасдим.
Ва ҳатто депутат Шуҳрат Нусратов минбарга чиқиб, бирдан Каримовнинг истеъфосини талаб қила бошлаганда ҳам ҳеч нарсани тушунмадим.
Фақат жуда ҳайратландим. Нима бўлаётганини англамадим.
Чунки бу Шуҳрат Нусратов мен сессияларда чиқиб, Каримовни танқид қилганимда, оёқлари билан ерни тепиб, менинг гапимни бўлишга интиладиган ва бошқа депутатларни ҳам шу акцияга чорлаган бир тошкентлик депутат эди. Энди бу одам худди радикал бир “ЭРК”чи каби Каримовни танқид қилаётганини ақлимга сиғдиролмадим. Ундан кейин яна бир-икки депутат чиқиб Каримовга ҳужум килди. Мен бунга севиндим, албатта. Аммо ҳали ҳам нима бўлаётганини тушунмасдим.
Кейин менга сўз текканида айнан шуни айтдим: «Қуёш қаердан чиқаяпти, бу не синоат? Мен ўтган сессияларда Каримовни танқид қилсам, норозилик билдириб, бошқа дўстларини ҳам менга қарши ер тепкилашга ундаган одам бугун ўзи Каримовни танқид қилаяпти, ажойиб! Аммо булар менга қарши ер тепганда нақадар носамимий бўлсалар, яъни ўз иродалари билан ер тепмаган бўлсалар, бугун уларнинг Каримовга қилаётган танқиди ҳам шу қадар носамимийдир», дедим.
Ва Қашқадарё мелисасининг у ердаги “ЭРК”чиларга қилаётган зулмини айтиб, тўғридан Каримовни танқид қила бошладим.
Бу сессияда қилган бутун акциям шундан иборат.
Кейин Шукрулла Мирсаидов чиқди минбарга. У «Менга мансаб керакмайди, тиз чўкиб яшагандан тик туриб ўлган яхши», деб тушиб кетди.
Шунда ҳам мен бу «томоша»ни тушунмадим.
Кейин танаффусда менинг ёнимга илк Самандар Қўқонов келди ва ҳамма нарсани тушунтирди.
Бир гуруҳ Каримовни ағдариш режасини тузган экан…Мендан яширдингизларми, десам, Қўқонов, «йўқ, мен айтмоқчи эдим, аммо телефон тинглангани учун айтмадим», деди.
Шундай қилиб, бу режа амалга ошмади.
Бунинг нимага амалга ошмаганини депутат Жаҳонгир Маматов “Озодлик” радиосининг 2016 йил 1 май куни эфирга берилган «Қурултой» программасида шундай англатади:
«Мирсаидов билан ҳар бир деталларигача гаплашганман. Сессиядан бир кун олдин Каримов Мирсаидовга эрталабгача кўз ёши қилган. «Кел, ҳокимиятни бирга бошқарамиз, бирга юритайлик, қўй шуни», деган. Мирсаидов, «жонимга тегиб кетди, эркак кишининг тиз чўкиб яшагандан кўра тик туриб ўлгани яхши эканлигини кўрсатаман», дедим. Ўшанда Шукур ака туриб беролмадилар, деб биз ҳам айтамиз. Агар ўша Шукур ака минбардан туриб, «бу жинни-ку, бу президент эмас, буни ағдаришимиз керак, деганда одамлар оёққа туриб қарсак чаладиган ҳолат эди.
Шукур ака туриб беролмади».
Кейин, ўрганган кўнгил ўлганда қўймас дегандай, секин катта ёлғон ҳам қўшиб қўяди:
«Самандар ака Муҳаммад Солиҳга бу режани айтган, аммо Муҳаммад Солиҳ “Дўстлик” саройига зиёфатга борган, у ерда Эркин Воҳидов, Аҳмадали Асқаров бўлган, Каримов уларни Москва уни ағдаришни истаётганига ишонтириб чиққан«.
Маматов ёлғонни киприк қоқмасдан сўйлаш қобилиятига эга.
2017 йилда, Самандар Қўқонов қамоқдан чиққандан кейин у билан журналист М.Эшонкулова бир суҳбат қилди. Эшонқулова 7сессия ҳақда сўрар экан, «М.Солиҳ билармиди Каримовни ағдариш режасини?» деб тўғри сўради. Қўқонов «йўқ, у чет элда эди, билмасди» деди, «унга айтдим, биларди» демади. Самандар Қўқонов ҳали ҳаётда, муттаҳамларнинг ёлғонини яна бир марта ўртага чиқариши мумкин.
Юқорида ҳам айтдим, зиёфатда нафақат Каримов, ҳеч ким билан суҳбатлашганим йўқ. Саломлашган бўлишим мумкин, аммо ҳеч ким билан суҳбатлашмадим. Суҳбатлашганда ҳам Каримов менга, ўзининг бош душманига «эртага мени ағдаришмоқчи, мени қутқаринг» дермиди? Ва шундай деганда мен ҳам чиқиб уни қутқарармидим?

