Она ва бола молхонада беш ой қийноққа солинди
Сурхондарё вилоятининг Узун туманида жамиятни ларзага солувчи зўравонлик ҳолати аниқланди. Элтузга келган маълумотларга кўра, аёл беш ой давомида эри, қайнонaси ва қайнисинглиси томонидан шафқатсизларча калтакланган, ҳақоратланган ва уйнинг молхонасида боғлаб қўйилган.
Аёл оёқ-қўлларидан боғланиб, сомонхонада оч қолдирилган. Унга на овқат, на сув берилган.
Зўравонлик қурбони бўлган аёл шу ҳолатда ҳомиладорликни ўтказиб, сомонхонада бола туғишга мажбур бўлган. Бола уч ойдан ошган бўлса-да, ҳанузча фуқаролик қайдномаларида йўқ.
Қўшнилар эса ҳолатдан хабар топиб, бир неча ойдан сўнггина ички ишлар идораларига мурожаат қилишган.
Шифокорларнинг айтишича, бола узоқ вақт овқат ва сувсиз қолгани учун оғир аҳволда. Онанинг ҳам соғлиғи кескин ёмонлашган, у шифохонада кўрган ҳар бир одамдан «Илтимос, урманг» деб ёлворган.
Жамоатчилик бу разилликка кўз юмиб бўлмаслигини таъкидламоқда. Адолатли жавобгарлик ва қаттиқ жазо талаб этилмоқда.
Ушбу фожеа кимсасиз, ёрдамсиз инсонлар тақдири қай даражада хавф остида эканини яна бир бор кўрсатди.
Бу жиноятга жавобсизлик — жамият учун янада катта фожеа бўлади. Элтуз Ўзбекистонда гендер тенгсизлиги, аёллар ва болаларга зўровонлик ҳолатларини ёритишда давом этади. Каналимизга обуна бўлинг. Видео юзасидан изоҳ қолдиринг.