Ж. Маматов «Каримовни тўнтариш» режаланган куни Шуҳрат Нусратов ва бошқа нотиқлардан илҳомланиб, энг муҳими Мирсаидовнинг ҳокимиятга келишига қаттиқ ишонганидан минбарга чиқди. Ва минбардан «Ўзбекистон Каримовнинг онасининг мулки эмас» деган жумлани айтишга журъат қилди. Энди бу допингли видеосини 20 йилдан бери халққа реклама қилади. Бу авом халқ ҳам «Хўш, бу гапни айтиб бўлгандан кейин, нима бўлди, деб сўрамайди Маматовдан.
Ҳолбуки, кейин шундай бўлди: “Каримовни тўнтариш” режаси барбод бўлгач, Маматов ўша Каримов олдига бориб, ундан йиғлаб узр сўради. Бу шармандалик эвазига Президент саройида маслаҳатчи лавозимини эгаллади.
Кейин у диктаторга яна бир марта ёлворди ва дарҳол мансабда юксалди: Ўзбекистон Радио-ТВ қўмитасига раис ўринбосари этиб тайинланди.
Орадан бир ой (балки кўпрок) ўтгач, Маматов кутилмаганда ишдан бўшатилди. Бунинг сабабини у «ўзгача фикрим учун жазоландим» деб изоҳлади. Бироқ бу ишда порахўрлик бор эди: Милиция депутат Шукрулла Мирсаидов гуруҳининг чет эл матолари билан тўла юк машинасини қўлга олган эди. Мирсаидов одамлари бу ҳақдаги хабарнинг ТВда ёйинланмаслиги учун Маматовага пора беришди. Ва хабар ёйинланмади. Буни ўрганган Ислом Каримов Ж. Маматовни ишдан бўшатди.
Ҳақиқат бу.
Энди ўша коммунист сарқитлари тарихни қайта ёзишга ҳаракат қилмоқда. Буни мамлакатда Каримов режими, чет элда эса мухолиф ниқобидаги коммунистлар қиляпти.
Булар “7-сессияда Муҳаммад Солиҳ Каримовни сақлаб қолди”, дейишгача, Мирсаидовни қўрқишга мажбур қилган одам Муҳаммад Солиҳ, Ўзбекистонни бу аҳволга солган Каримов эмас, яна ўша Муҳаммад Солиҳ”, дейишгача борадиган юзсиз ёлғончидирлар.
Коммунистлар қора ерга кўмилмагунча ўлкамизда ёлғон ҳақиқат ҳисобланишда давом этади.

ХАЛҚДАН ЖАВОБ
Аслида, 90-йил бошларига келиб, Ислом Каримов ва унинг тўдасининг изма-из қилган хиёнатларидан кейин коммунистларнинг халққа дўст бўлмаслиги ошкор бўлганди. Ва сиёсий жиҳатдан уйғонган ўзбек халқи 1991 йил декабр ойида ўтказилган Президентлик сайловларида ўз овозини «ЭРК» партияси номзодига беришга тайёр эди. Чунки бу ташкилот тузилганига уч ой тўлмасдан «Мустақиллик Декларацияси»ни Советлар қурган Олий Кенгашда тасдиқлатиш ғайрати ва жасоратини кўрсатган ташкилот эди. У халқнинг бошига қора кун тушганида, Москва хунтасига қарши чиқиб, ўлкасининг истиқлолини ҳимоя қилган биттаю битта ташкилот эди. Булар ҳаммаси «ЭРК» партиясининг қисқа муддат ичида қўлга киритган муҳим ғалабалари эди.

Ниҳоят, халкдан келаётган дастакни кўргани учун ҳукумат ЭРК партиясини 1991 йил сентябр ойида расмий рўйхатга олишга мажбур бўлди.
(давоми бор)
